Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:19

Подмосковьеда 12 кун аввал йўқолган ўзбек муҳожири шифохонадан топилди


Зайнобиддин Исоқов.
Зайнобиддин Исоқов.

Подмосковьенинг Ярославский йўналишидаги Маленковская темир йўл бекатида 1 март куни йўқолиб қолган жалолободлик Зайнобиддин Исоқовни қидираётган унинг яқинлари Озодликка мурожаат қилди. 12 кундан буён дом-дараксиз кетган муҳожир тўғрисида лавҳа эфирга узатилаётганида, ўзбек муҳожири Москванинг Склифосовская шифохонасининг реанимация бўлимида ўрта оғирликдаги аҳволда топилгани тўғрисида хабар келди.

Жалолободнинг Сузоқ тумани Орол қишлоғида истиқомат қилувчи 53 ёшли Зайнобиддин Исоқов Москва шахрида Ярославский темир йўл линиясида 1 март куни йуқолиб қолган эди.

Унинг Озодликка мурожаат қилган ўғли Авазбек 3-4 кун олдин отасини қидириб Москвага келгани ва отаси ўзи билан бирга ишлган ишчиларга якшанба куни тушликдан кейин қайтиб келишини айтиб кетганини гапириб берди.

Авазбек Қирғизистондан унинг катта акаси ҳам келгани ва Маленковская темир йўл бекати станциясига отасини қидиришга кетганини айтди. Айни пайтда, Москва метрополитенидаги полиция бўлимида йўқолган шахсни Москва вилоят полицияси ёрдамида излашни тавсия қилишган.

Зайнобиддин Исоқов 15 йилча Москва шаҳри ва вилоятига келиб, квартира таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келган. У рус тилини яхши билгани туфайли ўзининг доимий мижозларига эга бўлган ва шулардан бири – зеленоградлик Лариса Зайнобиддин Исоқовни қидиришда кўмаклаша бошлаган.

Материал эфирга узатилаётган пайтда Лариса Озодликка ўзбек муҳожирини Москва шаҳрининг Склифосовский Тез ёрдам институтида аниқлаганини гапириб берди.

- Мен уни топдим. Душанба куни мен Склифосовский институтига бораман. Тахминларимга кўра, уни қаттиқ калтаклашган, чунки у шифохонанинг психосоматика бўлимида ётибди экан. Бу бўлимда одатан бош суяги жиддий жароҳатланганлар ётади. 12 кун давомида у яқинлари билан алоқага чиқа олмаганидан вақтинчалик хотира йўқолган бўлиши мумкин, деб ўйлаяпман. Мен уни Захар деб атайман. Захарни мен анчадан буён биламан, қурилишларимизда бизга кўмаклашган. Боллари-қариндошларини танийман – ўзимизга ҳам қариндошдек бўлиб қолган. Энг асосийси – тирик топганимизга хурсандман, дейди Зайнобиддин Исоқовни топиш учун шаҳар ва вилоятнинг ўнлаб шифохоналарига қўнғироқ қилганини айтган Лариса.

Москва шаҳар Склифосовский Тез ёрдам институтида Озодлик сўровига Зайнобиддин Исоқов ҳозирда психосоматика бўлимида экани, кеча кечқурун қаттиқ иситмалагани, аммо бугун бирмунча аҳволи яхшилангани, шунингдек умумий ҳолати ўртача оғирликдалигини билдиришди.

Навбатчи шифокор Исоқов психосоматика бўлимига аҳволи бирмунча яхшиланганидан кейин реанимациядан ўтказилганини ҳам маълум қилди.

Эслатиш жойизки, салкам бир йил олдин Зайнобиддин Исоқов йўқолиб қолган Маленковская темир йўл бекатидан узоқ бўлмаган Пушкино шаҳарчасида 23 яшар маҳаллий фуқаро Леонид Сафьянниковни ўлдиришда айбланиб фарғоналик Жаҳонгир Аҳмедов қўлга олинган эди.

Бошидан жароҳат олиб шифохонада ўзига келмасдан нобуд бўлган Сафьянников хотирасига Пушкино шаҳрида “Спартак” футбол жамоаси ишқибозлари ва ўлган йигитнинг дўстлари оммавий митинг уюштириб, бу норозилик акцияси оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаргани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG