Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:05

Ўзбекистонда президент сайлови арафасида 7 ой маош олмаганлар бор


“Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси” ишчилари 450 миллион сўмлик ҳақларини ололмаяпти.
“Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси” ишчилари 450 миллион сўмлик ҳақларини ололмаяпти.

Қорақалпоғистондаги “Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси”нинг юздан ортиқ ишчиси камида етти ойнинг маошини ололмаяпти. Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ геологлар ўтган йилнинг июль ва август ойлари маоши бир кун аввал берилгани, сентябрдан кейинги ойликларнинг қачон берилиши мавҳум қолаётганидан арз қилишди. Давлатга қарашли корхона раҳбари Озодлик билан суҳбатда маошлардан 450 миллион сўмлик қарз тўпланиб қолганини тан олди, лекин қарздорлик қачон ёпилишини аниқ айтиб бера олмади.

Қорақалпоғистоннинг Нукус тумани Шўркўл қишлоғида жойлашган “Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси” 105 нафар ишчисига ўтган йилнинг ёзидан бери маош бергани йўқ. Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига қарашли экспедиция ишчиларининг бир гуруҳи Озодликка мурожаат қилиб, ўтган йилнинг июль ва август маошлари 25 март куни берилганини билдиришди.

“Саккиз ойдан бери маош бермаётган эди, кеча икки ойникини – 2014 йилнинг июль август ойларини энди берди. 2014 йилнинг сентябридан бошлаб 2015 йилнинг март ойи маошлари қачон берилишини ҳеч ким айтмаяпти. Биз мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Прокуратурага ҳам ёздик. Нукусдан келиб текширишди ҳам, лекин натижа бўлмаяпти”, дейди геология экспедицияси ишчиларидан бири.

Қорақалпоғистонда сув қидириш ва қазиб чиқариш ишлари билан шуғулланадиган хизмат директори Бахтиёр Саидназаров Озодлик билан суҳбатда маошлардан қарздорлик муаммоси борлигини тан олди:

- Ойлик берилмаётгани сабаби, мен бу ерга яқинда бошлиқ бўлдим, декабрдани бошлаб. Мендан олдин қарздорлик кўпайиб кетган. Ой сайин қарздорлик тўпланиб келаверган. Банк ҳисобимизда пул бўлса беради, ҳисобда пулнинг ўзи йўқ. Давлат пул бериб турибди, лекин бизда “договорной” (шартнома бўйича-таҳр.) ишлар бўлган. Бундай ҳолларда бир хил жойларда сув чиқади, бир хил жойларда сув чиқмайди. Сув чиқмаган пайтда, бошқа жойдан қазиш керак бўлади, натижада иш ҳажми кўпайиб кетади, дейди экспедиция директори.

Унинг яна айтишича, ойликларнинг берилмаслиги муаммоси бундан беш йил аввал бошланган ва натижада ҳозирда ишчилар маошидан жами 450 миллион сўмлик қарздорлик тўпланиб қолган:

- Бизда қарздорликнинг кўпайиб кетишига 2010 йилдан бери маошлар вақтида берилмасдан келган, бир ой, икки ой, беш ойга кечикиб келaяпти, натижада қарздорлик кўпайиб кетяпти. Лекин ҳозирги кунда ишчилар ҳар ойда бир ойлик маош олишaяпти, дейди Бахтиёр Саидназаров.

Лекин Озодликка мурожаат қилган экспедиция ишчилари 25 март кунига қадар саккиз ойдан ошиқроқ маошсиз қолишганини таъкидлашди.

Корхона директори бунинг учун аввалги раҳбарлар масъул эканини иддао қилди:

- Бу ерда менинг битта айбим бор, шу ерга бошлиқ бўлиб келган пайтда ишни тегишли тарзда қабул қилиб олмаганман, “акт-приём” қилмаганман ва текширтирмаганман. Мана шу давр учун сиз жавоб берасиз, бу ёғига мен жавоб бераман, деб келишиб олмаганман. Шу менинг айбим, дейди директор.

Озодлик билан суҳбат сўнгида Бахтиёр Саидназаров маошлардан қарздорлик жорий йил охирига қадар тўлалигича ёпилишига умид қилаётгани, лекин буни қатъий ваъда қила олмаслигини билдирди.

“Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси” Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси қошидаги 20дан ошиқ корхонадан биридир. Мазкур корхона Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб турли ташкилотлар ҳамда хусусий шахслар буюртмасига кўра, ерости сув заҳираларини аниқлаб, уни қазиб чиқариб бериш ишларини амалга оширади.

Корхона директори экспедицияга тушадиган буюртмалар билан муаммо йўқлиги ва жорий йилда давлатга оид жами 2,5 миллиард сўмга тенг буюртмаларни бажариш режаланганини билдирди.

Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси Озодлик сўровига жавобан маошлар билан боғлиқ муаммо ечимини топиш тўлалигича экспедиция раҳбарияти зиммасида эканини таъкидлади.

Ўзбекистонда давлат корхоналарида маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Жумладан давлатга доир Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона азот заводи, Олмалиқдаги кимёвий завод каби йирик корхоналарида минглаб ишчилар ойлар давомида иш ҳақисиз қолаётгани тўғрисида Озодлик ўтган ойда хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG