Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:37

Ўшда ЎИҲнинг жиҳодга тайёрланаётган аъзоси қўлга олинди


Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Карачи аэропортига ҳужум уюштиргани иддао қилинаëтган 10 нафар худкуш аъзоси.
Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Карачи аэропортига ҳужум уюштиргани иддао қилинаëтган 10 нафар худкуш аъзоси.

Ўш шаҳар милицияси томонидан қўлга олинган 26 ёшли шахс “Ўзбекистон исломий ҳаракати” аъзоси экани иддао қилинмоқда. Унинг уйи тинтув қилинганида “Иж-27” ва “Reck” русумидаги қуроллар, ўқ –дорилар топилган. Тергов давомида қўлга олинган шахс қуролларни “жиҳодга тайёргарлик кўриш” мақсадида сотиб олганини айтган:

-Қуролларни Қирғизистонда жиҳод бўлиб қолса ишлатаман, деган мақсадда сотиб олдим. Жиҳод дегани нафс билан курашиш ва кофирларга қарши уруш қилишдир, -деб гапирган милиция томонидан журналистларга тақдим қилинган аудиоёзувда гумонланувчи.

Мазкур шахс сўнгги ўн кун ичида “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га алоқадорликда гумонланиб Ўшда қўлга олинган еттинчи одам бўлди.

27 январь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ўшда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида террорчилик ҳаракатини режалаштираётганликда гумонланиб “Ўзбекистон Исломий ҳаракати”нинг олти аъзоси қўлга олинганини билдирган эди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов: “Уларнинг тўрт нафари Суриядаги халқаро террорчи ташкилотлар лагерларида махсус тайёргарликдан ўтган. Гумонланувчилар уйларида ўтказилган тинтув натижасида битта автомат, 1700 дона ўқ, бир нечта тўппонча ва бошқа турдаги қурол топилган”,- деб айтган.

Сўнгги бир неча ой ичида Қирғизистонда Суриядаги жанггариларга алоқадорликда айбланиб 86 одам ҳибс қилинди.

Бир неча кун аввал Қирғизистон расмийлари Сурияда жангарилар сафида жанг қилаётган пайтда ўлдирилган қирғизистонликлардан яна бирининг исми аниқланганини маълум қилган эди.

Ички ишлар вазирилиги ҳозирча ҳалок бўлган шахснинг иcмини ошкор қилгани йўқ. Маълум бўлишича, мазкур шахс Сурияда ҳалок бўлган йигирма иккинчи қирғизистонликдир. Унинг ёши 25 да бўлиб, Ўш вилоятининг Қорасув туманида яшаган.

Қирғизистон расмийлари Суриядаги жангарилар сафида 200 нафар қирғизистонлик жанг қилаётганини, улардан 30 нафари аёллар эканини билдирди.

Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Суриядаги жангарилар сафида минтақадан борган 4000 одам борлиги ҳақида маълумот тарқатган эди.

XS
SM
MD
LG