Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:53

Хоразмлик қирқ диндор 159-модда билан айбланмоқда


Хоразм вилоятининг Ҳазарасп туманида конституциявий тузумга тажовузда айбланган 11 диндор устидан очилган жиноят иши судга оширилди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, вилоятнинг Хива, Шовот, Гурлан ва Боғот туманларида яна 30 га яқин диндор диний-сиёсий мотивдаги айбловлар асосида тергов қилинмоқда.

Ҳазарасп тумани Саноат қишлоғи Оталиқ маҳалласида яшовчи 11 нафар намозхонга нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов якунланди. Маҳкама мажлиси 6 февралдан бошланиши кутилмоқда.

Судланувчилардан бири 53 яшар Аҳмад Давлатов ўтган йилнинг 27 ноябрь куни ҳибсга олинган.

Ҳозир Аҳмад Давлатов билан бирга яна саккиз судланувчи - Юсуфбой Каримов, Равшанбек Жуманиёзов, Алимбой Отажонов, Алишер Абдиримов, Музаффар Матчонов, Ҳакимбек Матёқубов, Илҳом Бобожонов ва Азамат Абдиримов Урганч шаҳридаги ҳибсхонада ушлаб турилибди. Икки судланувчи Эркинбой Жуманиёзов ва Нодирбек Абдуллаев ҳозирча очиқда қолдирилган.

Судланувчиларнинг яқинлари Озодликка айтишича, маҳкамага тортилган 11 йигитнинг ҳаммаси намозхон бўлиб, улар Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) бўйича айбланмоқда.

Ҳазарасплик 11 диндорнинг жиноят иши билан танишган “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, уларнинг аксари Россияга ишлашга бориб келганлардир.

- Судланувчилар оддий тадбиркорлар. Уларнинг орасида Россияда ишлаб келганлари ҳам бор. Шу йигитларнинг яқинлари “туҳмат асосида яқинларимиз қамалди”, деб бизнинг “Нажот” ташкилотига келишди. Улар айблов хулосасида келтирилган ҳамма айбловни туҳмат деб ҳисоблаяпти, - деди Ҳайитбой Ёқубов.

Ҳозирча Озодлик судланувчиларнинг айнан қайси диний гуруҳга аъзоликда айбланаётганини аниқлашга муваффақ бўлмади.

“Нажот” ташкилоти ўтказган мониторинг натижасида Хоразмнинг яна тўртта туманида намозхон йигитлар терговга тортилгани аниқланган:

- Бундан ташқари, Хива тумани, Гурлан, Шовот ва Боғот туманида диндорлар иши кўрилаяпти. Менга маълум бўлгани, ўттизга яқин кишининг иши суриштирув-тергов органларида кўрилмоқда, - деди Ҳайитбой Ёқубов.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 январь куни Шовот тумани Қиёт қишлоғи Идали Қалъа маҳалласида яшовчи 29 яшар Воҳид Ваисов иши маҳкамага оширилди.

Судланувчи Ваисов “Жиҳодчилар” диний радикал оқими ғояларини ҳимоя қилиш мақсадида Сурияга ҳижрат қилиш ва жангари гуруҳларга қўшилишни режалаганликда айбланмоқда.

Агар судда Ваисовга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар исботини топса, у 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

12 январь куни эса Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди хонқалик 42 яшар Шерназар Норбоев, 31 ёшли Базиргон Сафаев, 30 ёшли Дилмурод Ўринов ва 27 ёшли Алишер Сайфуллаевларни конституциявий тузумига тажовуз қилиш, тақиқланган диний экстремистик ташкилот тузиш ва ноқонуний диний адабиётларни тарқатганликда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига саккиз йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубовга кўра, диндорларнинг бу таҳлит оммавий қамалаши Хоразмда бундан 15 йил аввал кузатилган:

- 1997 йилдан 2000 йилгача шундай ҳолат бўлганди. Шуларнинг ичида кўпчилиги диндор одамлар эди. Ҳозир шулардан 23 одамнинг қамоқ муддати тугаган бўлса ҳам, уйларига келмаган, - деди Ҳайитбой Ёқубов.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам диндорлар билан боғлиқ бир нечта маҳкама давом этмоқда.

Тошкентдаги Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, ўтган йили 142 нафар ўзбекистонлик диний мотивлар бўйича қамалган. Шулардан 14 нафари аёллардир.

Хоразмлик қирқ диндор 159-модда билан айбланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:53 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG