Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:45

Тошкентдаги боғчада 6 ёшли болакайни зўрлаган қоровул ҳибсга олинди


Озодликка кейинги пайтларда ёш болаларни зўрлаш ҳолатлари борасида бир қанча хабарлар келган
Озодликка кейинги пайтларда ёш болаларни зўрлаш ҳолатлари борасида бир қанча хабарлар келган

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 343-сонли болалар боғчасининг қоровули, 22 яшар йигит боғча тарбияланувчиси бўлган 6 ёшли ўғил болани зўрлаганликда айбланиб ҳибсга олинди. Ушбу воқеа ортидан пойтахтдаги барча боғча ва мактабларда ота-оналардан болаларининг хавфсизлиги учун ўзлари кафил экани борасида тилхат олинмоқда.

Ушбу воқеа жорий йилнинг 11 март куни содир бўлган. Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг Озодликка айтишича, 22 яшар қоровул ўша куни кечқурин ҳибсга олинган:

“Ўтган чоршанба куни тарбиячи аёл уйига кетишга шошилган. Соат еттигача ўша боланинг ота-онасини кутган. Лекин улар келишмагач, болани қоровулга ташлаб кетган. Қоровул эса болани зўрлаган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Шайхонтоҳур туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 22 яшар қоровул йигит воқеадан бир неча соат ўтгач ҳибсга олинган:

“1993 йилда туғилган фуқаро ҳибсга олинди. У дастлабки тергов жараёнидаёқ 6 яшар ўғил болани зўрлаганлигини бўйнига олиб, кўрсатма берди. Ҳали иш ёпилгани йўқ”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исмини очиқламаётганимиз Озодлик манбаси.

Ҳозирда 22 яшар қоровулга нисбатан очилган жиноят ишини Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлими ходимлари ўрганмоқда. Тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

Озодликка 6 яшар бола, қоровул ва тарбиячининг исми шарифи маълум. Лекин тергов жараёни ниҳоясига етмагани ва аҳлоқий сабабларга кўра, уларнинг шахсини очиқламаяпмиз.

Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 6 ёшли болакай тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга руҳий кўмак кўрсатилмоқда:

“Болачага тўла тиббий ёрдам кўрсатилди. Мед-текширувдан ўтказилиб, психологлар бириктирилган, улар ҳали ҳам ишлаяпти. Бола ўзига келиб қолган. Бугун, душанба кунидан бошлаб бола яна боғчага чиқа бошлади. Ўзини жуда яхши ҳис қилаяпти”, деди таълим бошқармасидаги манба.

Ушбу воқеа бўйича 343-болалар боғчасининг раҳбарияти ва туман халқ таълими бўлими мутасаддилари бир неча бор терговга чақиртирилган. Бироқ Озодлик манбаларига кўра, боғча маъмуриятидан ҳеч кимга ушбу воқеа бўйича иш қўзғатилмаган. Ҳеч бир ходим, жумладан, 6 яшар боланинг тарбиячисига ҳам ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Тошкентлик манбаларга кўра, ушбу воқеадан сўнг пойтахтдаги барча болалар боғчалари ва мактабларнинг бошланғич синфларида ота-оналар иштирокида йиғилиш ўтказилган:

“Ҳозир ҳамма мактаб-боғчаларда ота-оналарни чақириб, бўлган воқеани айтиб бераяпти ва фарзандига хушёр булишни айтишаяпди. Мактаб- боғчаларда ота-оналардан тилхат ёздириб олинмоқда. “Фарзандимга бирон кор-ҳол бўлиб қолса, ўзим жавобгарликни зиммамга оламан”, деган мазмунда. Тилхатни бугун олишди. Мактаб раҳбарияти маъсулиятни ўзидан соқит қилиш учун шундай қилаяпти”, деди фарзанди учун тилхат ёзганини айтган тошкентлик манба.

Озодликка кейинги пайтларда ёш болаларни зўрлаш ҳолатлари борасида бир қанча хабарлар келган

Шу кунларда 11 яшар синглисини зўрлаган Хоразмнинг Гурлан тумани Гулистон қишлоғида яшовчи 18 яшар коллеж ўқувчисининг тергов жараёни давом этмоқда.

13 яшар синглисининг номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 25 яшар йигит 13,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўтган ойда Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи 7 яшар қизалоқни зўрлаган 15 яшар ўсмир тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ўсмир Бешариқдаги мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси, қизча ҳам шу мактабнинг 1-синфида ўқийди. Ҳозирда ушбу воқеа учун мактаб раҳбариятини жазолаш масаласи кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG