Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:52

General Motors: Россиядан кетиш GM-Uzbekistan ишига таъсир қилмайди


Атиги 3 йил муқаддам Россиянинг шитоб билан кенгаяётган автомобил бозорига умид қилган халқаро концернлар бу давлатдан сармоясини соғ-омон олиб чиқиш устида бош қотирмоқда. Жумладан, ўтган ҳафта АҚШнинг автомобилсоз гиганти General Motors заводни ёпишини маълум қилди. Бундан "хавотир" билдирган Россия ҳукумати бўшаётган бозорни "бошқалари тўлдириши"га умид қилмоқда. Ширкатнинг Ўзбекистондаги вакиллиги эса бу ҳолат GM-Uzbekistan фаолиятига таъсир қилмаслигини айтмоқда.

GM-Uzbekistan режалари ўзгаришсиз қолади

Ширкатнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмийлари Россиядаги заводнинг ёпилиши Ўзбекистондаги бизнесга таъсир қилмаслигини таъкидламоқда.

РИА-Новости агентлигига сўзлаган "Ўзавтопром" ширкати мулозими айни пайтда "бироз мушкул" кечаётган бўлса-да, келгусида Россияга мўлжалланган экспорт ҳажми ва таркибида ўзгариш бўлмаслигини билдирди.

АҚШнинг General Motors ширкати Санкт-Петербургдаги заводи фаолиятни тўхтатишни режалаётганини 18 март куни эълон қилди.

Ширкат раҳбарияти ўз қарорини Россия бўйлаб GM автомобиллари савдосининг сезиларли даражада озайгани билан изоҳламоқда. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2014 йилда Россияда General Motors автомобилларини ишлаб чиқариш 10% фоизга қисқарди.

2012 йилда қурилган режа пучга чиқди

GM раҳбарияти, шу жумладан, унинг собиқ раҳбари Дэн Акерсон йилиги 350 минг атрофида автомобил ишлаб чиқариши мўлжалланган заводни 2012 йилда ишга туширган эди. Бу лойиҳа учун беш йил ичида 1 миллиард доллар атрофида сармоя киритиш режаланган эди.

2012 йилда Россиядаги автомобил бозори Европанинг энг йирик бозори ҳисобланган Германияни бир неча йил ичида ортда қолдириши прогноз қилинган ва General Motors ширкати режаси ўша давр учун ўта реал лойиҳа сифатида баҳоланган эди.

Аммо, 2015 йилнинг март ойига келиб, халқаро автомобилсоз ширкатларнинг бу борадаги орзулари қисқа муддат ичида пучга чиққани аён бўлди. Нефть нархининг тушиши, Украина бўҳрони ортидан Россияга Ғарб қўллаган санкциялар оқибати ва Россия рублининг инқирози автомобил бозори тақдирини кутилмаган ўзанга буриб юборди.

Натижада, февраль ойида бу давлатдаги автомобил савдоси кўрсаткичи 40 фоизга тушиб кетди.

Россия ҳукумати GM қароридан "хавотирда"

Россия президентининг сўзчиси, Дмитрий Песков, Россия ҳукумати General Motors ширкатининг шу йил охирига қадар Санкт-Петербургдаги заводини ёпиш қароридан “хавотирда” эканини айтди.

Аммо General Motors ширкатининг чиқиб кетиши Россия иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаган Песков "бир ширкат кетса, унинг ўрни дарҳол бошқаси билан тўлдирилади," деди.

Аммо, Россияни тўлиқ ёки қисман тарк этаётган автомобилсоз ширкат фақат GM эмас. Аввалроқ Ford ва Nissan ширкатлари ҳам Россияда автомобил ишлаб чиқариш кўлами қисқаргани ҳақида эълон қилган.

GM Ўзбекистондаги бозорнинг "қироли"

General Motors автомобилларининг улуши Ўзбекистон авто бозорида 90 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Бу дунё бўйлаб General Motors автомобиллари сотиладиган барча бозорлари ичида энг юқори кўрсаткичдир.

Бироқ, ўтган икки ой ичида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган General Motors автомобилларининг Россияда сотуви 57% қисқарди. Шундай бўлса-да, General Motors Асакадаги автомобил заводига сармоя киритишни озайтиргани йўқ.

Ўзбекистондаги автомобил бозорини яқиндан кузатувчи таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда ширкатга “ягона монополист” мақомига эришган. Жумладан, Automotive News Europe нашрининг муҳаррири Дуглас Болдак: "General Motors мамлакатда аввал эришилган шартномалар асосида автомобил бозорининг калитини қўлга киритган. Шу боис, гўёки бозорнинг қиролига айланган бўлсангиз, бозордаги турли ноқулай оқибатларни осонлик билан ҳал қилишингиз мумкин", деб ҳисоблайди.

Иқтисодий таҳлилчилар ишонишича, зарурат туғилса, General Motors Россияга автомобил етказиб беришда айнан Ўзбекистондаги заводига таяниши мумкин.

Бироқ, General Motors бўлғуси сотув стратегияси ғарб давлатларининг Россияга нисбатан жазо чораларини қанча давом эттиришига ва рубл инфляцияси даражасига боғлиқ бўлади, дея хулоса билдиради таҳлилчилар.

XS
SM
MD
LG