Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:48

Жиззах вилояти ҳокимиятига ўт кетди


13 февраль оқшомида Жиззах ҳокимияти биносида ёнғин рўй берди. Гувоҳларга кўра, ҳокимият биносининг бир қанча қаватидаги хоналар ёниб кул бўлган.

Расмий маълумотларда айтилишича, ёнғиндан ҳеч ким жабр кўрмаган. Ҳокимият ходимларидан бири Озодликка шундай деди:

- Ёнғин учинчи қаватда содир бўлган, кейин биринчи ва олтинчи қаватга ҳам ўтган. Хоналар ичидаги ҳужжатлар, стол стул ва компютерлар ёниб кул бўлди, - деди Жиззах ҳокимиятининг Озодлик боғланган расмийси.

Жиззах вилояти Ёнғин хавфсизлиги идорасидагилар ҳокимият биносидаги ёнғинга электр тармоғидаги қисқа туташув сабаб бўлганини тахмин қилишмоқда.

Айни пайтда бу воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозир ҳокимият биносини милиция ўраб олган. Ҳокимият икки-уч кунгача ёпиқ туриши айтилмоқда.

Жиззах ҳокимияти ходимининг Озодликка айтишича, ёнғин ходимлар уйларига кетган пайтда юз берган.

-Ҳокимиятда свет ўчган-да. Кечгача ҳам келмаган, шу билан ҳамма ишчилар кетган уйига. Кечаси кейин свет келган ва шу билан ўт чиққан бўлиши мумкин. Печками, нимадир очиқ қолиб кетган, дейишяпти. Электр ўчиб кейин ёнган. Кимдир электр печкасини очиқ қолдирган, - дейди Жиззах ҳокимияти ходими.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари қатори Жиззахда ҳам электр ва газ тармоғида узилишлар одатий ҳолдир.

Жиззаҳлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга кўра, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ёнғинларга сабаб бўлади.

- Жиззах вилоятида электр энергияси ва газ тез ўчиб туради. Шу сабабдан ёнғинлар кўп бўлади, - дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев.

Ҳозирча Жиззах вилояти ҳокимияти ёнғин юзасидан жамоатчиликка ҳеч қанақа расмий билдириш бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG