Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:07

Ўзбекистонда 2014 йилда 4 миллиард долларлик олтин қазиб олинди


Навоийдан қазиб олинган ўзбек олтини.
Навоийдан қазиб олинган ўзбек олтини.

АҚШ Геологик разведка бошқармаси эълон қилган ҳисоботга кўра¸ ўтган йили Ўзбекистонда 102 тонна олтин қазиб олинган ва мамлакат дунëдаги энг йирик олтин қазиб олувчилар рўйхатида 7-ўринга кўтарилган. Ўзбекистон ўтган йили жорий бозор нархида 4 миллиард АҚШ долларлик олтин қазиб олган ва бу мамлакат йиллик бюджетининг қарийб тўртдан бирига тенгдир.

АҚШ Геологик разведка бошқармаси эълон қилган ҳисоботга кўра¸ ўтган йили Ўзбекистонда 102 тонна олтин қазиб олинган ва мамлакат дунëдаги энг йирик олтин қазиб олувчилар рўйхатида 7-ўринга кўтарилган. Ўзбекистон ўтган йили жорий бозор нархида4 миллиард АҚШ долларлик олтин қазиб олган ва бу мамлакат йиллик бюджетининг қарийб тўртдан бирига тенгдир.

АҚШ геологлари эълон қилган сўнгги рақамларга кўра¸ 2014 йилда Ўзбекистонда олтин қазиб олиш 2013 йилга нисбатан 4.1 фоизга ошган ва 102 тоннани ташкил этган.

Бунча олтин билан Ўзбекистон дунëдаги олтинсотар давлатлар ўнлигида 8-ўриндан бир поғонага баландлаган.

Мутахассислар ҳисобича¸ 102 тонна олтин қиммати бугунги бозор нархида 4 миллиард АҚШ долларига тенгдир.

Айни пайтда¸ ўтган йилнинг августида Ўзбекистон Швейцарияга олтин сотиш бўйича етакчи мамлакатлар - АҚШ, Россия ва Чилини ортда қолдириб, дунёда биринчиликка чиққан эди.

Германияда чиқадиган Gold Reporter нашри Швейцарияга 2014 йил август ойида жами 126 тонна 25 килограмм олтин импорт қилингани, шунинг 12 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келгани ҳақида ëзган эди.

Ўзбекистон Швейцарияга экспорт қилган 21 тонна 536 килограмлик олтин ўша пайтда қарийб 848 миллион швейцария франкига баҳоланган эди.

Gold Reporter нашри бош муҳаррири Юрген Фрохлих Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳисобот Швейцария божхона хизматидан олинган маълумотларга асосланганини билдирган эди:

- Ўзбекистон олтин қазиб олувчи дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири. Кўраётганимиздек, 2014 йил августида бу мамлакат Швейцарияга энг кўп олтин экспорт қилган мамлакат бўлди.

Бу олтин Швейцариядаги фабрикаларда қайта ишланиб, сертификатланади. Дунёда қазиб олинадиган олтиннинг 70 фоизи Швейцарияда қайта ишланади. Айрим мамлакатлар олтинни Швейцария фабрикаларида сертификатлаб, қайтариб олади. Айримлари Швейцария орқали учинчи мамлакатларга сотади ёки Швейцариядаги банкларда сақлайди. Ўзбекистон олтинни Швейцариядаги қайси фабрикага юборгани ва бу олтин у ердан қаерга юборилади - буни билмаймиз. Балки қайтариб олиши мумкин, балки Швейцариянинг ўзида сақлаши мумкин, деган эди Gold Reporter нашри бош муҳаррири Юрген Фрохлих.

Ўзбекистон олтинлари қаерга ва қандай сарфланади?

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ масъулларидан бири Сапарбой Жубаевнинг Озодликка айтишича¸ мамлакатда қазиб олинаëтган олтиннинг эгаси ҳукумат¸ аниқроғи Молия вазирлиги ва Марказий банк бўлиб¸ қанча олтинни қаерда сақлашдан уни нималарга сарфлаш масаласини кичик бир гуруҳ расмийлар ҳал қилади:

-Марказий банкнинг олтин-валюта резерви бор. Халқаро валюта жамғармасининг талаби бўйича¸ ҳар бир мамлакат Марказий банки қандайдир резервни ушлаб туриши керак. Бу резервнинг¸ одатда¸ 10-15 фоизи соф олтинда ушланади. Булар слитка¸ қуйма олтин шаклида сақланади. Бу слиткаларни улар Швейцарияда сақлайдими ëки Ротшилд банкида¸ буни ўзлари ҳал қилади. Кейин¸ Марказий банк ҳар хил олтин тангаларни ҳам зарб қилади ва Навоий ва Олмалиқ олтин комбинатлари қанчадир олтинни ҳукуматбелгилаган баҳода банкка сотишга мажбур. Олтиннинг қолган қисми¸ экспорт қилинади ва ундан келадиган валюта тушуми яна Молия вазирлиги ҳисобига тушади¸ дейди мутахассис.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган олтиннинг қанча қисми кимга қайси нархда сотилади¸ бунга оид маълумотлар жамоатчиликка маълум эмас.

2014 йили дунëнинг энг бадавлат юқори технологияга асосланган электрон воситалари ишлаб чиқарувчи Apple ширкати ўзининг iPhone, iPad, iPod каби маҳсулотларида Ўзбекистонда қазилган олтиндан фойдаланишини билдирган эди.

АҚШ Марказий Разведка бошқармаси ҳисоб-китобича¸ Ўзбекистоннинг йиллик бюджети ўтган йили 18 миллиард АҚШ долларига тенг деб чамаланган. Бундан эса биргина олтиндан келадиган кирим бюджетнинг қарийб тўртдан бирини қоплашини тахмин қилиш мумкин.

Кимнинг қанча олтини бор?

2014 йили жаҳон бўйлаб жами 2860 тонна олтин қазиб олинган ва бу 2013 йилга нисбатан 60 тонна кўпдир.

Дунëнинг олтин қазиб олувчиларининг биринчи бешлигига Хитой(430 тонна), Австралия (265 тонна), Россия (230 тонна), АҚШ ва Перу киради.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қанча олтин қазиб олинаëтганига оид маълумотни қаттиқ сир тутади ва уни на ўз халқи ва на халқаро ташкилотларга очиқламайди.

Хориж геологик разведка мутахассислари тахминича¸ 2013 йилда Ўзбекистонда 98 тонна¸ 2012 йили эса 90 тонна олтин қазиб олинган.

Экспертлар тахминича¸ Ўзбекистон олтин заҳираларининг катталиги бўйича дунëда 4-ўринда туради.


Ўзбекистонда олтин асосан Навоий ва Олмалиқдаги конлардан қазиб олинмоқда.

2011 йили Ўзбекистонда 63 та олтин кони аниқланган ва кейинги йиллардаги геологик разведка маълумотларига оид маълумот йўқ.

Ўзбекистонда аниқланган олтин конларида мавжудлиги тасдиқланган заҳира¸ мутахассисларга кўра¸ камида 2500 тоннани ташкил этади.

XS
SM
MD
LG