Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:13

Вашингтон Қирғизистонда навбатдаги инқилобни режалаштиргани иддао қилинди


Бразилия, Россия, Хиндистон, Хитой ва Жанубий Африка аъзо бўлган BRICS ташкилотига мансублигини иддао қилаётган bricsglobal.ru сайтида “Вашингтон Қирғизистонда янги инқилобни тайёрламоқда”, деган сарлавҳа билан каттагина мақола эълон қилинди.

Мақолада айтилишича, “Қўшма Штатлар Қирғизистоннинг Россия билан муносабатлари ривожланаётганидан ташвишга тушган” ва “Вашингтон Қирғизистоннинг Россия билан яқинлашувини минтақдаги демократияга уриладиган катта зарба, деб ҳисоблайди”.

Бундан ташқари мақолада Қирғизистондаги бир қатор омиллар, жумладан, Бишкекдан АҚШ базасининг чиқарилиши, Қирғизистон жанубидаги ва шимолидаги кланлар ўртасидаги сиёсий кураш ҳамда диний экстремистик оқимларнинг фаоллашуви Вашингтон Бишкекда навбатдаги инқилобни уюштириши учун қулай вазиятни яратиб бериши мумкинлиги айтилади.

Мақолада иддао қилинишича, яқинда қирғиз мухолифати лидерларининг Вашингтонда ўтказган учрашувларида Қирғизистондаги демократияни мустаҳкамлаш йўналишидаги режалар муҳокама қилинган.

Қирғизистондаги бир қатор Интернет нашрларида ҳам худди шу мазмундаги мақолалар чоп этилди.

Вашингтонда 23 январдан бошлаб ўн кун давомида сиёсатчилар билан учрашувлар ўтказган Қирғизистон миллий мухолифат ҳаракати лидери Равшан Жээнбеков мазкур мақолани Кремлнинг сиёсий буюртмаси ўлароқ баҳолади:

-Биз Америкага ўн беш киши бўлиб бордик. Агар Қирғизистонда давлат тўнтаришини уюштириш масаласи муҳокама қилинганида, шу одамларнинг ҳеч бўлмаганда бир нафари жанжал кўтарган бўлар эди. Иккинчидан, бугунги вазиятда ҳеч бир мамлакат бошқа мамлакатда инқилоб уюштирилиши учун пул бермайди. Бу гапларнинг ҳаммаси Кремлнинг буюртмаси, - деди Равшан Жээнбеков.

Сиёсатчи Кубатбек Байболов эса бу каби мақолаларнинг пайдо бўлишини Ғарб ва Россия ўртасида бораётган ахборот уришининг натижаси сифатида кўришини айтди:

​- Қирғизистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат АҚШ ҳисобланади. АҚШ Қирғизистон ривожланиши учун 3 миллиард долларлик молиявий ёрдам кўрсатди. Американинг Қирғизистонда давлат тўнтаришлари уюштиришдан манфаатдор эмаслиги очиқ-ойдин равшан, - деди Кубатбек Байболов.

Айни пайтда Қирғизистонда қирғиз мухолифати лидерларининг Қўшма Штатларга қилган сафари ортида инқилоб режаси турганини эҳтимолдан соқит қилмайдиган таҳлилчилар ҳам бор. Улардан бири Марат Жаанбаев бугунги геосиёсий вазиятдан келиб чиқилса, “Вашингтон Қирғизистонда навбатдаги инқилобни режалаган бўлиши мумкин”, деб ҳисоблайди:

-Қирғизистон ҳозир катта геосиёсий-иқтисодий альянсга, яъни ЕврОсиё иқтисодий иттифоқига қўшилмоқда. Шу сабабли ҳам мухолифатчилар АҚШдан инқилоб уюштириш учун ёрдам сўраётганлари ҳақида қирғиз матбуотида кўплаб мақолалар пайдо бўлаяпти. Бунинг устига Украинадаги вазият ортидан Москва ва Вашингтон ўртасидаги зиддият жуда кучайган бир пайт. Бундай вазиятда катта давлатлар икки фронтга бўлиниб, ўз таъсирига олмоқчи бўлган давлатларга васийлик қилиши одатий ҳолатга айланган, - деди таҳлилчи.

Қирғизистонда 2005 ва 2010 йилларда инқилоб деб аталаётган ижтимоий-сиёсий ходиса содир этилган эди. Қирғизистон ҳукумати бугунги кунда халқни исён кўтаришга мажбур қилувчи омиллар мамлакатда мавжуд эмас, деган фикрни айтиб келади.

XS
SM
MD
LG