Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:21

Хориждан жўнатилган посилкалар божи тўланмаса, мусодара қилинади


Хусусий почта-курьер хизматлари орқали Ўзбекистонга жўнатилган ва бир ойдан ошиқ вақт давомида божхона омборларида ушлаб турилган посилкаларга 100 фоизлик бож тўланмаса, товарлар кимошди савдосига қўйилади. Божхоначиларга кўра, 6 февралдан бошлаб божхона омборларидаги посилкаларга пеня ҳам солинади. Декабрь ойи охирида минглаб ўзбекистонликнинг хориждан жўнатилган посилкалари олдиндан огоҳлантирмасдан омборларга қулфланиб, янги тартиб жорий қилинган эди.

Озодлик суҳбатлашган божхона ходимларига кўра, 5 январдан жорий қилинган янги тартиб боис хориждан жўнатилиб, божхона омборларида ушлаб турилган посилкалар фақат бож тўлови тўланмаган тақдирда давлат фойдасига мусодара қилиниши мумкин:

“Ўша пайтда янги тартибни йўлга қўйиш учун посилкаларни ушлаб қолгандик. Аллақачон уларни олиб чиқишга рухсат берилган. Лекин кўпчилик 100 фоизлик бож тўлови қўйилгани учун товарларини олиб кетмаяпти. Товар эгаси аввал огоҳлантирилади. Берилган муддат ўтгач, товарларга пеня белгиланиши мумкин. Кейин иш судга оширилиб, суд қарори билан товарлар давлат фойдасига оширилади. Кейинчалик кимошди савдосида сотилиши мумкин”, деди Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг исмини очиқламаётганимиз мутахасиси.

Ўтган йилнинг 25 декабридан бошлаб қарийб икки ҳафта давомида хориждан жўнатилган посилкалар эгаларига берилмасдан, божхона омборларида ушлаб қолинди.

Божхона қўмитаси мутахасиси омборларда ушлаб турилган посилкаларнинг бир неча юз тонна экани ва улар минглаб ўзбекистонликка тегишли эканини айтди, бироқ бу борадаги аниқ маълумотни очиқламади.

Uzmetronom.com сайти хабарига кўра, божхона омборларида ушлаб турилган посилка эгалари Давлат Божхона қўмитаси ва Адлия вазирлигига шикоят хати билан мурожаат қилган.

Хат муаллифлари янги тартиб борасида олдиндан огоҳлантирилмасдан посилкалар ушлаб қолинганига норозилик билдириб, ҳозирда посилканинг бож тўловига тахминан 130 фоизлик ҳақ талаб қилинаётганидан шикоят қилишган:

“Божхона ходимлари ўзаро суҳбатда товарларни тезроқ олиб чиқишни айтишди. Акс ҳолда 6 февралдан бошлаб, товарлар сақлаб турилгани учун пеня ҳисобланар экан. Биз ҳаммамиз стресс ҳолатидамиз, 500 долларлик товарнинг бож тўлови 600-700 долларга тушаяпти” дейилади посилка эгаларининг Uzmetronom.com сайтида эълон қилинган мактубида.

Озодлик суҳбатлашган божхона мутахасиси омборларда ушлаб турилган посилкалар тақдирини ҳал қилишнинг учта йўли борлиги ва товар эгалари улардан бирини танлаш имконига эгалигини айтди:

“Биз товар дарров давлат фойдасига мусодара қилинади, демаяпмиз. Учта йўли бор: биринчиси, товарнинг қонунда белгиланган 100 фоизлик бож тўловини тўлаб, товарни олиш; Иккинчиси, товарни қаердан жўнатилган бўлса, ўша ерга қайтариш; Кейин давлат почтаси орқали Ўзбекистон Почтасига жўнатса, бож тўловини тўламайди. Энг охиргиси, бу айтилган иккита вариант ҳам танланмаса, белгиланган муддат ўтгач, товар давлат фойдасига мусодара қилинади”, деди Божхона қўмитасининг исмини очиқламаётганимиз мутахасиси.

Ўзбек божгирлари хориждан жўнатилган посилкаларнинг ушлаб қолинишини Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси томонидан жорий қилинган янги тартиб билан изоҳлаб келишади.

Божхона қўмитасининг 5 январь кунги буйруғи билан мамлакатга хусусий почта-курьер хизматлари орқали олиб келинаëтган маҳсулотларга товар нархининг 100 фоизи миқдорида бож солиғи жорий қилинди.

Эндиликда 1000 АҚШ долларигача бўлган товарлар фақатгина Ўзбекистон Почтаси давлат ширкати орқали жўнатилсагина, божхона тўловидан озод қилинади.

Ўзбекистон ҳудудига хориждан юборилган ëки Интернет орқали сотиб олинган товарларни ташиб келган 24 та хусусий почта-курьер ширкат Вазирлар Маҳкамасига шикоят билан мурожаат қилиб, Божхона қўмитасининг янги тартиби монополияга қарши миллий қонунчиликни қўпол равишда бузиш эканини таъкидлашди.

Ўзбекистонга почта-курьерлик жўнатмалари юбориш билан шуғулланиб келган элликка яқин хусусий ширкат кичик хизмат ҳақи эвазига¸ умумий қиймати 1000 доллардан ошмаган молларни божхона солиғисиз эгасига қисқа муддат ичида етказиб бераётган эди.

Эндиликда бу имтиëзнинг фақат "Ўзбекистон Почтаси"да қолдирилиши¸ 51 фоиз акцияси ҳукуматга қарашли бўлган бу ҳиссадорлик жамиятини почта хизматидаги ягона монополистга айлантиради.

“Ўзбекистон Почтаси” очиқ акционерлик жамияти акцияларининг 35 фоизи 2007 йилда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор Finex компанияси томонидан сотиб олинган.

Хориждан жўнатилган посилкалар божи тўланмаса, мусодара қилинади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG