Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:15

Қашқадарё арчазорлари газ тақчиллиги боис ўтин бўлаяпти


Қашқадарё вилоятида қиш фаслида газ ва электр энергияси тақчиллиги боис одамлар терак, тут ва мевали дарахтларни ўтин қилмоқда. Тоғ ён бағридаги қишлоқлар аҳолиси арчазорларни ҳам ўтин учун кесишга мажбур бўляпти. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси расмийларига кўра, табиатга келажакдаги ўн йиллар давомида ҳам тиклаб бўлмайдиган зарар келтирилмоқда.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи 62 ёшли пенсионер Маҳмуд аканинг айтишича, бу йилги қиш мавсумида одамлар дарахтларга қирон келтирди:

- Одамлар қишда жуда қийналиб қолди. Ким қаердан топса ўшани кесиб келяпти. Кимдир тут, кимдир қайрағоч яна кимдир ҳовлисидаги дарахтни кесиб кун ўтказяпти. Шахсан мен ҳовлимдаги теракларни кесиб ёқдим. Илгари қишлоғимиз дарахтзор эди, ҳозир йил ўтган сайин ҳувиллаб боряпти. Фермерларнинг ўзлари тут дарахтларини кесишяпти, одамлар эса кесилган дарахтларнинг томирларигача кавлаб оляпти,- деди Маҳмуд ака.

Суҳбатдошнинг айтишича, туман қишлоқларига табиий газ бериш тўхтаганига беш йил бўлган, ҳукумат арзон нархда сотадиган кўмир эса ҳаммага ҳам етмайди:

- Ҳозир 30-35 кило чиқадиган бир қоп кўмирнинг нархи 15-18 минг сўм. Бизга жуда қимматлик қилади. Пули борлар шундан оляпти, пули йўқлар кечаси тут дарахтларини кесиб келяпти,- деди Мурод ака.

Қашқадарё вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида ишлайдиган мулозим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, газ ва свет тақчиллиги сўнгги йилларда табиатга катта зарар етказаётганини тан олди:

“Биласизми, мустақиллик йилларида бизнинг Ҳисор тизма тоғларидаги дарахтзорлар бир неча километрлаб, баъзи жойлари эса 20 километргача юқорига қараб чекинди. Тоғ ён бағридаги қишлоқларда яшовчи аҳоли кесиб кетяпти. Дарахтзорлар намликни сақлайди, булутларни тўхтатиб туради. Сўнгги йилларда эса ҳарорат исиб боряпти. Қишлоқлар ҳам яланғоч бўлиб қолди. Ўзимнинг бир қариндошим ҳовлисидаги олма, ўрик дарахтларини кесиб ёқди. Ёш боласи бор, бошқа иложи ҳам қолмади”, дейди мулозим.

Айни пайтда Ўзбекистон шаҳар ва туман марказларида ободонлаштириш дастури баҳонасида кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланмоқда.

Қашқадарёлик мулозимнинг айтишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 290-қарорига кўра, ўтган йили шаҳар ва туманлардаги дарахтларни кесиш ваколати табиатни муҳофаза қилиш қўмиталаридан олиниб, ҳокимлар ихтиёрига берилиши оқибатида юз йиллик чинорлар йўқ қилинмоқда:

"Ҳозир Қарши шаҳри реконструкция қилиняпти. Дарахтларни кесиш ҳуқуқлари ҳокимиятга берилди. Биздан ҳеч ким сўрамайди ҳам. Рости гап, бизнинг ичимиз ачиб кетяпти. Катта-катта чинорлар кесиб ташланди, дарахтларнинг бундай бўлиши учун камида яна 50 йил керак. Бу дарахтларни мебелчиларга, ошхоналарга сотиб, кимлардир катта фойда кўряпти", деди табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг исми сир қолишини сўраган мулозими.

Ўзбекистонда қиш мавсумида газ ва электр энергияси тақчиллиги боис, аҳоли тут ва мевали дарахтларни кесиб, қишлашга мажбур бўлмоқда.

Сўнгги йилларда далалардаги тут дарахтлари ҳам анча камайиб кетгани айтилади.

Гарчи дарахтни ноқонуний кесгани учун жисмоний шахсни энг кам иш ҳақининг ярмидан уч бараваригача жаримага тортиш ва дарахтнинг қийматини тўлаш мажбурияти бўлишига қарамасдан, аҳоли қишда жон сақлаш учун шунга мажбур бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG