Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:53

Бухорий иши: Қотилликни 20 кишилик гуруҳ ташкиллаштирган


Муҳаммад Солиҳ¸ Рашод қори ва Абдуллоҳ Бухорийга суиқасд уюштиришда гумонланган Собир Шукуровнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси.
Муҳаммад Солиҳ¸ Рашод қори ва Абдуллоҳ Бухорийга суиқасд уюштиришда гумонланган Собир Шукуровнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси.

Асли андижонлик имомнинг Истанбулда ўлдирилишига алоқадорликда гумонланувчилардан бири қотилликнинг янги тафсилотини очиқлади. Мазкур жиноятни тафтиш қилаëтган тергов гуруҳи вакилига кўра¸ Бухорий¸ шунингдек мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд уюштириш режаси билан Истанбулга Россия ва Украинадан 20 кишилик гуруҳ келган.

Асли ўзбекистонлик имомнинг Истанбулда ўлдирилишига алоқадорликда гумонланувчилардан бири қотилликнинг янги тафсилотини очиқлади.

Қотилга кўмак беришда айбланаëтган Элдор Аслан исмли киши қотиллик янги тафсилотлари борасида терговга кўрсатма бермоқда.

Бу ҳақда Озодликка мазкур жиноятни тафтиш қилаëтган тергов гуруҳи вакили маълум қилди.

Шунингдек, Озодлик ушбу мақолани ҳозирлашда туркиялик журналист Ҳамди Қўч ўғли тақдим қилган маълумотлардан ҳам фойдаланди.

Озодликка исми ошкор этилмаслиги шарти билан суҳбат берган Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси зобити "Қотилга таржимонлик қилган Элдор Аслан берган ифода кўп нарсаларга ойдинлик киритди”¸ дея таъкидлади.

Истанбулдаги терроризмга қарши кураш бошқармаси ходимининг ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб Озодликка айтишича¸ суиқасдни уюштириш учун 20 кишилик гуруҳ Россия ва Украинадан Туркияга келган.

Суҳбатдошга кўра¸ бу гуруҳга оидлиги ҳамда қотиллик буюртмачиси дея гумон қилинган ва ëнидан Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси чиққан 30 яшар Собир Ëқубович Шукуров 35 яшар туркиялик Элдор Асланни таржимонликка ëллаган:

- Терговда Элдор 1980 йили Россияда туғилгани ва 2001 йилда Туркияга келиб табиий газ ўрнатиш ишлари билан шуғуллангани ва қаерда қандай иш бўлса қилиб юрганлигини айтди. У қотилликда гумонланаëтан Собир Шукуров билан қотиллик юз берганидан уч ярим ой олдин танишганлигини айтди. Уларни Султон деган киши таништирган. Собир Элдорга таржимон бўлишни таклиф қилган¸ деди суҳбатдош.

Туркиялик журналист Ҳамди Қўч ўғли тақдим қилган маълумотларга кўра¸ 2014 йилнинг 14 ноябри куни Собир Шукуров Анталияга учиб келиб Элдор билан учрашган ва машина кира қилиб биргаликда Анқарага келишган.

Собир Шукуровни бошқарган “Миша” ким?

Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси ходимининг ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб Озодликка айтишича¸ Собир Шукуров Туркияда эканлигида Viber тармоғи воситасида доимо “Миша” исмли киши тарафидан бошқарилиб турилган:

- Буни бизга Элдор айтди. Унинг айтишича Собир Шукуров Анқарада эканлигида “Миша” берган бир нечта манзилга боришган. Собир “Миша” фармойишларини Viber тармоғи воситасида олиб турган. Собир ва Элдор сирли бошқарувчи истагига кўра Анқарадан Анталияга қайтишган. Тўрт кун Анталияда бўлгач, Истанбулга бориш буйруғи келган. Уларнинг ëнларида Қурбон деган шахс ҳам бўлган¸ аммо у Қозоғистонга қайтиб кетган. Машинадаги GPS ускунасидаги билгилар Элдор ифодасини тасдиқлади. Улар Истанбулнинг Тузла мавзесида ўзбекистонлик сиëсатчи (Муҳаммад Солиҳ назарда тутилмоқда) яшайдиган вилла атрофига бир неча марта боришган. Вилладаги назорат камераси ҳам уларнинг ташрифини қайд қилган¸ дейди суҳбатдош.

Туркиялик журналист Ҳамди Қўч ўғли тақдим қилган маълумотларга кўра¸ Собир Шукуров ва Элдор Аслан уч маротаба Муҳаммад Солиҳ яшайдиган вилла олдига борган.

Машинадаги GPS ускунасидаги билгиларга кўра¸ Собир Шукуров ва Элдор Аслан ўзбекистонлик имом Мирзағолиб Ҳамидов фаолият юритадиган Истанбулнинг Зайтунбурни мавзесида жойлашган мадрасани ҳам бориб кўришган.

Истанбулдаги терроризмга қарши кураш бошқармаси ходимига кўра¸ Элдор Аслан ва Собир Шукуров видеокамераларга чап бериш учун пастқам йўллардан юришган:

- Элдорнинг айтишича¸ улар 8 кун давомида Истанбулда кузатиш ишларини олиб боришган. Собир Шукуров шаҳарнинг Тузла маҳалласида Солиҳ яшайдиган виллани бир неча марта суратга олган. 2014 йилнинг 8 декабрь куни Собир Шукуров тўқ рангли сумкага устида грузин тилида ëзувлар ëзилган қора рангли пистолетни солиб¸ уни 27 ёшли чечен миллатига мансуб Украина фуқароси Зелимхон Махтиевга берган. Улар ўз орасида Махтиевни “Мага” деб аташган. Бу воқеадан бир кун олдин Собир Шукуров “Миша” билан гаплашган.

Шукуровнинг Миша билан суҳбатда “Бу ишни “Мага” бажаради" деганини Элдор эшитган.

Элдор Асланнинг терговда берган кўрсатмаларидан иқтибос келтирган зобитга кўра¸ Собир Шукуров “Миша” деган сирли бошқарувчи фармойишига кўра¸ Истанбулда истиқомат қилувчи ўзбек имом Мирзағолиб Латифович Ҳамидовга суиқасдни ташкиллаштирган.

Зобитнинг айтишига кўра¸ Собир Шукуров ўз айбига иқрор бўлмаган ва тергов мобайнида асосан сукут сақламоқда.

Истанбулдаги терроризмга қарши кураш бошқармасининг гумон қилишича, Собир Шукуров Ўзбекистон хавфсизлик тизимларида ишлаган бўлиши мумкин.

Собир Шукуров Ўзбекистон фуқароси Ҳамидовнинг ўлдирилишини ташкил қилганликда айбланмоқда.

Андижоннинг Шаҳрихон туманида туғилган 39 яшар имом Мирзағолиб Латифович Ҳамидов 2014 йил охирида Истанбулда отиб ўлдирилган эди.

Истанбулдаги терроризмга қарши кураш бошқармаси зобити олдинги суҳбатимизда "Қотиллик излари Ўзбекистон ва Россияга олиб бормоқда", дея таъкидлаган эди.

Лекин суҳбатдошимиз Ўзбекистон ва Россиядаги айнан қайси доиралар қотилликни буюрганини аниқлаштирмаган эди.

XS
SM
MD
LG