Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:06

Швецияда тўрт ўзбек "Исломий давлат"га ёрдам берганлик айби билан қўлга олинди


Швеция расмийлари қўлга олган тўрт ўзбек "Исломий давлат" гуруҳига молиявий кўмак берганликда гумонланмоқда.
Швеция расмийлари қўлга олган тўрт ўзбек "Исломий давлат" гуруҳига молиявий кўмак берганликда гумонланмоқда.

Швецияда молиявий жиноятлар ва "Исломий давлат" экстремист гуруҳига молиявий ёрдам кўрсатганликда айбланаётган тўрт ўзбек ҳисбга олингани хабар қилинмоқда. Швециядаги Озодлик манбаларига кўра, пойтахт Стокҳолм шаҳри атрофида истиқомат қилган гумонланувчилар бу мамлакат фуқаролигини олган асли ўзбекистонликлардир. Ёшлари 32 ва 50 оралиғида бўлган гумонланувчилар орасида бир аёл ҳам бўлган. Бу гуруҳ Швецияда солиқдан бўйин товлаб, ноқонуний даромаддан Суриядаги "Исломий давлат" гуруҳига пул юбориб турган.

Швецияда чиқадиган Dagens Nyheter газетасининг хабар қилишича, асли ўзбекистонлик тўрт фуқаро сешанба куни ҳибсга олинган. Бу ишни тергов қилаётган Швеция Иқтисодий жиноятларга қарши кураш бошқармаси ҳибсга олинган шахсларни солиқдан бўйин товлаш ва жиноий даромаддан Суриядаги "Исломий давлат" гуруҳига ёрдам кўрсатганликда гумонламоқда.

Озодликнинг Швециядаги манбалари қўлга олинганларнинг шахслари тўғрисидаги маълумотни тақдим этди. Лекин тергов сири сабабидан Озодлик уларнинг исмларини очиқламасликка қарор қилди.

Озодлик манбасига кўра, ҳисбга олинганлар орасида 32 ёшли аёл ҳам бор. Манбамизнинг билдиришича, ҳибсга олинган эркакларнинг бири 51 ёшда, иккинчиси 34 ёшда ва яна бири 32 ёшда.

Воқеани ўрганаётган Швециядаги ТТ хабар агентлиги мухбири Малин Экмаркнинг Озодликка айтишича, улар сешанба куни Стокҳолмнинг икки минтақасида ўтказилган амалиёт натижасида қўлга олинган.

- Бизга маълум бўлишича, кеча Швеция расмийлари тўрт кишини ҳибсга олган. Улар иқтисодий жиноятларда айбланмоқда, яъни улар солиқдан бўйин товлаб келган. Швециядаги Dagens Nyheter газетаси ўз манбаларига таяниб, жиноий йўл билан топилган пуллар Суриядаги "Исломий давлат" гуруҳига юборилган. Лекин Швеция расмийлари бу маълумотни на тасдиқламоқда, на инкор қилмоқда,- дейди журналист.

Швеция Иқтисодий жиноятларга қарши кураш бошқармасининг мазкур иш билан шуғулланаётган тергвочиси Ингела Оҳлен Озодликнинг саволларига жавоб беришдан бош тортди.

ТТ агентлиги мухбири Малин Экмаркнинг Озодликка айтишича, ҳибсга олинганларнинг уч нафари Швеция фуқаролигини олган, биттаси ҳали ҳам Ўзбекистон фуқросидир.

- Ҳибсга олинган уч эркак билан бир аёл Стокҳолмда яшаб келишган ва бу ерда бир нечта фирмалари бўлган. Бу фирмалардан бири, масалан, тозалаш ишлари билан шуғулланган, дейди журналист Экмарк.

Dagens Nyheter газетаси манбаларига кўра, бу ўзбекларга доир олтита фирма ҳозирда тергов қилинмоқда. Улардан биттаси, ҳақиқатан тозалаш ишлари билан машғул бўлган ва биргина ўтган йилда 160 минг швед кронаси (19 минг АҚШ доллари) миқдорида солиқдан бўйин товлаган.

Швеция ўзбекистонлик қочқинлар, хусусан, Ўзбекистонда диний айбловлар билан таъқиб қилинаётганлар учун асосий манзиллардан бирига айланган.

XS
SM
MD
LG