Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Ислом Каримов сайловолди дастурини эълон қилди


Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг 6 февраль куни Тошкентда ўтказилган еттинчи қурултойида Ислом Каримов сайловолди дастурини ўқиб эшиттирган. Ислом Каримов ўз дастурида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришдаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ва тадбиркорларга мутлақ эркинлик бериш керак деган фикрни билдирган.

Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг 6 февраль куни Тошкентда ўтказилган еттинчи қурултойида президент Ислом Каримовнинг ўз сайловолди дастурини эълон қилгани ҳақидаги хабарни UzDaily.uz сайти тарқатди.

Президент бу чиқишида ҳар галги маърузаларида айтилгани каби, келгуси йилларга асосий ишлар йўналишларини тақдим этган.

Тузилмавий ислоҳотларни ва юқори натижаларга эришиш учун мамлакат иқтисодини диверсификация қилишни давом эттиришини айтган, президент.

Ислом Каримов ўз чиқишида яна тадбиркорлик ва хусусий мулкчилик мавзусига ҳам тўхталган. Президент хусусий тадбиркорлик ва хусусий мулкчиликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаб, уларга мутлақ эркинлик бериш керак, деб айтган:

“Тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгаларини ҳимоя қилиш ва уларни кафолатлаш ҳақидаги ҳуқуқий ҳимоя нормаларини кучайтиришга зарурат бор”, деган президент.

Исми сир қолишини сўраган навоийлик тадбиркор сўнгги йилларда тадбиркорларга анча енгиллик берилганини айтар экан, айни пайтда бу соҳада жиддий муаммолар сақланиб қолаётганини айтади:

- Тўғри сўнгги йилларда тадбиркорларга анча енгилликлар бўлди. Буни инкор қила олмаймиз. Масалан, солиқ инспекторлари аввалгидай тадбиркорни эзолмайди. Кардинал даражада эмас, лекин ўзгаришлар бўлди. Тадбиркорларимиз у ёқ, бу ёқдан оборудованиелар олиб келиб ишлаб чиқаришни йўлга қўяяпти, банклар кредит беряпти. Тўғри қийинчилик билану, лекин бўляпти. Муаммолар эса албата бор. Масалан эркин конвертация йўқ, солиқлар катта, банклардан нақд пул олишнинг имкони йўқ. Бу муаммолар ҳали яқин йилларда ҳал қилинмаса керак”, деди навоийлик тадбиркор.

Ислом Каримов сайловолди дастурида мамлакатдаги инвестиция муҳитига тўхталиб, мамлакатга инвесторларни кўпроқ жалб қилиш йўлларини айтган. Президент фикрича, Ўзбекистондаги маҳаллий компаниялар акцияларини хорижий инвесторларга таклиф қилиш керак ва бу ташкилотларга янги технологиялар кириб келишини таъминлайди ҳамда экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Президентнинг яна бир таклифи, ичимлик суви ҳақида бўлган. Унинг фикрича, бу соҳага харажатни аямаслик керак.

ЎзЛиДеп қурултойи делегатлари Ислом Каримовнинг сайловолди дастурини тасдиқлаган.

1991 йилнинг декабрида ўтказилган мустақил Ўзбекистон президентлиги сайловларидан бери бу лавозимни ҳеч кимга бермай келаëтган собиқ ЎзКомпартия Бош котиби Ислом Каримов¸ мустақил ҳуқуқшуносларга кўра¸ ҳозирга қадар Конституцияга хилоф равишда ҳокимиятда қолмоқда.

1995 йилда Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлик ваколатларини 2000 йилга қадар узайтиришга оид умумхалқ референдуми ўтказилди ва расмий-ҳисоб китоб бўйича¸ ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан кўпроғи Каримовнинг қолишини ëқлаб овоз берди.

Шу тарзда¸ гўë конституцияда белгиланган бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланмаслигига оид моддани бузмаган ҳолда¸ Каримов 2000 йилга етиб келди ва яна 91 фоиз овоз билан иккинчи бор президентликка сайланди.

Конституциявий чекловни айланиб ўтиш мақсадида 2002 йилда мамлакат конституциясига президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришга оид яна бир умумхалқ референдуми ўтказилди ва бу таклиф ҳам халқ томонидан гўë маъқулланди.

Ўзбекистон сайлов қонунлари муаллифлари¸ бундай ўзгартиш ортидан¸ Ислом Каримовнинг яна икки муддат президентликка даъво қилишга ҳақли экани иддаоси билан чиқдилар ва 2007 йилги сўнгги президент сайловида Каримов 2014 йилга қадар ҳокимиятда қоладиган президент этиб сайланди.

XS
SM
MD
LG