Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Ўзбекистон йўлларининг янги раҳбари ўзгариш ваъда қилмоқда


Республика Йўл жамғармаси янги директори Меҳриддин Абдуллаев
Республика Йўл жамғармаси янги директори Меҳриддин Абдуллаев

Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика Йўл жамғармаси раҳбари этиб тайинланган 46 яшар Меҳриддин Абдуллаев мамлакатдаги йўллар аҳволини тубдан яхшилашга ваъда бермоқда.

Айтилишича¸ янги тайинланган раҳбар республикадаги йўллар носозлиги борасидаги аҳолидан тушаëтган танқидий фикрларни инобатга олган ҳолда вазиятни яхшиламоқчи.

Бу ҳақда Озодлик радиосига унинг ўринбосари Аҳрор Бобожонов маълум қилди.

Кўкча мачити ëнидаги йўл ҳолати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:05 0:00

Суҳбатдошга кўра¸ янги тайинланган раҳбар республикадаги йўллар носозлиги борасидаги аҳолидан тушаëтган танқидий фикрларни инобатга олган ҳолда вазиятни яхшилаш ниятида:

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Тут қишлоғи йўли
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Тут қишлоғи йўли

- Йўлларни яхшилаш масаласини янги раҳбар устувор масала қилиб қўйди. 2015 йил учун аниқ режалар белгиланди. Биласиз¸ йўл таъмири учун яхши техника лозим. Шундан келиб чиқиб 2015 йил давомида 1160 дона йўл техникаларини сотиб олиш белгиланди. 2015-2020 йиллар давомида 5815 дона замонавий йўл қурилиш техникаларини харид қилиш режамиз бор¸ деди мулозим.

Суҳбатдош айни пайтда Бухоро-Урганч магистрал йўлида таъмирлаш ишлари жадал кетаëтганини билдирди. Унинг эътирофича, бу йўналишда йўл носозлиги туфайли автоҳалокатлар рўй бермоқда.:

- Йўл носозлиги ҳақидаги танқидларга нишон бўлган “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” қисмида катта иш бошладик. Республика Йўл фонди маблағлари ҳисобидан республика аҳамиятига молик автомобиль йўлларининг сифатини яхшилашга 661 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мавжуд йўлларга қўшимча яна, 526 километр узунликдаги автомобиль йўллари қуриш режалаштирилди¸ дейди мулозим.

Эски раҳбар янги раҳбар

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика Йўл жамғармаси раҳбари этиб тайинланган Меҳриддин Абдуллаев ушбу лавозимда Жамол Шукуров ўрнини эгаллаган.

Йўл жамғармасининг собиқ раҳбари Жамол Шукуровнинг кейинги тақдири номаълум.

Ўзбекистондаги вазирликлардан биридаги Озодлик манбаларининг айтишича¸ Жамол Шукуровнинг Йўл жамғармасидаги ва “Қурилишбанк” бошқарув кенгашидаги фаолияти ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан жиддий тафтиш қилинмоқда.

Озодлик манбасининг айтишича¸ Йўл жамғармасининг собиқ раҳбари қамоққа олинмаган.

Йўл жамғармасининг янги тайинланган раҳбари Меҳриддин Абдуллаев бундан олдин Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган эди.

Меҳриддин Абдуллаев Молия вазирлиги ҳудудий молия бош бошқармаси, Агросаноат комплекси молия бошқармаси ва Истеъмол бозори ва хизмат кўрсатиш соҳаларини молиявий ҳамда нарх орқали тартибга солиш бошқармалари фаолиятини назорат қиларди.

Айни пайтда 2012 йилдан бери молия вазири ўринбосари сифатида ишлаб келган 46 ёшли Абдуллаев ўрнига ким Молия вазири ўринбосари этиб тайинланганига аниқлик кирита олмадик.

“Кўздан пана” йўлларни таъмирлашга эътибор қаратилмаяпти”

Қишки ёғингарчиликлардан кейин Ўзбекистонда шундоқ ҳам абгор йўллар янада носоз аҳволга келиб қолди. Ҳайдовчилар йўлларнинг яроқсизлиги туфайли ўз машиналари ҳам яроқсиз бўлиб қолаётганини айтишади.

Озодлик билан суҳбатлашган тошкентлик ҳайдовчи Настена Камилова¸ айниқса¸ маҳаллалар ичидаги йўлларда юриб бўлмай қолганидан ташвиш билдирди:

- Тошкент кўчаларидаги ўйдим-чуқур ва ямоқ солинган йўлларда юравериб машинам бир неча марта ишдан чиқди. Йўл жамғармаси балки магистрал йўлларни қойилмақол қилиб қўйгандир¸ лекин ичкаридаги “кўздан панароқ” жойлардаги йўлларни таъмирлашга эътибор қаратилмаяпти. Маҳалла оқсоқоллари аҳолидан пул йиғиб ичкари йўлларни сал пал эпақага келтириб олишган¸ дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Йўлларни таъмирлаш сифатига оид саволга жавоб берган “Ўзавтойўл” давлат ширкати мулозимига кўра¸аҳоли тураржойларидаги кўчаларни таъмирлаш, асфальтлаш учун фуқаролардан пул йиғиш қонунга зиддир.

Тошкент шаҳри йўллари ёғин-сочинга бой қишки мавсумдан кейин абгор аҳволга келгани айтилмоқда. Ўзбекистон пойтахти сокинларининг FB ижтимоий тармоғидаги "Voditeli uz " саҳифасида қолдираëтган хабарларига кўра, носоз ва ноқулай йўллардан аҳоли норозилиги ошиб бормоқда.

Ҳайдовчилар ҳар бир литр бензиндан йўл солиғи тўлашаётгани, шундай экан, мутасаддилар йўлларни текислаб қўйиши зарурлигини айтишади.

XS
SM
MD
LG