Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Қирғизистонда йиллаб ҳибсда сақланаётганлар тақдири муҳокама қилинмоқда


Қирғизистонда судланмай ёки оқланмай йиллаб ҳибсхонада сақланаётганлар тақдири ниҳоят жамоатчилик эътиборига тушди. 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг тақдирини суд ҳал қила олмай йиллаб ҳибсда сақланганлар орасида ўнлаб ўзбеклар ҳам бор эди

Айни кунларда Ўшдаги 5-ҳисбхонада 22 ёшли Раҳмонжон қизи Бурулой 3 ойлик фарзанди билан ҳибсда сақланмоқда. Унинг ҳибс қилинишига гўёки унинг жиноий ижроия инспекциясида рўйхатдан ўтмагани ва яшаш жойини ўзгартиргани сабаб бўлган.

Унинг адвокати Валериан Вахитовга кўра, 2013 йили Раҳмонжон қизи экстремистик материалларни сақлашда айбланиб шартли равишда 1 йилга ҳукм қилинган.Шу йилнинг март ойида эса 3 ойлик боласи билан қайта ҳибс қилинган.

- Биз ушбу ҳолатда қонунчилик нормалари қўпол тарзда бузилган деб ҳисоблаймиз, бу ишни қийноқ, деб ҳисоблаймиз. Негаки одамни 3 ойлик чақалоғи билан бирга қамаб қўйишди. Бу ўринда Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 16-моддаси бузилган. 16-модданинг 4-пунктига асосан, Қирғизистон Республикасида болалар манфаати устиворлиги принципига амал қилиниши ёзиб қўйилган. Раҳмонжон қизи Бурулой аввал участка нозирига мурожаат қилганини ва участка нозири доимо уни назорат қилиб турганини ҳамда у яшаш жойини ўзгартирмаганини аймоқда, - дейди Валериан Вахитов.

Шоҳида исимли яна бир қиз эса жиноят қилганликда гумонланиб 3 йил вақтинча сақлаш изоляторида суд ҳукмини кутиб ўтирган. Уч йилдан сўнг ўтказилган суд жараёнида Шоҳида оқланган. Лекин у ҳисбда сақланиш жараёнида руҳий азобланиш ортидан гапира олмай ва юра олмай қолган.

Қирғизистон мисолида бундай воқеаларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, 2010 йилда оммавий тартибсизликларда ва қотилликда айбланиб қўлга олинган Дилмурод Ҳайдаров, Ғани Содиқжонов, Ҳайрулло Соипов, Шукрулло Қўчқоров, Дониёр Қодиров, Баҳодир Собиров тўрт йиллик ҳисбдан сўнг суд ҳукми билан озодликка чиқарилди. Уларнинг иши судларда беш маротаба қайта ўрганилишга жўнатилган ва сўнгги суд жараёнида улардан қотиллик айблови олиб ташланган.

Қирғизистон Омбудсмени Бақит Аманбаев айни пайтда ҳибсхоналарда бу каби оқланмай ёки судланмай суд ҳукмини кутиб касалликка чалинган юзлаб одам борлигини айтади. Шу сабабли у суд жараёни муддати аниқ белгилаб қўйиладиган қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиқмоқда.

-Фуқароларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари бўйича ҳалқаро келишимда, БМТнинг Токио қоидалари деган резолюциясида “Судлар одамларнинг жазо чорасини кўриб чиқаётганида, уларнинг ҳуқуқларини энг кам даражада чекловчи жазо чорасини қабул қилишга мажбур деб ёзилган”, - дейди Бақит Аманбаев.

Собиқ судя Қурманбек Ўсмўнов эса жараёнлар бир неча йилларга чўзилиб кетишининг олдини олиш учун судлар масъулиятини кучайтириш зарурлигини айтади:

- Сабабсиз ишни кўриб чиқиш муддатини бузган расмийлар- терговчими, судями жавобгарчиликка тортилиши керак. Совет даврида ҳеч бўлмаганда партиявий жазога тортилар эди. Ҳозир интизомий жазо чоралари қўлланилган ҳолатлар бор. Лекин жазо чораларини кучайтириш керак. Акс ҳолда судлар ишларни чўзаверади, одамлар эса йиллаб ҳибсхонада ётаверади, - дейди Қурманбек Ўсмўнов.

XS
SM
MD
LG