АҚШнинг юқори лавозимли мулозими Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашда “оммавий айблов қўйиш ва шарманда қилишдан” кўра “сабр қилиш” дипломатияси кўпроқ самара беришини айтди.
АҚШ ташқи ишлар вазирининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ричард Ҳогланд 30 март куни қилган чиқишида: “Бу мамлакатларнинг бизникига ўхшаш қарашларга эга юқори мартабали расмийлари билан алоқа ўрнатилса, бу расмийлар ўз навбатида фикрларини раҳбарларига етказишлари мумкин”, деди.
Ўтган ҳафтада АҚШ Давлат котиби муовини Энтони Блинкен Марказий Осиё Вашингтон ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаган эди.
Марказий Осиёда жойлашган беш мамлакат ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда ғарб расмийлари инсон ҳуқуқларини поймол қилишда айблаб келади.
Ҳогландга кўра, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлик каби масалалар бўйича “сабр ва воқеликка асосланган анъанавий дипломатия алоҳида ҳолларда яхши натижа беради”.
Ҳогланд Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун Вашингтон бу мамлакатлар билан мунтазам ҳамкорлик қилишини айтди ва бу соҳада ижобий ўзгаришларга эришиш мушкул бўлишини ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик талаб қилишини қўшимча қилди.
“Ўсиш аста-секинлик билан бўлади. Биз ҳар бир ҳукуматни ислоҳот ўтказиш уларнинг ўзлари учун фойдали бўлишига ишонтиришимиз керак”, деди Ҳогланд.
Ҳогланд баёнотидан бир кун ўтгач, АҚШ Давлат котиби муовини Энтони Блинкен Вашингтоннинг Марказий Осиё бўйича янги сиёсатини эълон қилди. Блинкенга кўра, Вашингтон “эркин медиа ва очиқ сиёсий тузумларни тарғиб қилишда ҳамда ўз сиёсий қарашлари ёки диний эътиқодини тинч йўллар билан ифода этгани учун қамоққа ташланганларни озодликка чиқаришни талаб этишда давом этади”.
АҚШ расмийлари Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари эътиборини мунтазам равишда инсон ҳуқуқлари масаласига қаратишларини, аммо бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозимлигини таъкидлаб келадилар.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса бундай сиёсатни танқид қилиб келади. Уларга кўра, АҚШ Марказий Осиё мамлакатлари билан хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик важидан бу мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари вазиятига кўз юмиб келмоқда.
Блинкеннинг айтишича, АҚШнинг бу минтақага ёндашуви Марказий Осиё мамлакатлари террорчилик ва зўравон экстремизмга қарши глобал курашга қўшаётган ҳисса Қўшма Штатлар хавфсизлигини оширади, деган ғояга қисман асосланган. Блинкен яна Марказий Осиё мамлакатлари барқарор бўлса, бундан АҚШ ҳам манфаат кўришини айтди.
Унга кўра, минтақада барқарорликка эришиш учун “Марказий Осиё мамлакатлари суверен ва мустақил, ўз чегараларини ҳимоя қила оладиган, бир-бири ҳамда Осиёнинг бошқа мамлакатлари иқтисоди билан боғланган ҳамда ўз халқи олдида жавобгар ҳукуматларга эга бўлиши” керак.
Блинкен Марказий Осиёга сармоя ётқизишда нафақат АҚШ, балки Хитойнинг ҳам ҳиссаси катта бўлишини айтди.
АҚШ Давлат котиби муовини Қўшма Штатлар минтақадаги ҳукуматлар ўз иқтисодий ва ташқи сиёсатларини мустақил белгилай олишлари керак, деб ҳисоблайди.
Блинкен Россия томонидан Украинанинг суверенлиги ва ҳудудий яхлитлиги бузилишини қоралади ҳамда Марказий Осиё ҳукуматлари “Россия туғдирадиган таҳдидларни” яхши тушунишларини айтди.
Блинкен Марказий Осиё давлатлари Россия бўҳронидан энг кўп зиён кўраётганини қўшимча қилди.
Нефть нархининг тушиши ва Украина бўҳрони ортидан Россияга қарши ғарб мамлакатлари жорий қилган санкциялар Россия иқтисодини оқсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари иқтисодига таъсир қиляпти.
Рубль қадрининг тушиб кетиши ортидан марказий осиёлик муҳожирлар ўз ватанларига юборадиган пул миқдори анча озайди.
“Биз бу хавотирларни тушунамиз ва марказий осиёликларни ўз иқтисодларини диверсификация қилишда ҳамда қўшни мамлакатлар билан алоқа ўрнатишларида ёрдам бериш учун ўз иқтисодий пишангларимиздан фойдаланишга тайёрмиз”, деди Блинкен.