Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллик бўлимида муштлашув бўлди


Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида 2 апрель куни консуллик ходимлари ва у ерга ҳужжат расмийлаштиргани келган россиялик шахс ўртасида жанжал бўлиб ўтди. Элчиликка ташриф буюрган шахс идора қўриқчилари уни калтаклаб, кўзини кўкартирганини иддао қилаётган бўлса, Ўзбекистон элчихонасида бу шахснинг ўзи ходимлар билан жанжал бошлаганини таъкидламоқда.

Бу хабарни берган “Московский комсомолец” газетасига кўра, Москвадаги 2-Казачий тор кўчасида жойлашган Ўзбекистон Республикаси консуллиги биноси ичкарисида консулликка ташриф буюрган Заур исмли Россия фуқароси ва идора ходимлари ўртасидаги тортишув муштлашувга айланиб кетган.

Заур Ўзбекистон фуқароси бўлган севган қизига тегишли бўлган муддати ўтган паспортни алмаштириш учун консулликка келган. Унинг сўзларига кўра, элчилик вакиллари саволига қўпол тарзда жавоб қайтарган, ундан кейин унга “уч нафар қўриқчи ва бўлим мутахассиси ташланиб, калтаклашган”.

Заур Ўзбекистон консуллик ходимлари кўзини кўкартирганини иддао қилмоқда. Идора ҳудудидан ташқарига чиқариб юборилган россиялик “Якиманка” Ички ишлар бўлимига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Туман полиция бўлимида Озодликка мазкур ҳодиса юзасидан текширув бошланганини тасдиқлашди:

- Топширилган шикоят аризаси бўйича участковой текширув олиб бормоқда. Бошқа бирор маълумот бера олмайман,- деди “Якиманка” тумани полиция бўлими навбатчи офицери.

Айни пайтда, Ўзбекистон элчихонасида вазият мутлақо бошқача бўлганини айтишди. Элчилик ходимлари Заурнинг ўзи қабул пайтида тўполон бошлаганини таъкидлади:

- У ўзи келиб бизга буйруқ бера бошлади. Қўполлик қилди. Консуллик бўлимимизда доим одам кўп, у бўлса ярим соатда ишини битириб кетмоқчи эди. Биз уни ҳурмат юзасидан консуллик ичкарисига киргизиб юбордик. У киши ўзи билан мобил телефонини ишлатган. Биз телефонда гаплашиш бу ерда тақиқланганини тушунтиришга уриндик, у бўлса “Қаерда хоҳласам, ўша ерда гаплашаман!”, деди. Мутахассисимиз уни тинчлантирмоқчи бўлди, у эса уни урди. Ходимимиз жавоб беришга мажбур бўлди,- дея тушунтириш беришди Ўзбекистон консуллиги вакиллари.

Элчилик ходимлари Заурнинг уни уч қўриқчи калтаклагани тўғрисидаги иддаоларини инкор этишди. Улар жанжал қилган россияликни мажбуран идора ҳудудидан ташқарига олиб чиқишганини билдиришди.​

Айрим маълумотларга кўра, полицияга арз қилган шахс илгари ўзи ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган. ​

Айтиш жойизки, айни вазият Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасида ҳам ўтган йилнинг декабрида содир бўлганини Озодлик хабар берган эди. У ҳодисада ўз яқинининг жасадини Тожикистонга юбориш учун зарурий ҳужжатларни расмийлаштириш учун шу мамлакатнинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилган Россия фуқароси Бобиджон Сайфов вакиллик ходимлари томонидан қаттиқ калтаклангани, қўли синдирилганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG