Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:14

"Ҳурмати чиқарилган" Каримов қасамёд қилаётиб, сирларини очди


Тўртинчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган Ислом Каримов янги Президент сифатида 10 апрель, жума куни қасамёд қабул қилди.

Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси шу воқеага бағишланган тантанали маросимга айлантирилди.

Маросим давомида Ислом Каримов нутқ ҳам сўзладики, бу нутқни янгиланган Президентнинг навбатдаги муддат учун программ нутқи – келаси 5 йил учун Президент дастури, деб қабул қилиш мумкин.

Мазкур нутқ-дастур матнини, у ўқиб эшиттирилган куниёқ, ЎзА агентлиги эълон қилди. Бироқ эълон қилинган матн билан Президент нутқининг ТВ олиб кўрсатган-эшиттирган жонли варианти орасида қатор тафовутлар борки, Озодлик ўша фарқларни бартараф этмоқчи.

Ислом Каримовнинг ўзига хос ва ўзига мос нутқини бир уқишда тушуниш осон эмаслиги учун, уни ўқиш Сиз тингловчига фойдали бўлади, деб ўйладик.

Сарлавҳаси билан қўшиб санаганда 1295 сўздан иборат расмий нутқдан Ислом Каримов ҳаммаси бўлиб 8 марта “чиқиб” кетди, яъни олдиндан расмий матнга киритилмаган гапларни айтди. Натижада нутқда ишлатилган сўзлар сони қарийб 2000 тага етиб қолди.

Нутқдан 8 марта қилинган “лирик чекиниш” мажлис аҳлининг баъзан қизғин, баъзан гулдурос ва баъзан давомли қарсаклари билан 19 марта бўлинди.

Баъзи чекинишлар ўз мазмунига кўра, расмий матнда келган фикрга қўшимча изоҳ бўлса, баъзилари Президентнинг принципиал қарашлари ифодаси бўлди.

“Биз мақтанмаймиз”

Президент расмий матндаги “охирги 10 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8 фоиздан ошиб келаётгани ва 2015 йилда ҳам – шунга ишончимиз бор – бундан кам бўлмаслигини инобатга олсак, барча нарса ўз-ўзидан аён бўлади”, деган гапни ўқиганидан сўнг, иккинчи лирик чекинишида мана бундай деди:

“Мана шу 8 фоиздан ошириб ялпи ички маҳсулотимиз бугун қадам қўяётган экан бу қуруқ гап эмас. Бунга тайёргарлик, жуда чуқур тайёргарлик, бизар мустақилликка эришгандан буён давом этяпти. Фақатгина бошида бизарни мана шу беш принципларга бизар ҳеч қачон ҳеч қаерда катта кичик минбарлардан мақтанганимиз йўқ. Ва керак бўлса такрор-такрор айтаман, мақтаниш бу кимни айтайлик иши бўлади, мақтаниш киши фақат номига бўлган давлатларнинг мақтаниши деб ҳисоблаш мумкин ва биз бунқа йўлга ҳеч қачон қадам қўймаймиз” (қарсаклар)

Мақтанмаймиз, лекин мақтанамиз

Мақтаниш Ўзбекистонга ёт эканини таъкидлаган Каримов матндан учинчи марта чиқиб кетар экан, бундан 18 йил олдин кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилиб, тўғри иш қилганидан мақтанди.

Ёшлар ҳақида Президент тўртинчи марта чиққанида гапирди:

“Ва яна бир бор такрорлаб айтишга айни мана шу бугунги кунда тўғри келади. Агарки бизар ёшларимизни мана шундай тайёрлаб четдан келган, ҳорижий мамлакатлардан келган бизнес вакиллари уларни кўзи ёняпти, деган гапларни ман худди қулоғимга умрбод чалиниб турганини эшитадиган бўлсак ва келажакни айни янги авлод ёш авлод ҳал қилади деган шиорни ўзимиз учун энг катта вазифа деб биладиган бўлсак бизар ҳеч қачон кам бўлмаймиз” (қарсаклар)

Барак Обаманинг хати ва яна нималардир тўғрисида

Каримов расмий матндаги “Шу борада амалга ошираётган ишларимиз қаторида ҳаётимизни кескин ўзгартираётган демократик ислоҳотларни тезлаштириш, уларнинг самарасини ошириш бугунги кунда, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифамизга айланмоқда, десам, янглишмаган бўламан”, абзацини ўқигач, дабдурустдан тушуниш қийин бўлган мана бу – бешинчи лирик чекинишни қилди:

“Ман шу фурсатдан фойдаланиб такрор такрор айтишга тўғри келади. Ман бекор айтганим йўқ мақтаниш бизарга тўғри келмайди деб. Яъни айтмоқчиманки, мана шу доим ҳорижий мамлакатлардан энг тараққий топган давлатлар вакиллари мана шеда бугун иштирок этётган чет давлатлар вакиллари посоллари ээээ доим бизар билан суҳбатда шуларни эслатиб ўтади, яқиндаги Америка Қўшма Штатлари президенти жаноб Барак Обама телеграммасида ҳамманигиз ўқидингиз, ҳаммаси газеталарда чоп этилди шу ерда нафақат Америка президенти бошқаларам айни шу ҳақида такрор такрор эсимизга қолдиришга ва бизарни эслашимизга ва олдимизга шу мақсадларни қўйишга яна бир бор, яна бир бор шу кўрсатиб ўтди бу бекор гап эмас, агарки бизар ривожланиш йўлида, тараққиёт йўлида энг ривожланган давлатлар қаторига кириш авваламбор ҳаётимизи янги бошга кўтариш авваламбор эркин озод яшамоқчи бўсак биринчи навбатда демократияни ҳаётимизга татбиқ этиш ҳеч кимдан ҳақиқатанам бу соҳада ҳеч қачон орқада қолмасликни истардим ва силарни барчангизни шунга даъват этаман” (давомли қарсаклар)

Каримовнинг расмий матндан

олтинчи чекиниши қарсаклар;

еттинчи чекиниши дунёнинг бешафқатлиги;

саккизинчи чекиниши мулкдорларга эркинлик;

тўққизинчи чекиниши хусусий тадбиркорнинг эркинлиги;

ўнинчи чекиниши текширувчи шахсий манфаати ўйламаслиги лозимлиги;

ўн биринчи чекиниши иқтисодиётда давлат улушининг қасқартирилиши лозимлиги;

ўн иккинчи чекиниши ўз манфаатини давлат манфаатидан устун қўядиган амалдорларнинг ким эканлигини билиши;

ўн учинчи чекиниши коррупция;

ўн тўртинчи чекиниши акциядорлик жамиятларини текшириш;

ўн бешинчи чекиниши ташқи бозорларни излаб топиш

тўғрисида бўлди. Ўз чекинишларида Каримов айнан нима демоқчи бўлганини тушуниш қийин, албатта. Биз юқорида баъзи бир калит сўзларни келтирдик, холос.

Президент сирларини айтди?

Ислом Каримов расмий матнни ўқир экан ва матндан чекиниш қилар экан, 25 йиллик президентлик ўтмишию 5 йиллик президентлик келажагига доир фавқулодда сирни очгани йўқ. Лекин 16- лирик чекинишида, негадир, мана бундай деди:

“Шуниям силарга, азизларимга, энди, бугун силар билан учрашаяпман, нима деганда мани авваламбор ҳамкорлар қаторига силар қачон киргансилар ва керак бўлса бугунги мана шундай очиқ президент силарга ўзини сирларини айтиб берса агар силарам шу сирдор бўласиларда ва керак бўса манга янада яқинроқ бўласилар, тўғрими?” (гулдурос қарсаклар)

Сиёсат, маънавият ва ватанпарварлик масалаларига ўн еттинчи чекиниш бағишланди

Ўн саккизинчи чекиниш иқтисодий курашни сиёсий кураш билан аламаштириш нотўғрилигини тушунтиришга бағишланди.

“Ўзбекистонни яхши кўраман” медали

Бундай медални таъсис этиш ва у билан Ўзбекистондаги чет эл дипломатларини тақдирлаш таклифини Каримов сўнгги -19 лирик чекинишида илгари сурди.

“Ман шу дипломатларга қойил қоламанки, шундай ўзини тутадики булар ва шахсан ўзимни айтайлик ҳурматимни чиқарадики, ҳеч қачон, ҳеч қачон шулар билан ёмон кайфиятда хайрлашганим йўқ. Авваламбор булар дипломатлар элчилар муддати тугаши билан шу хайрлашганда одам қандайдир худди ўзини дўстини кузатгандай шу 2 -3 йил давомида булар Ўзбекистонни дўсти бўлиб хайрлашади ва керак бўса бу фазилат мана шундай хусусият керак бўса мана шундай одат қоида бўлиб қолди. Биронта элчи хайрлашишни ҳохламайди. Ва керак бўлса манга буюрса барча барча бугун ишлайдиган посолларга ҳаммасига айтайлик халқимни ҳурматимни етқазмоқчиман ва иккинчидан яна нима истайсан, деб мандан сўраса хайрлашганда битта бир айтайлик Ўзбекистон яхши кўраман, деган медал чиқарсак нима дейсизлар?” (давомли гулдурос қарсаклар)

XS
SM
MD
LG