“Эгалите” жамоат жамғармаси Ўшда 5 ой давомида миллий озчиликларнинг куч ишлатар тузилмаларга бўлган муносабатини ўрганди. Жамғарма тадқиқотчилари маҳаллаларда ўзбек аҳолиси билан 30дан ортиқ турли учрашувларни ўтказиб, мониторинг олиб борди. Ўтказилган тадқиқот натижасида жамғарма тадқиқотчилари “Ўш вилоятидаги ўзбеклар куч тизимларидан қўрқади ва уларга тўла ишонмайди”, деган хулосага келган.
- Милиция ходимларинингбарчаси миллий озчиликларга ёмон муносабатда бўлади ёки уларни хўрлайди, деб айта олмаймиз. Бироқ факт – ўзбеклар Ўшда куч тизими ходимларидан қўрқади ва уларга ишонмайди. Ўзбеклар ўзларини хавфсиз сезишмайди. Бунга милиция ёки миллий хавфсизлик хизматининг айрим ходимлари томонидан ўзбекларга нисбатан салбий муносабат кўрсатилаётгани, коррупция кўринишлари, ўзбекларнингпулини тортиб олиш каби кўринишлар сабаб бўлмоқда. Миллий озчилик вакиллари билан куч тизими ҳодимлари муносабатини яхшилаш учун кўп ҳаракат қилиш керак, - дейди “Эгалите” жамғармаси раҳбари, конфликтолог Татьяна Виговская.
“Эгалите” жамғармаси раҳбари мазкур тадқиқот Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилганини айтди. Татьяна Виговскаянинг билдиришича, мазкур лойиҳа фақат ўзбеклар ва куч тизими ходимлари ўртасида муносабатларни яхшилаш мақсадида амалга оширилган.Негаки айнан ўзбеклар орасида куч тизимига нисбатан қўрқув синдроми юқори.
Лойиҳа натижасида ўзбек маҳаллаларидан милиция ҳамда миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда иш олиб борадиган 206 вакил тайинланган.
Айни пайтда нодавлат ташкилоти хулосасини куч тизими расмийлари ҳам бутунлай инкор қилмаётир. Миллий хавфсизлик хизматинингЎш шаҳри ва Ўш вилояти бошқармаси раҳбари Асилбек Жоробеков бу борада қуйидагиларни айтди:
- Оддий халқ бизни бу миллий хавфсизлик, бу прокуротура, бу милиция деб тоифаларга бўлмайди. Улар учун биз умуман олганда куч тизими ходимларимиз. Шу сабабли бир-икки нафар ходимнинг қўпол муносабати ортидан аҳоли орасида “органда ишлайдиганларнинг ҳаммаси мана шундай”, деган тасаввур пайдо бўлади. Бироқ барча куч тизими ходимлари ҳам ундай эмас, - дейди Асилбек Жоробеков.
Куч тизими ходимларига ўзбекларнинг ишонмаслиги асосан Ўшдаги 2010 йил воқеаларидан кейин кучайган. Форма кийган одамларнинг бир миллат вакилларини қўрқитиб пул олиши, миллатига қараб камситиши борасидаги гап - сўзлар бунгача ҳам кўп айтилганди.
Бундай ҳолатларнинг кузатилаётганига ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида миллий озчилик вакилларининг сони озлиги сабаб бўлаётгани ҳам айтилмоқда.
- Қирғизистонда 80дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Куч органлари, милицияда миллий озчилик вакиллари хизмат қилса, одамларнинг милицияга бўлган ишончи ортади, деб ўйлайман. Милицияда фақат бир миллат вакиллари ишласа, унда этник озчиликлар кўнглида яна қандайдир шубҳа пайдо бўлади ва милицияга ишонч борган сари озаяверади, - деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев.
Суҳбатдошимиз сўнги йилларда милициянинг миллий озчиликлар, жумладан, ўзбекларга нисбатан муносабати анча яхшиланганини эътироф этади.