Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:14

Медиамагнат қайтди: MY5 Андижондаги телеканал эфирини эгаллади


Яқинда иш бошлаган MY5 телеканали Андижондаги "Водий садоси" Ёшлар телерадиокомпанияси эфирини эгаллаши ортидан 20дан ортиқ маҳаллий журналист ва техник ходим ишсиз қолди. Айни пайтда янги "Mening yurtim" - MY5 телеканалининг медиамагнат Фирдавс Абдухолиқовга тегишли кўрилган собиқ НТТ ва ТВ-Марказ базасида очилгани иддао қилинмоқда.

MY5 телеканалини деб андижонлик журналистлар ишсиз қолди

Фарғона водийсида 1991 йилда иш бошлаган илк нодавлат телеканал - "Водий садоси" Ёшлар телерадиокомпаниясининг 20 дан ортиқ журналисти асоссиз равишда ишдан бўшатилганидан шикоят қилмоқда.

Озодликка келган шикоятда айтилишича, MY5 телеканали раҳбарияти "Водий садоси" ЁТРК раҳбарияти билан январь ойи бошида шартнома имзолаган ва натижада, қарийб 25 йилдан эфирга берилаётган маҳаллий телеканал эфирини шу ой ўрталаридан янги телеканал кўрсатувлари эгаллаган:

"Бизни ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз, қишнинг кунида бошқа иш топишимизни айтиб ишдан бўшатишди. Биз йиллар давомида телерадиокомпания билан бирга бўлдик. Айрим сабабларга кўра ёпилиб, эфир тўхтатилганда ҳам, ойлик маош беролмай қолган кунларида ҳам ишхонамизни қўллаб-қувватлаб келганмиз. Энди эса бизни кераксиз буюмдай кўчага улоқтиришди", дейилади Озодликка келган шикоят мактубида.

Шунингдек, 20 йиллик ишчини ишдан олган "Водий садоси" ЁТРК маъмурияти ходимларини на молиявий, на маънавий жиҳатдан қўллаганидан арз қилинмоқда.

Озодлик бу шикоят ортидан "Водий садоси" ЁТРК раиси Шуҳрат Аҳмедовдан изоҳ олишга уринмоқда, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Компанияга яқин манбанинг айтишича, бу гап тўғри ва ҳозир маҳаллий ТВнинг ишда қолган бир неча ходими фақатгина Андижон ҳамда Фарғона водийсидаги ширкатлардан тушган рекаламани эфирда пуллаш билан шуғулланмоқда.

Зеро, ЁТРК водийдаги илк нодавлат телевидение сифатида каттагина аудторияга эга ва реклама бу каналанинг асосий даромад манбаидир.

Андижонлик манба исми сир қолиши шарти билан айтишича, айнан шу боис, НАЭСМИ ташкилоти янги иш бошлаган MY5 канали кўрсатувларини аудиторияси катта бўлган "Водий садоси" ЁТРК эфиридан узатишга қарор қилган.

MY5 телеканалида собиқ НТТ, ТВ-Марказчилар ишлаяпти

Андижонлик журналистлардан бири MY5 телеканалида ўтган йили эфирдан олиб ташланган НТТ ва ТВ-Марказ журналистлари ишлаётганини айтмоқда.

Унинг хулосасича, маҳаллий журналистлар айрилган телеэфирни ҳозир янги номда эфирга қайтган телеканалнинг пойтахтдаги эски ходимлари тўлдирмоқда:

"Bu ish 2014 yil oxirlarida MY 5 telekanali ishga tushishi arafasida boshlandi. Ma'lumki MY5 (ntt va tv-markaz) o'zining yagona chastotasiga ega emas. Shuning uchun tazyiq bilan viloyatlardagi kanallardan foydalanmoqda. 30 nafar atrofida "Vodiy sadosi" xodimlari bo'lsa Andijonda ishlaydiganlar shundan 15-20 nafari out. NAESMI viloyatlardagi nodavlat teleradiolarga litsenziya berish, umuman olganda faoliyat ko'rsatishi uchun katta rol o'ynaydi", дея саволларга ёзма жавоб берди андижонлик журналист.

Тошкентлик телетомошабинлардан бири водийлик журналист фикрини қувватлар экан, мисол тариқасида бир вақтлар ТВ-Марказнинг энг олд кўрсатувларидан бири бўлган "Дийдор ширин" кўрсатувининг янги телеканалда тақдим этилаётганини тилга олди.

Шунингдек, Тошкентдаги манбалар янги телеканал техник базаси ҳам ўтган йили эфирдан олинган нодавлат ташкилотларга тегишли эканини иддао қилмоқда.

MY5 телеканали илк бор 12 ноябрь куни эфирга узатилган, декабрь ойидан эса тўлиқ эфирга чиқишни бошлади. Янги нодавлат телеканал муассислари сифатида расман Ёшлар маданият ва санъат маркази, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон ЭОАВМА (НАЭСМИ) ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси келтирилади.

MY5нинг "билвосита эгаси Фирдавс Абдухолиқовдир"

Озодликка Тошкентдаги бир неча манбадан келган норасмий маълумотда иддао қилинишича, ҳозир Тошкент шаҳри, вилояти ва Фарғона водийсида эфирга берилаётган MY5 каналининг "билвосита эгаси Фирдавс Абдухолиқовдир".

Бунга биринчи далил сифатида ўтган йили эфирдан олинган НТТ, ТВ-Марказ каби каналларининг ижодий ва техник ходимларининг аксарияти MY5 телеканалида ишлаётгани келтирилди.

Бундан ташқари, тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташановнинг медиамагнатга яқин манбаларга таяниб айтишича, янги телеканалнинг молиявий ҳисоб-китобига масъул шахс ҳам айнан удир.

- Менда бир неча мустақил манбалардан йиғилган маълумотларда янги "Mening yurtim" телеканали ва ундан келаётган даромадларга эгалик қилаётган шахс, айнан, ўша медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов экани айтилмоқда. Ўтган йили бу шахс ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушган, ҳатто, қисқа муддат ҳибсга олингани ҳақида аниқ маълумотлар бор эди. Аммо, бу ишлар ёпилган ва бунинг сабаблари бизга қоронғу, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Гулнора-ТВ ўчирилди, Фирдавс-ТВ яна "эфирда"

2013 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистондаги қатор нодавлат телеканаллар - Форум ТВ, ТВ-Марказ, НТТ ва SOFTS телеканаллари бир пайтда ёпилди. 31 октябрь куни эса Фирдавс Абдухолиқов асос солган СТВ канали ҳам эфирдан узилди.

Бу телеканалларнинг барчаси Ўзбекистондаги медиа бозорни тўлиқ назоратига олган НЭОАВМА - Нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари миллий асоциацияси орқали унинг раҳбари Фирдавс Абдухолиқовга ҳисоб берар эди.

Унинг эса бу телеканалларнинг саҳна ортидаги асл эгаси экани айтилган президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ҳисоб бериши ва медиа соҳасида унинг асосий бошқарувчиларидан бири экани иддао қилинар эди.

2013-2014 йиллар давомида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ хизмати томонидан Гулнора Каримова асос солган бизнес империя, хусусан, нодавлат телеканаллар фаолияти ҳам тўлиқ тўхтатилди, бунинг ортидан бир қатор масъуллар, шу жумладан, Г. Каримованинг ўзига ҳам жиноят иши очилгани расман эълон қилинди.

Ўша кезда норасмий манбалар медиамагнат Фирдавс Абдухолиқовнинг ҳам ҳибсга олинганини иддао қилган эди.

- Бугун кўриб турибмизки, Гулнора Каримовани олиб кетган бу тўлқиндан Фирдавс Абдухолиқов омон чиққан ва ўз фаолиятини яна давом эттирмоқда, дейиш мумкин, - дея хулоса қилади тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:28 0:00
Бевосита линк

Фирдавс Абдуҳолиқов 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Бундан ташқари, 2008 йиллардан бошлаб у Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова етакчилигида бўлган ва 2013 йилнинг охирида ёпилган FondForum ташкилоти тадбирларида ҳам фаол иштирок этган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида бўлган.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги илк кўнгилочар газета ҳисобланган ва жуда катта тиражда чоп этилган "Даракчи" газетаси, бу газета ва яна бир неча кўнгил очар нашрларни чоп эттираётган "Даракчи" ижод уйининг ҳам Абдуҳолиқовга тегишли экани айтилади.

XS
SM
MD
LG