Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:42

ЕХҲТ Каримов номзоди сайловга ноқонуний қўйилганига ишора қилди


ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссияси 20 март куни оралиқ ҳисоботини эълон қилди. Унда президентлик муддати Ўзбекистон Конституциясида кетма-кет икки муддат билан чеклаб қўйилган боис, амалдаги президент Ислом Каримовнинг номзоди учинчи бор қайта сайловга қўйилгани ноқонуний эканига ишорат қилди.

Бу ҳақда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссиясининг 20 март кунги оралиқ ҳисоботида таъкидланади.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 1992 йилда қабул қилинган. Ислом Каримов эса 1989 йилдан буён ҳокимият тепасидадир.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг жаноб Каримов 1991, 2000 ва 2007 йиллардаги президент сайловлари орқали қайта сайланди.

2002 йилда Ўзбекистонда президентлик муддати референдум йўли билан беш йилдан етти йилга узайтирилди.

2011 йилда эса Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатда президентлик муддати етти йилдан қайта беш йилга қисқартирилди.

Ўзбек расмийларининг ЕХҲТ кузатувчиларига берган тушунтиришларга кўра, “муддат” ибораси йилларнинг аниқ сонини билдиради, шунинг учун ҳам ҳозирги президентлик муддати етти йил, кейинги президентлик муддати эса беш йил бўлгани учун, бу икки муддат кетма-кет икки муддат сифатида ҳисоблана олмайди.

ЕХҲТ миссияси Ўзбекистонда етти йиллик президентлик муддатини беш йиллик муддатга қисқартириш ноқонуний бўлганига эътибор қаратди.

Ўзбекистонда Референдум тўғрисидаги қонунга мувофиқ референдум натижасида олинган қарорлар олий юридик кучга эгадир ва бундай қарарлар фақат референдум йўли билангина бекор қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига кўра, бирон шахснинг кетма-кет келадиган икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Каримов эса аслида тўртинчи муддат президентлигига даъвогарлик қилмоқда.

Февраль ва март ойларида Ўзбекистондаги бир қатор жамоатчилик гуруҳлари президент Ислом Каримовни номзод сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссияси қарори юзасидан Ўзбекистон Конституциявий суди, Бош прокуратура, Сенат ва Марказий сайлов комиссиясига норозилик билдирдирганди.

Бугунги кунгача ҳеч қайси ҳокимият вакилларидан бирон-бир расмий жавоб берилмаган.

ЕХҲТ миссиясига кўра, президент сайловининг муҳимлигига қарамасдан, ташвиқот тадбирлари деярли кўринмайди. Номзодлар ўртасидаги рақобат ҳам унчалик катта эмас, амалдаги президент бошқа номзодлар томонидан президентликка энг мақбул номзод сифатида тавсифланмоқда.

"Гарчи тўрт нафар номзод республика бўйлаб халқ билан учрашувлар ўтказиш жараёнида бўлсалар-да, одатда уларнинг номларидан расман рўйхатдан ўтказилган вакиллари чиқмоқда. Партиялар ЕХҲТ/ДИИҲБ СКЧМга берган маълумотга кўра, улар биноларнинг ичларида учрашувлар ўтказмоқдалар ҳамда хонадонма-хонадон тарғибот-ташвиқот олиб бормоқдалар", дейилади миссия ҳисоботида.

ЕХҲТ кузатувчилари эга бўлган маълумотга кўра, Ўзбекистонда сайловда қатнашаётган партиялар ташвиқот тадбирлари билан боғлиқ ҳаражатлар учун ҳар бири 842 миллион сўм (тахминан 327 000 евро) миқдорида давлат бюджетидан маблағ олганлар.

Ўзбекистонда президентлик сайлови 29 март кунига белгиланган. Гарчи сайловда жорий президент билан учта номзод беллашиши айтилса-да, кузатувчилар сайловдан ғайироддий натижалар кутилмаётганини айтишмоқда.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти 24 март куни Ўзбекистонда адолатли сайловлар учун имконият йўқлиги ҳақида баёнот чиқарди.

"Барча номзодлар илгари сурилишидан олдин президент маъмурияти тасдиғидан ўтган номзодлардир. Президентликка даъвогарлар орасида мухолифатдан ҳеч ким йўқ. Номзодлар ҳақида фуқаролар ҳукумат нашрларию Марказий сайлов комиссияси плакатларидан билмоқда", - дейилади ташкилот баёнотида.

XS
SM
MD
LG