Сешанба куни эрталаб Фарғона шаҳрида эсган кучли шамол ўнга яқин янги қурилган кўп қаватли уй ва бошқа объектларнинг томини қўпориб ташлади. Маълумотларга кўра, хонадон эгаларига шикаст етмаган. Фарғона шаҳар ҳокимлиги табиий офат оқибатини бартараф қилиш учун ҳамма имкониятини ишга солаётганини таъкидлади.
Сешанба, 24 март куни эрталаб соат 9 ларда Фарғона шаҳрида эсган кучли шамол дарахтларни синдириб, электр симларини узиб юборди. Янги қурилган ўнлаб уйнинг томини металл конструкцияси билан қўшиб қўпориб ташлади.
Шамол етказган зарарга гувоҳ бўлган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев бундай кучли шамолни у шу пайтгача кўрмаганини айтди:
- Жуда ҳам кучли шамол бўлди, тарихда бўлмаган шамол бўлди. Тўзон кўтарилиб, шаҳарни ичида ҳеч нарса кўринмай қолди. Черепица ва тунука билан ёпилган томларни металл конструкцияси билан бирга кўтариб юборди, - дейди ҳуқуқ фаоли.
Абдусалом Эргашевнинг айтишича, шамол асосан янги қурилган уйларнинг томини қўпориб ташлаган:
- Совет замонида қурилган эски биноларга ҳеч нарса қилмаган. Асосан, янги уйларнинг томини учирган. Тўқимачилик комбинатининг эски ётоқхонаси ўрнига қурилган янги тўрт қаватли уйнинг томи тушиб кетибди. Асакабанкнинг орқасидаги ҳали одамлар кўчиб кирмаган, лекин тайёр бўлган янги уйнинг томи ҳам учиб тушган. Ҳатто, футбол майдончаларининг тўпни қайтарадиган сеткалари ағдарилиб тушган, - дейди Абдусалом Эргашев.
Суҳбатдошнинг айтишича, эрталаб кўпчилик ишга кетгани учун хонадон эгалари ва айни пайтда, уй ёнида қўйиладиган автомобиллар фалокатдан сақланиб қолган:
- Мен ҳозир ички ишлар бошлиғи билан гаплашдим. Жароҳатланган ва ўлганлар йўқ, деяпти, - деди Абдусалом Эргашев.
Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда кучли шамол шаҳар коммунал тизимига анча зарар етказганини тан олди:
- Эрталабдан шаҳар ҳокими барча тегишли ташкилотларга топшириқлар берди. Газ, сув, свет, МЧС, ободонлаштириш ҳаммаси кўчада, зарар етган объектларни текшириб, зарур чораларни кўришяпти, - деди ҳокимлик мулозими.
Айни пайтда шаҳар ҳокимлиги қанча зарар етгани ҳозирча аниқланаётганини қўшимча қилди.
Куни-кеча Тошкентда ёққан кучли ёмғир натижасида пойтахтнинг бир қанча кўчаларини сув босди. Шаҳарнинг эски шаҳар қисмида сув тошқини уйларнинг ичкарисигача кириб кетгани хабар қилинмоқда.