Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:47

Нақд пул тақчиллиги боис пенсия бериш кечикмоқда


Ўзбекистон почта бўлимларида пенсионерларнинг пенсия олиш учун навбатлар пайдо бўлиши одатий ҳолга айланди.
Ўзбекистон почта бўлимларида пенсионерларнинг пенсия олиш учун навбатлар пайдо бўлиши одатий ҳолга айланди.

Ой тугаб бораётганига қарамасдан Тошкент шаҳри туманларида пенсионерларнинг ярмидан кўпи пенсиясини ололмаяпти. Қариялар почта бўлимларига тонг отмасдан навбат олмоқдалар. Расмийлар бунинг сабабини, банклар почталарни нақд пул билан таъминлай олмаётгани билан изоҳламоқда.

Ой тугаб бораётганига қарамасдан Тошкент шаҳри туманларида пенсионерларнинг ярмидан кўпи пенсиясини ололмаяпти. Қариялар почта бўлимларига тонг отмасдан навбат олмоқдалар. Расмийлар бунинг сабабини, банклар почталарни нақд пул билан таъминлай олмаётгани билан изоҳламоқда.

Тошкент шаҳридаги бир қанча туманларнинг почта бўлимлари олдида ҳар куни 100-200 кишилик турнақатор навбат пайдо бўлди.

5 январдан буён пенсиясини ололмаётган қариялар почта бўлимларига тонг отмасдан бориб навбатга турмоқда.

Олмазор туманида истиқомат қиладиган Гулнора Оқилованинг Озодликка айтишича, у ҳам 15 кундан буён пенсиясини ололмаган:

- Пенсиямизни умуман вақтида ололмаяпмиз. Мана бир ҳафтадан буён 19-почтанинг олдида жанжал бўлиб ётибди. Биласизми, тонг отмасдан, соат 3 дан бориб навбат олишаяпти. Озгина одамга пул берадида, кейин пул тамом, дейди. Президентнинг кексаларни эъзозлаш йили дегани ана шундай ур-тўполон билан бошланди, дейди Гулнора Оқилова.

Ўзини Олмазор туманидаги 19-почта мудираси Барно деб таништирган мулозим пенсиялар берилиши кечикаётганини тасдиқлади:

- Пенсионерларнинг шикоятларида жон бор. Пенсия беришни 9 январда бошлаганмиз. Бизга пулни кам олиб келишаяпти, шунинг учун ҳаммага етмаяпти. Озгина пул олиб келишса¸ биз нима қилайлик. Иложи бўлса сизлар шу масалани ҳал қилишда ёрдам беринглар, деди почта мулозими.

Ўзбекистон почтаси акциядорлик жамияти Тошкент почтамти филиалининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги пенсия таъминоти вазиятини тушунтириб берди:

- Бугун, 22 январь куни Олмазор туманидаги пенсия таъминоти 45 фоиз бўлди. Бу дегани 100 та пенсионердан 45 таси олди, холос. Аслида бугунги вазиятда камида 85 фоиз пенсионерлар пенсиясини олиб бўлиши керак эди. Бошида ўзи Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириш кечикди. Одатда 3-числода молиялаштириб бўлиниши керак эди. 7 январда молиялаштирилди. Кейин нақд пул берилиши тобора камайиб, бугунги аҳволга келиб қолди. Олмазор туманига 13 та банкдан пул оламиз. Мана шу бугунги ҳолатда ҳам 7 та банкда пул йўқ. Шайхонтоҳур туманида эса аҳвол бундан ҳам ёмон. У ерда 41 фоиз пенсионер пулини ололди, холос, деди Тошкент почтамти мулозими.

Тошкентнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи пенсионер Абдуманнон Холжўраев ўзи яшайдиган туманда ҳам пенсия таъминоти бўйича вазият шундай эканлигини таъкидлар экан, энди фақат пенсияга яшайдиган кексалар озиқ-овқатни дўконлардан қарзга олаётганини айтди:

- Бизда ҳам пенсиялар ўн кунга кечикяпти. Почталар олдида тумонат одам йиғилаяпти. Энг қийини пенсияга кун кўрадиган қарияларга бўлди. Улар пенсиясини ҳар доим оладиган кунига қараб сарфлашни режлаштиради. Энди эса мен билан кўпчилик песионерлар маҳалларидаги дўконлардан озиқ-овқатни қарзга олаяпти. Улар кексаларни эъзозлаш йилида бу ҳурмат учун президентга раҳматлар айтаяпти, деди Абдуманнон Холжўраев.

Ўзбекистон Марказий Банкининг ўзининг таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда нақд пул тақчиллигини тасдиқлар экан, бунинг асосий сабабини муомалага чиқарилган пул банкларга қайтиб тушмаётгани билан изоҳлади:

“Агар биз ҳозир ойлигимни ололмаяпман, пенсиямни ололмаяпман деганлар учун пулни печат қилиб ташлайверсак¸ бу ёғи нима бўлади? Нарх-наволар нима бўлади? Нақд пул одамларнинг маоши, пенсияси, талабаларнинг стипендияси ва ишлаб чиқаришга қараб ҳисоб-китоб қилиб чиқарилади. Мамлакат иқтисоди учун етарли нақд пул чиқарилган. Фақат ўша пул одамларнинг қўлида, банкларга қайтиб тушмаяпти. Шунинг учун шу муаммо келиб чиқмоқда”, деди банк мулозими.

XS
SM
MD
LG