Москвадаги “Ёрдам” ташкилоти хабарига кўра, ўтган йили Россиядан ўғирлаб кетилган ва узоқ муддатга ҳукм этилган диний қочқин Жавлиддин Ғаниевнинг жасади Ўзбекистондаги ҳибсхонадан чиққан. Айни пайтда Россия колониясида ушлаб турилган бошқа бир ўзбек қочқини Шаҳобиддин Ўриновнинг тақдири ҳам хавф остида қолмоқда.
Россиядан ўғирланган Ғаниев жасади Ўзбекистондаги турмадан чиқди
Москвадаги “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Озодликка билдиришича, Россиянинг Орёл вилояти Наришкино қўрғонида жойлашган 5-сонли ахлоқни тузатиш колонияси (ИК №5)дан 2014 йилнинг сентябрида ўғирлаб кетилган бир ўзбек сурхонлик 49 ёшли Жавлиддин Ғаниевнинг жасади Ўзбекистондаги ҳибсхонадан чиққан:
- Шу қамоқхонадан бўлган Жавлиддин исмли 1966 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси 18 сентябрь куни ўғирлаб кетилган эди. Жавлиддин жасади 2015 йилнинг 11 март куни тергов изоляторидан чиқди. У ҳам Наришкино посёлкасидан ўзбек жосуслари тарафидан ўғирлаб кетилган эди. Унинг жасадини изолятордан беришганда қаттиқ жисмоний тазйиқлар остида ўлиб қолгани аниқланган. Жавлиддинга ҳам 159, 244, 155- ва бошқа моддалар қўйиб ташланган. Лекин Жавлиддин узоқ муддат – 5 йил Ўзбекистонга бормаган. У энди озод бўлиши арафасида Ўзбекистон уни қидирувга бериб, қонуний процедуралардан ўтмасдан, ўзбек миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ўғирлаб кетилди, дейди Ҳамроев.
Ўзбек қочқини Россия Бош прокуратураси экстрадиция текшируви остида қолади
Ҳуқуқ фаоли Ҳамроевга кўра, Жавлиддин Ғаниев билан Наришкинодаги колонияда ўтирган Ўзбекистон фуқароси 29 ёшли Шаҳобиддин Ўриновнинг тақдири ҳам хавф остида қолмоқда.
3 апрель куни Ўриновнинг 3 июнгача Россия Бош прокуратурасининг экстрадиция текшируви остида қолиши тўғрисида суд қарори чиқди.
Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан диний экстремизмда айбланаётган Шаҳобиддин ҳам ўғирлаб кетилиш хавфи остида қолаётганини гапирди.
У “Ёрдам” ташкилоти учқурғонлик Ўриновни диний қочқин сифатида ўз ҳимоясига олганини маълум қилди:
- Ўринов Шаҳобиддинни ўғирлаб кетиш эҳтимоли кўп эди. Биз барча имконларни ишга солиб, уни бир ўлимдан сақлаб қолдик. Яъни у ҳозир экстрадиция текширувида ва биз сиёсий қатағон қилиниши ҳақида прокуратурага кўрсатма бериб, Россия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраб, баёнот ёздик,- дейди Баҳром Ҳамроев.
Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, 1985 йилда Наманган вилоятининг Учқурғон шаҳрида таваллуд топган Шаҳобиддин Ўринов 2012 йилнинг сентябрида Орёл вилоятида маҳаллий полиция ходимлари томонидан қамоққа олинган.
Ҳамроев наманганлик қочқин Ўринов Ўзбекистонга чиқмасдан 3-4 йил Россияда яшагани учун Миллий хавфсизлик хизмати назарига тушган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди:
- Шаҳобиддин қидирувда эканини ўзи билмаган. Унга ота-онаси телефон қилиб айтишган. МХХ ходимлари ота-онасига психологик босим ўтказган. “Биз хоҳлаган ишимизни қиламиз”, деган гапларини ва мана шу қамоқхонада унга қилинган тазйиқлар ҳақида Шаҳобиддин Россия прокуратурасига айтиб берди. Уни Ўзбекистонга жўнатиб юбориш ҳужжати тап-тайёр турган экан. У шу куни олиб кетилиши керак эди. Ҳозир Ўринов икки ойга экстрадиция текшируви остида қолади шу колонияда,- деди Баҳром Ҳамроев.
Ўзбекистондан юборилган сўровномадан аниқланишича, Шаҳобиддин ўз юртида қатор диний айбловлар, хусусан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва ҳатто 155-моддаси (Терроризм) бўйича айбланмоқда.
Баҳром Ҳамроев “Ёрдам” ташкилоти мутахассислари ҳозирда ўзбекистонлик бу йигит ҳимоясига Россиянинг “Мемориал” инсон ҳақлари ҳимояси, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича тузилма ва бошқа ташкилотларини жалб қилганини маълум қилди.
Ёрдам сўраётган муҳожир ўзбеклар кўпаймоқда
Ҳимоячи Ўзбекистон кучишлатар тизимлари охирги йилларда сохта айбловлар билан юзлаб меҳнат муҳожирлари, айниқса намозхонларни таъқиб остига олганини эътироф қилди.
У сўнгги пайтларда Москвадаги “Ёрдам” ташкилотига Ўзбекистонда ноҳақ таъқиб этилаётганидан арз қилиб кўплаб ўзбекистонлик диндорлар ва шунчаки ёшлар мурожаат қилаётганини гапириб берди.
Шулардан бири – бухоролик Раҳмиддин Камолов Озодликка берган видеоинтервьюсида ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо эмаслиги, унинг босим остида қолган танишларию қўшнилари ҳам ҳеч қандай экстремистик ҳаракатларга қўшилмаганини айтади.
Суҳбатдош охирги пайтларда Ўзбекистонда сайлов олдидан қилинган диний маҳбусларни озод қилиш амалиётларини “қўзбўямачилик” учун қилинаётганини иддао қилди.
Суҳбат охирида Баҳром Ҳамроев Россия Бош прокуратураси сўнгги ярим йилда ҳуқуқ фаоллари билан муносабатларини яхшилагани ва ўзбекистонлик сиёсий ва диний қочқинлар ҳимояси масаласида адолатли қарорларни чиқара бошлаганидан мамнун эканини билдирди.