Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:05

"Вилоятдан келганлар Тошкент милицияси учун соғин сигирга айланган"


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат йўллаб, вазирликни Тошкентда вилоятдан келган ўзбек фуқароларининг таъмагир милиция ходимлари тарафидан таланишига чек қўйишга чақирди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева Тошкентда вилоятдан келганларни милиция тўхтатиб, паспортини тортиб олиши ҳоллари сўнгги пайтларда кўпроқ кузатилаётганини айтади.

- "Буюк ипак йўли" метро бекатида милиционерлар вилоятдан келганларни тўхтатиб, "рўйхатдан ўтмагансан", дея уларга қандайдир 223 - моддани пеш қилиб, паспортини тортиб оляпти. Ўз кўзим билан кўрдим. Суратга ҳам олдим. Улардан пул ундириш учун паспортини тортиб олаяпти. Ким ҳақ берган уларга Ўзбекистон фуқаросининг паспортини тортиб олишга? Ким ҳақ берган уларга Ўзбекистон фуқаросининг ҳаракатланиш ҳуқуқларини чеклашга? Ёнига бориб паспортини қайтариб беришни қайта-қайта талаб қилганимдан сўнг берди. Бу бедодликка чек қўймоқ керак, - дейди Урлаева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси вилоятдан келганларни талаётган милиционерлар устидан шикоят қилиб, Ўзбекистон Бош прокурори ва Ички ишлар вазирига ёзма шикоят билан мурожаат қилганини ҳам айтади.

- Бу бўйича ўрганганимиз барча фактларни йиғиб, фотосуратлари билан Бош прокурор ва Ички ишлар вазирига шикоят хати жўнатдик. Хатда таъмагир милиция ходимларининг вилоятдан келганларни талашни бас қилишини талиб қилдик. Ҳали жавоб олганимиз йўқ, - дейди Урлаева.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, вилоятдан Тошкентга келганлар уч кун ичида рўйхатдан ўтишлари керак. Акс ҳолда Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223 - моддаси асосида жаримага тортилади.

-Текширади-да, ҳизмати-ку уни. Тошкентда рўйхатдан ўтмасдан юриш мумкин эмас. Тошкентга келган ҳар бир одам уч кун ичида рўйхатдан ўтиши керак, меҳмонхонаданми, таниш-билишларни уйиданми. Агар рўйхатдан ўтмаса бир минимал ойлик миқдорида жаримага тортилади, - деди Озодлик боғланган ИИВ расмийси.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов совет давридан сақланиб қолган прописка тартиби фуқароларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатловчи мамлакат Конституциясига зид эканини айтади.

- Рўйхатдан ўтиш оссон эмас. Хонадон эгалари ҳар кимни рўйхатга қўявермайди. Меҳмонхонадан рўйхатдан ўтиш қимматга тушади. Ўша учун ҳам юради улар, бечоралар уч-тўрт сўм топиш учун бир - икки ой юради шу ерда. Рўйхатдан ўтмай юрганлар эса милиция ходимларига текин даромад манбаидир. Истаганини ушлайди. "Қаердан келгансан?" -"фалон жойдан". "Вақтинчалик прописканг борми?" -"Йўқ". Чўнтагидан пулини олади. Порахўрликка очиқ канал бу. Вилоятдан келганлар соғин сигирга айланган, - дейди Шуҳрат Рустамов.

Ҳар йили камида 1 миллион одам тирикчилик илинжида пойтахт Тошкентга иш излаб келиши тахмин қилинади. Вилоятлардаги ишсизлик бунга асосий сабабдир.

Пойтахтда вақтинча рўйхатдан ўтиш мураккаблиги боис кўплаб фуқаролар таъмагир милиция ходимлари қурбонига айланишади.

XS
SM
MD
LG