Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:55

Интеллектуал мулк агентлиги раҳбарлари ишдан бўшатилди


Бош прокуратуранинг Aston Alliance ширкатига жавоб хати.
Бош прокуратуранинг Aston Alliance ширкатига жавоб хати.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги ишончли манбанинг Озодликка маълум қилишича, 20 март куни Ўзбекистон Интеллектуал Мулк Агентлигининг бош директори ва унинг биринчи муовини ўз вазифаларидан четлатилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги ишончли манбанинг Озодликка маълум қилишича, 20 март куни Ўзбекистон Интеллектуал Мулк Агентлигининг бош директори ва унинг биринчи муовини ўз вазифаларидан четлатилган.

Прокуратурадаги манбанинг айтишича, агентликнинг бир неча юқори мулозими, жумладан бош директори Зайниддин Ғиёсов ва унинг биринчи муовини Саидғани Насриддинов “коррупцияга алоқадорлик” айблови билан ўз вазифаларидан четлатилган.

Бош прокуратурадаги манбага кўра, агентлик раҳбарларининг ишдан олинишига улар устидан Aston Alliance номли масъулияти чекланган жамиятнинг прокуратурага йўллаган шикоят аризаси сабаб бўлган.

Озодлик агентлик ва ширкат ишига алоқадор материал ва ҳужжатларни қўлга киритди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси манбанинг Озодликка билдиришича, агентликнинг лавозимидан бўшатилган раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилиши ҳам мумкин.

2010 йилда Тошкентда таъсис этилган Aston Alliance ширкати маҳаллий ширкатларга патент ва авторлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келади.

Ширкат Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Россияда, Британия ва Швейцарияда ўз идораларига эга.

"Ноқонуний ҳаракатлар"

Aston Alliance ширкатининг Ўзбекистондаги вакили Санжар Мўминов Озодлик билан суҳбатда ширкат ходимларига нисбатан “ноқонуний ҳаракатлар” 2014 йил февралида бошланганини айтди.

Унинг даъво қилишича, агентлик директорининг биринчи муовини Саидғани Насриддинов Aston Alliance ширкати ходимларини ўз идорасига чақириб, воситачилар орқали агентлик хизматлари учун “ноқонуний тўловлар” талаб қилган.

Санжар Мўминов Aston Alliance ширкати “ноқонуний” талабларига “кескин” рад жавобини бергач, ширкат ходимлари ва мижозларига нисбатан босимлар кучайганини айтади.

Aston Alliance ширкати вакилининг даъво қилишича, агентлик турли важлар билан ширкат мижозларига патент ва авторлик ҳуқуқини беришдан давомли бош тортган.

Шунингдек, Aston Alliance куни кеча эълон қилган баёнотга кўра, давлат агентлиги раҳбарияти ширкат ҳақида матбуот ва ижтимоий тармоқларга бўҳтонларни тарқатган. Баёнотда таъкидланишича, давлат идораси ҳаракатларига жавобан Aston Alliance Ўзбекистон ҳукуматига қирқдан ортиқ баёнот, ариза ва шикоятлар йўллаган.

Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон Мулк Агентлиги ва Аston Alliance ўртасида Тошкентда учта суд иши кўриб чиқилди.

Суд улардан иккитасида Aston Alliance фойдасига ажрим чиқарган бўлса, учинчи тингловда агентлик ва ширкатга муросага келишни буюрди.

Бироқ, Санжар Мўминовнинг Озодликка билдиришича, Интеллектуал Мулк Агентлиги раҳбарлари томонидан "босимлар" давом этавергач, Аston Alliance шу йил бошида Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Озодликнинг мазкур даъволар юзасидан Интеллектуал Мулк Агентлиги собиқ раҳбарлари муносабатини билиш ҳаракатлари бесамар бўлди.

Интеллектуал Мулк Агентлиги бош директори вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб Махсуд Бобожонов тайинланган.

Озодлик билан суҳбатда Махсуд Бобожонов агентлик собиқ раҳбарларининг “ноқонуний ҳаракатлари” борасидаги Aston Alliance ширкати даъволари юзасидан “ҳеч нарса” дея олмаслигини билдирди.

Махсуд Бобожонов вақтинчалик раҳбар сифатида агентликда душанба кунидан ишлаётгани ва собиқ раҳбарларга алоқадор иш юзасидан тўлиқ маълумотга эга эмаслигини айтди.

Вазирлик мақомига тенг бўлган Интеллектуал Мулк Агентлиги интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини таъминловчи ягона бошқарув органи ҳисобланади.

1992 йилда таъсис этилган ушбу агентлик асосан ихтиролар, саноат намуналари, фойдали модделлар, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини экспертиза ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш билан ҳам шуғулланади.

XS
SM
MD
LG