Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:32

Гулнора Каримованинг Франциядаги мулки ҳибс этилди


Версаль яқинидаги тарихий Шато Груссе қасри.
Версаль яқинидаги тарихий Шато Груссе қасри.

Франция молия инспекторлари ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят бўйича олиб бораётган тергов доирасида Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ва уни атрофидаги шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкларни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Париждаги SHERPA - Иқтисодий жиноят қурбонларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаолларига кўра, бу ерда гап Каримова хонимга тегишли бўлган умумий қиймати 50 миллион евролик кўчмас мулк ҳақида бормоқда.

Булар Версаль яқинидаги Шато Груссе номи билан аталувчи тарихий қаср, Париждаги ҳашаматли квартира ҳамда Сан Тропе оромгоҳидаги вилладир.

Францияда уюшган жиноий гуруҳ томонидан пул ювиш ва хориждаги расмий шахсларнинг коррупция фаолияти билан боғлиқ жиноятларни тафтиш қилаётган Париж молиявий судьяси Серже Турнеир ушбу кўчмас мулкларни ҳибсга олиш ҳақидаги кўрсатмани ўтган йилнинг 5 сентябрида чиқарган.

Жамоатчиликка эса бу фақат бугунга келибгина маълум бўлди.

SHERPA ташкилоти фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, мазкур кўчмас мулклар 2009-2011 йиллар оралиғида Studio Invest, Invest Service Group ва Ruby International ширкатлари номига олингани, шу ширкатларнинг асл эгалари эса Гулнора Каримова ва унга яқин шахслар экани аниқланган:

-Ташкилотимиз бу иш бўйича Францияда бораётган иш ҳужжатлари билан танишиб чиққан. Шу ҳужжатлардан Studio Invest, Invest Service Group ширкатлари Гулнора Каримова ва Ирина Емилянова номига, Ruby International ширкати эса Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани ишонилаётган Рустам Мадумаров номига рўйхатга олингани маълум бўлди. Ҳар учала ширкат Парижда рўйхатга олинган, -деди SHERPA ташкилоти фаолларидан бири.

Француз терговчилари мазкур кўчмас мулклар бир қатор телекоммуникация ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириш мақсадида берган поралари ҳисобига сотиб олинган бўлиши мумкин, деб гумонламоқда.

Терговчиларга кўра, мазкур коррупция битимлари натижасида Гулнора Каримованинг шерикларига тегишли Гибралтардаги ширкатлар ҳисобига 2007 йилнинг декабрь ойидан 2010 йилнинг ноябрь ойигача 324 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ўтказилган.

Ушбу поранинг бир қисми Франциядаги умумий нархи 50 миллион евролик кўчмас мулкни сотиб олишга сарфланган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Тафтиш давомида аниқланишича, Версаль яқинидаги опера театри, боғ ва отхоналарига эга тарихий Шато Груссе қасри 2011 йилнинг июнь ойида 28 миллион еврога, Сан Тропенинг Гасин Вар мавзесидаги вилла 2010 йилнинг июль ойида 24 миллион еврога ва Парижнинг 16-округидаги ҳашаматли квартира 2009 йилнинг ноябрь ойида сотиб олинган.

Гулнора Каримованинг францияда ҳибс этилган кўчмас мулклари кейинги тақдири нима бўлиши маълум ҳозирча эмас.

- Францияда мазкур иш бўйича суд жараёни энди бошланмоқда. Уйларни кейиги тақдири бўйича суд ҳукм чиқариши керак, - дейди SHERPA ташкилоти фаолларидан бири.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаевага кўра, Ўзбекистон президенти қизига тегишли кўчмас мулкнинг ҳибс этилиши нафақат фуқаролик жамияти фаоллари, балки адолатсизликлар қаршисида яшаб келаётган ўзбекистонликлар учун ҳам умидбахшдир:

- Ҳибс этилган бу бойликлар халқаро ташкилотлар кузатув остида ўзбек фуқароларига наф келтирадиган ижтимоий дастурлар учун сарфланиши лозим, лекин асло адолатсизликлар устида ўтирган Ўзбекистон ҳукуматига қайтариб берилмаслиги керак, - дейди Надежда Отаева.

Озодлик тасарруфида Гулнора Каримованинг Женева, Дубай, Ҳонг-Конг¸ Лондон ва Москвада ҳам умумий нархи бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил қиладиган кўчмас мулки борлигига ишора қилувчи ҳужжатлар бор.

XS
SM
MD
LG