Санаадаги Россия дипломатининг Озодликка билдиришича¸ 31 март куни Россия президенти билан ўтказилган телефон суҳбатида яна беш йилга президентликда қолган Ислом Каримов ҳамкасби Путиндан уруш гирдобида қолган Ямандаги ўзбекистонлик врачларни олиб чиқишда ëрдам беришни сўраган. Айни соатларда Россия дипломатлари нафақат ўзбекистонлик¸ балки бутун постсовет давлатлари фуқароларини рўйхатга олиш ва уларни учқич орқали Ямандан олиб чиқишни бошлаган.
Ямандаги Россия элчихонаси дипломатининг Озодликка билдиришича¸ мамлакатдаги вазият соат сайин ëмонлашиб бормоқда ва 1 апрель куни Россия Фавқулодда вазиятлар бўйича вазирлигига қарашли биринчи учқич бу мамлакатда ишлаб келган постсовет давлатлари фуқароларининг дастлабки гуруҳини олиб чиқиб кетган:
- Ўзбекистон фуқароларини Ямандан олиб чиқишни шахсан президент Каримов президент Путиндан илтимос қилди. Ўзбекистонликлар бизга қўнғироқ қилиб (967-01-278-719) тезлик билан рўйхатдан ўтишлари керак. Вазият соат сайин ëмонлашмоқда ва яқин кунларда бу ердан фавқулодда эвакуация қилиш ҳам тўхтаб қолиши мумкин¸ деди Санаадаги Россия дипломати.
Элчихона вакилига кўра¸ Яман ҳудудига Саудия бошчилигидаги минтақавий коалиция ҳарбийлари ҳаво ҳужумларини кучайтираëтган ҳозирги вазиятда Россия Ташқи ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бутун постсовет ҳудудидан келганларни эвакуация қилишни ўз зиммасига олган.
"Тошкент риëддагиларга топшириқ берган"
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ямандаги вазиятга оид масалаларни мувофиқлаштираëтган масъулларидан бири ҳам Тошкент ҳукумати Ямандаги ўз фуқароларини олиб чиқиш борасида ëрдам сўраб Россияга мурожаат қилганини тасдиқлади.
“Яманда Ўзбекистон элчихонаси йўқ. Вазият билан Саудия Арабистонидаги Ўзбекистон элчихонаси¸ Жиддадаги консуллик шуғулланмоқда. Улар ҳозир Санаадаги Россия элчихонаси билан бирга ишлашмоқда. Фуқароларимиз Санаадаги Россия элчихонаси¸ ëки Риëд ва Жиддадаги ўзбек консуллигига мурожаат қилшлари лозим. Биз ҳамма нарсани билиб турибмиз ва жиддий ишлаяпмиз. Элчилик ва консулликдагиларга телефон орқали фуқаролар саволига жавоб бериш ва уларга нима қилишни айтиш топширилган ”¸ деди Ташқи ишлар вазирлиги масъули.
Президенти Саудия Арабистонига қочиб¸ пойтахт Санаа¸ қолаверса Аден ва Ҳудейда каби йирик шаҳарлари шиа исëнчиларининг Ҳутий гуруҳи қўлига ўтган Яман ҳудудини 28 март кундан бери Саудия етакчилигидаги минтақавий коалиция бомбардимон қилмоқда.
Шиа исëнчиларини қўллаб-қувватлаëтган Эроннинг минтақавий таъсирини кесиш мақсадида Саудия Арабистони бу ҳужумлар Ҳутий исëнчилари тор-мор қилиниб¸ мамлакатнинг легитим президенти ҳокимиятга қайтмагунча давом эттиражагини таъкидламоқда.
Ўзбекистонликлар ўз муаммосини ўзи ҳал қилишга уринмоқда
Бир неча йилдан бери фуқаролик уруши давом этаëтган Яман эндиликда Саудия Арабистони ва бошқа хориж давлатлари ҳарбийларининг уруш жабҳасига айланган ҳозирги кунларда бу мамлакатда Озодликка айтилишича¸ 3000 нафарга яқин ўзбекистонлик врач бор.
1 апрель куни Озодлик мухбири суҳбатлашган врачлардан бири¸ ўзи яшаëтган Ҳудейда ҳудудида туни билан ҳаво ҳужумлари тўхтамагани¸ ишлаëтган касалхонасига сут заводининг бомбаланиши оқибатида ўлган ва яраланганлар олиб келинаëтганини билдирди:
- Бунақа бомба биз ишлаëтган ëки яшаëтган жойга тушмаслигига умуман кафолат йўқ. Касалхонамизда ҳинд ҳамширалари ишлайди. Уларнинг айтишича¸ Аден тарафда битта порт очиқ экан¸ Ҳиндистон кемалари ўз фуқароларини шу ердан олиб чиқиб кетаëтган экан. Биз турган шаҳарда турк инженерлари ҳам бор. Улардан сўрасам¸ Туркия самолëтини Яманга олиб киролмас экан. Турк ҳаво йўллари Қизил денгиздаги Жибути деган шаҳарга келаркан¸ ундан у ëғига турк самолëтида кетишаркан. Улар ҳозир ўша томонга машинада кетишаяпти. Биз нима қилишимизни билмай ўтирибмиз¸ деди ўзбекистонлик врачлардан бири.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларининг Ямандаги ўз фуқароларини эвакуация қилиш жараëнига тўхталган бу суҳбатдош¸ айни кунларда Санаадаги Россия элчихонаси телефон орқали регистрация қилишни бошлагани¸ лекин ҳозирча Ямандан қачон ва қандай олиб чиқиб кетилиши ҳақида аниқ маълумот берилмаëтганини билдирди:
- Россия элчихонасининг телефонлари банд¸ бугун тушиб бўлмаяпти. Саудийдаги ўзбек элчихонасига телефон қилсак¸ у ердагилардан аниқ гап чиқмаяпти. Биз Ўзбекистондан расман рухсат олиб келмаганмиз¸ ҳамма ўз йўлича келган. Бунақа вазиятда бизни Тошкент ҳукумати қутқарадими¸ йўқми билмаймиз¸ дейди ўз исми айтилишини истамаган ўзбекистонлик врачлардан бири.
Суҳбатдан аëн бўлишича¸ кўпчилик ўзбекистонлик врачлар Яманга Ўзбекистон тегишли идораларидан рўйхатдан ўтмай келгани ва бу ерда ишлаб топган даромадидан Ўзбекистонга солиқ тўламаганидан қўрқиб¸ "ўзича келган бу мамлакатдан ўзича чиқиб кетиш" йўлини қидиришни маъқул топмоқда.