Коллеж ўқувчилари давомати устидан назоратни янада кучайтириш чораси сифатида айни кунларда Ўзбекистондаги барча коллеж-лицейлар киришида турникет ўрнатиш жараëни бормоқда. Янги ўқув йили бошланишига қадар тугатилиши кутилаëтган турникет ўрнатиш жараëни¸ Озодлик манбаларига кўра¸ ўқувчиларнинг хорижга кетиб қолишини тўхтатишга қаратилган яна бир қадамдир.
Озодлик билан суҳбатда пойтахт Тошкент¸ қолаверса қатор вилоятлардаги коллеж мутасаддиларидан баъзилари¸ ўқувчининг коллеж биносига қачон келиб¸ қачон кетишини электрон тарзда қайд қилиб борувчи турникет ўрнатиш жараëни шу кунларда тугагани билдирса¸ бошқалари бу иш 1 сентябрга қадар тугашини билдирди.
Ўғли коллеж ўқувчиси бўлган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқовага кўра¸ бир неча йилдан бери коллеж ўқувчиларининг хорижга¸ биринчи галда¸ Россия ва Қозоғистонга ишга кетишини жиловлашга уриниб келаëтган Ўзбекистон ҳукумати¸ айни шу жараëнни тўхтатиш мақсадида бу чорани қўллашга киришган:
- Кечагина ўғлим келиб¸ турникет қўйилар экан. Ҳар бир коллеж ўқувчисининг қўлида карточка бўлар экан¸ коллежга кираверишда карточкани турникетга қўйса¸ кирган вақтини ëзиб олар экан¸ деб қолди. Бу иш ўқувчининг соат нечада коллеж биносига кириб¸ қачон чиқиб кетганини аниқ регистрация қилиш учун қилаëтган экан. Коллежга турникетни четлаб на кириш ва на чиқишнинг йўли қолмас экан¸ дейди ҳуқуқ фаоли.
Дилором Исҳоқова коллеж-лицейлар кириш йўлагига турникет ўрнатиш ҳаракатининг¸ жорий йил бошида Ўзбекистон коллежларини оëққа турғизишга сабаб бўлган воқеалар билан боғлиқлигини тахмин қилади:
- Мендаги маълумотга кўра¸ коллеж ëшидаги 12 бола Туркияга¸ ундан Сурияга ўтиб¸ жиҳодга қўшилган ва улардан иккитаси урушда ўлган. Уч ойча олдин Фарғонада болам Туркия ë Россияда ишлаб юрибди¸деб ўтирган ҳеч гапдан хабари йўқ ота-онасининг телефонига “Шаҳидлик муборак! Ўғлингиз жангда шаҳид бўлди” деган SMS келган ва бундан паникага тушган ота-она милицияга мурожаат қилган. Эртасига бутун Ўзбекистон бўйича коллеж ўқувчиларининг қаерда юрганини зудлик билан текшириш бошланди. Ўқитувчи билан келишиб Россияда ишлашга кетган кетган ўқувчиси бор коллеж ва лицей директорлари ишдан олинди. Ҳозир ўқувчининг четга чиққани аниқланса¸ директор ва ўқитувчи боши билан жавоб беради”¸ дейди коллежда ўқийдиган ўғлининг Туркияга чиқиши ортидан бутун хавфсизлик тизимлари махсус “қидирув” бошлаганини алоҳида таъкидлаган Дилором Исҳоқова.
Озодликнинг ички ишлар тизимидаги манбаси¸ нафақат коллеж ўқувчиси¸ балки коллеж битирувчиларининг ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетиши олдини олиш мақсадида қилинаëтган ишлар турникет ўрнатиш билан чекланмаëтганини айтади:
“Бизга биринчи марта паспортга мурожаат қиладиган коллеж ўқувчиларига иложи бўлса 22 ëшгача паспорт бермаслик ҳақида ички кўрсатма бeрилган. Сабаб¸ коллеж ўқувчилари¸ айниқса¸ коллежни битираëтганларнинг эртасигаëқ хорижга чиқиб кетаëтганидир. Президент фармони асосида ҳозир коллежни битирганларни нима қилиб бўлса ҳам иш билан таъминлаш жараëни кучайган. Бундан мақсад ҳам уларнинг хорижга чиқиши олдини олишдир”¸ дейди Озодликнинг вилоятлардан бири ички ишлар тизимидаги расмий манбаси шахси сир қолиши шарти билан.
“Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва профилактика бошқармасига коллеж ëшидаги¸ коллежни битирган болалар четга чиқиб кетса¸ ота-онаси ва маҳалла раҳбарларини маъмурий жавобгарликка тортиш вазифаси юклатилган. Паспорт бермаслик баробарида бу иш ҳам бораяпти”¸ деб қўшимча қилди мазкур манба.
Коллеж ўқувчиларининг хорижга чиқишини назоратга олиш ҳам¸ битирувчиларни иш билан таъминлаш ҳақида қулоч-қулоч ҳисобот тайëрлаш ҳам Ўзбекистонда бир неча йилдан бери кузатилаëтган жараëн.
Президент Ислом Каримов 2013 йилнинг 18 январь кунги ҳукумат йиғинида:
- Эътибор беринг, 500 мингдан ортиқ болаларимиз коллежларда ўқияпти. Уларнинг тақдири нима бўлади эртага? Болаларимизнинг чет элларда иш сўраб юриши умуман айтганда менинг ҳеч қандай ақлимга сиғмайди. Сан раҳбар бўлсанг агар¸ сан бориб уни кўниктиришинг керак...¸ деган эди мазкур йиғинда Ислом Каримов.
Президентнинг шу гапидан сўнг¸ коллеж ўқувчиларининг “чет элларда иш сўраб юриши” олдини олиш учун уларнинг хорижга чиқиши учун вазирлик даражасида рухсат олиш тизими жорий қилинган ва ўқувчининг амалда хорижга чиқиши маъмурий тўсиқлар билан деярли тақиқланган эди.
Ҳуқуқ фаоллари¸ бундай чораларни Ўзбекистон конституцияси¸ қолаверса¸ БМТнинг “Болалар ҳақлари” ҳақидаги конвенциясига зид деб танқид қилган эди.