Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Катта Фарғона каналида уч ёш чўкиб ўлди


Катта Фарғона каналида фожеа рўй берган куни сув кўп бўлгани айтилмоқда.
Катта Фарғона каналида фожеа рўй берган куни сув кўп бўлгани айтилмоқда.

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғи ҳудудидан ўтувчи Катта Фарғона каналида 30 март куни бир қиз ва икки йигит чўкиб нобуд бўлди. Озодлик манбасига кўра, севгани билан жанжаллашиб қолган қиз жаҳл устида ўзини каналга ташлаган. Уни қутқариш учун каналга отилган йигит ва унинг дўсти ҳам чўкиб кетган. Бироқ расмийлар қизнинг каналдан сув олаётганда сирпаниб кетгани, йигитлар эса уни қутқариш учун ўзларини сувга ташлаганини айтмоқда.

Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғининг Қатар маҳалласида истиқомат қилган 24 ёшли Зилола Абаева, 26 ёшли Шерзод Омонқулов ва Мурод Бўриқулов 30 март куни тушга яқин Катта Фарғона каналида чўкиб кетди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган булоқбошилик манбага кўра, севган йигити билан жанжаллашиб қолган қиз аччиқ устида ўзини каналга ташлаб юборган:

“Айтишларича, каналнинг ёнида қиз билан йигити жанжаллашиб қолган. Кейин қиз жаҳл қилиб, ўзини сувга ташлаган. Унинг ортидан қизни қутқарман, деб йигити ҳам ўзини сувга отган. Уларнинг чўкаётганини кўрган йигитнинг дўсти ҳам каналга сакраган. Оқибатда учаласи ҳам чўкиб кетган”, дейди манба.

Ширмонбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинининг исми сир қолишини сўраган фаоли Озодлик билан суҳбатда фоижиа рўй берганини тасдиқлади, лекин унга ишқий жанжал сабаб бўлганини инкор қилди:

“Йўқ, йўқ. Ҳеч қандай севишганлар эмас. Қиз каналдан сув олгани чиққан. Ўша куни қор ёққан, ҳамма ёқ сирпанчиқ эди. Қиз энгашиб пақирига сув олаётганда оёғи тойиб каналга тушиб кетган. Буни кўрган йигитлар эса уни қутқариш учун ўзини сувга ташлаган. Афсус ўзлари ҳам чўкиб кетди”, дейди маҳалла фаоли.

Маҳалла фаолига кўра, ҳозирча 26 яшар Муроднинг жасади топилган. Зилола билан Шерзоднинг жасадлари қидирилмоқда:

“Биласиз, катта канал, сув кўп, оқим тез. Вилоятидан қутқарувчилар келган, кўнгиллилар бир неча ўн километрда канал бўйлаб излашмоқда”, дейди маҳалла фаоли.

Бу каби воқеалар вақти-вақти билан рўй бериб туради. Ўтган йилнинг май ойида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги Оҳангарон дарёсида чўмилаётган уч ўсмир автомобиль баллонида дарёни сузиб ўтмоқчи бўлганида баллон ағдарилиб кетган ва чўкиб кетган эди.

2013 йилнинг 11 июн куни Қарши шаҳрида магистрал канал атрофини тозалашга жалб этилган академик лицей талабаларидан бири сувга чўкиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG