Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:29

Қирғизистон Ўзбекистонга яна нота жўнатмоқчи


Икки давлат ўртасида чегараларнинг ёпиқ қолаётганидан оддий халқ қийналмоқда.
Икки давлат ўртасида чегараларнинг ёпиқ қолаётганидан оддий халқ қийналмоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш жараёнини жонлантириш масаласида Қирғизистон ҳукуматининг Тошкентга юбораётган ноталари жавобсиз қолаётганига қарамай, Бишкек Тошкентга яна бир нота тайёрламоқда. Бишкек расмийлари Ўзбекистон чегараларни аниқлаш жараёнини номаълум муддатга музлатиб қўйганини иддао қилаётир.

Қирғизистон ҳукуматининг чегарани аниқлаш бўйича вакили Қурмонбек Искандеровнинг айтишича, Ўзбекистонга чегараларни аниқлаш жараёнини жонлантириш масаласида бундан аввал ҳам бир неча нота жўнатилган. Бироқ расмий Тошкент бу ноталарга жавоб берган эмас. Аммо шунга қарамай, қирғиз томони бу масалада Тошкентга яна бир нота тайёрламоқда.

2013 йилда Қирғизистон ҳукумати деярли олти йилдан бери музлатиб қўйилган ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш жараёни қайта бошлангани ва давлатлараро комиссия бу маслада ҳар уч ойда бир мартадан йиғилиб, муаммони ҳал этиш йўлида ишлашини маълум қилган эди.

2013-2014 йил давомида чегарани аниқлаш бўйича комиссия бармоқ билан санарли учрашувлар ўтказди, аммо чегаранинг аниқланган ҳудудлари юзасидан бир қарорга кела олмади. Қирғизистон томони икки давлат ўртасидаги чегаранинг 1378 километри аниқлаб бўлинган, деб ҳисобласа, Ўзбекистон делегацияси чегаранинг фақат 700 километри аниқлаб бўлингани тўғрисидаги шартномани имзолашга тайёр эканини билдирган. Шундан сўнг чегарани аниқлаш жараёни яна музлатиб қўйилган эди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев 16 февраль куни қирғиз парламентига берган ҳисоботида мамлакатнинг яқин қўшниси Ўзбекистон билан муносабатларда ижобий натижаларга эришилмагани ҳақида гапириб, расмий Тошкент бир томолнлама равишда барча соҳалар бўйича икки томонлама диалогларни музлатиб қўйгани ҳақида баёнот берган эди.

“Ўзбекистон ва Тожикистон билан муносабатларимиз ноаниқлигича қолмоқда. Россиянинг минтақадаги позицияси кучайиб бораётганини, жумладан, Россиянинг Қирғизистондаги сув-энергетика лойиҳасидаги иштирокини эътиборга олсак, Тошкент ўзининг позициясини яққол намоён этди. Бу позиция Тошкентнинг икки томонлама диалогларни музлатииб қўйганида ва мамлакат жанубига газ беришни тўхтатганида акс этди”, - деган эди Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев.

Аммо Ўзбекистон томони қирғиз расмийларининг бу баёнотлари юзасидан шу кунгача ўз муносабатини билдирган эмас.

Таҳлилчиларга кўра, чегараларнинг ёпиқлиги ва икки мамлакат ўртасидаги 50дан ортиқ ҳудудда чегара чизиғининг шу кунгача белгиланмагани ортидан нохуш воқеалар тез-тез содир этилмоқда.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати 2014 йилда чегарадан ноқонуний ўтишга уринган 70 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG