Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:50

Ўқувчилар пичоқлаб ўлдирилгач, Тошкент ҳокими вазиятни назоратига олди


Тошкент ҳокими пойтахтдаги Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг икки ўқувчиси тенгдошлари томонидан пичоқлаб ўлдирилгач, таълим муассасаларида назоратни кучайтириш ҳақида қарор чиқарди. Ўқувчиларнинг сумкасию чўнтакларини текшираётган ИИБ ходимлари пичоқ, кастет, бита, телефонларидан эса порнографик видеоларни топаётгани айтилмоқда.

Тошкент Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг 28 январь куни пичоқлашган бир неча ўқувчисидан икки нафари вафот этгани Озодликка 10 февраль куни бир-биридан мустақил бир неча манба томонидан хабар қилинди.

Пойтахтнинг Юнусобод туманидаги коллежлардан бирида ишлайдиган манбанинг айтишича, тенгдошлари пичоқлаб ўлдирган болалар коллежнинг иккинчи босқичида таҳсил олган.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Ишчилар шаҳарчасида истиқомат қиладиган яна бир мустақил манбанинг айтишича, пичоқланган болалардан бири ўша куни, яна бири эса ҳодисадан бир неча кун ўтиб шифохонада ўлган.

Улардан бири 19 яшар юнусободликдир.

"19 яшар, иккинчи босқичда ўқиган болани коллежда бирга ўқийдиган болалар пичоқлаб қўйишибди. Юнусободнинг 14 кварталида яшаган, оддийгина оиланинг боласи. Лекин исм-фамилияси менга номаълум", дея хабар қилди юнусободлик манба.

Унинг аниқлашича, болани пичоқлаган тенгдошлари ҳибсга олинган ва тергов-суриштирув ишлари бормоқда. Шунингдек, коллежнинг бир неча мулозими фаолияти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширилаётгани иддао қилинди.

Бунга қадар айни жиноят ҳақида хабар йўллаган илк манба айни коллеж ўқувчиларининг пичоқлашгани, бунга эса мобил телефон устида қўзғалган жанжал сабаб бўлгани, натижада шаҳардаги барча таълим масканларида ИИВ ходимлари 7 февраль куни рейд ўтказгани ҳақида хабар қилган эди.

Тошкентдаги қатор касб-ҳунар коллежлари маъмуриятидан 10 февраль куни олинган маълумотларга кўра, ИИВ ва шаҳар ҳокимлиги расмийларидан иборат комиссияларнинг текшируви шу кунда ҳам давом этмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими бу воқеалардан сўнг шаҳардаги умумтаълим ва касб-ҳунар таълим масканларида ўқувчилар орасида жиноятчиликни олдини олишга доир қўшимча чора тадбирлар ҳақида қарор қабул қилган. Ушбу қарор матни gazeta.uz сайтида чоп этилди.

Унда айтилишича, "2014 йилда содир этилган қотиллик жиноятлари 18,45 фоизга ошган бўлиб, бу жиноятларнинг 19,6 фоизи ёшлар, 2,4 фоизи вояга етмаганлар томонидан содир этилган".

Шу боис, шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов таълим муассасаларида ўқиётган ёшлар, "айниқса вояга етмаганлар ўртасида маънавий-аҳлоқий хислатларни бузувчи, зўравонлик, шафқатсизлик ва порнографик, шунингдек, сохта диний мафкурани тарғиб қилувчи, ўқувчи ёшларни салбий ҳаракатларга ундовчи ҳаракатларини олдини олиш мақсадида, таълим муассасалари биносига кириш-чиқишнинг алоҳида тартиб қоидаларини ишлаб чиқиш"га топшириқ берган.

Ҳоким қарори матнида ўқувчилар ёнида совуқ қуроллар, жумладан "пичоқ, ханжар, бигиз ва кастет, бита, тўқмоқ), инсон соғлиғига қарши таъсир этувчи кимёвий моддалар (махсус сачратгувчи газ ва бошқалар) ҳамда электр токи ўтказувчи жихозлари (махсус электра ток ўтказувчи мослама) ва бошқа шу каби ҳар хил қуролларни олиб юриш ҳолатлари"га барҳам бериш сўралган.

Тошкент шаҳридаги коллежлардан бирининг ўқитувчисига кўра, кейинги пайтларда коллежлар ўқувчиларининг ёнидан пичоқ ёки кастет чиқиши ҳоллари кўпайган. Бундан ташқари, мобил телефони билан боғлиқ можаролар ҳам тез-тез содир бўлмоқда:

- Чунки, кейинги пайтларда телефонда ҳар хил анави диний, узр-ку, порнографик суратлар чиқяпти. Шунинг учун, ИИБ ходимлари эрталаб кутилмаганда келиб, сумкаларни титишяпти. Пичоқ чиқаяпти ўқувчиларнинг сумкасидан, ёзувлар чиқяпти. Алоқа коллежида иккита ҳолат бўлди, шунинг учун строгий текширишяпти ҳозир, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган ўқитувчи.

У ва шаҳардаги бир неча коллежлар маъмуриятларидан олинган маълумотларга кўра, ҳозир ҳар куни эрталабдан ўқувчиларнинг сумка, чўнтаклари тинтилмоқда. Мобил телефонлари ҳам текширилмоқда.

2012 йил май ойидан Ўзбекистондаги мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида уяли телефондан фойдаланишга нисбатан чеклов жорий қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 139-сонли қарори асосида уяли телефон эгаси ўқув юртига киришда унинг овозини ўчириб, сумкасига солиб қўйиши керак. Уяли телефонни чўнтакда олиб юриш ёки бўйинга тақиб юриш қатъиян маън қилинади.

Шунингдек, ҳукумат қарорида ўқув юртида содир бўлган нохуш воқеаларни телефонда суратга олиш ва уларни атрофдагиларга намойиш қилиш орқали ўқув юрти обрўсига путур етказиш тақиқланиши айтилган. Ҳукумат чекловлари ўқувчи ва талабалар билан бир қаторда ўқитувчилар учун ҳам тегишлидир.

Қарорда уяли алоқадан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо чоралари кўзда тутилиши қайд этилган:

- огоҳлантириш;
- уларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш;
- ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки тушунтириш суҳбати ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш...
- таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, ушбу Низомни бузганлик ҳолати тўғрисида билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг (факультетнинг) директорига (деканига) ёки директор (декан) ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, олий таълим муассасаларида эса - кураторга) бериш, ушбу Низом талаблари бузилганлиги ҳолатлари тўғрисида огоҳлантириш бериш ҳуқуқига эга
".

XS
SM
MD
LG