Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш жараёни яна жонланди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Дўстлик" чегара бекати..
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Дўстлик" чегара бекати..

Ўзбекистон билан чегараларни аниқлаш давлатлараро комиссиясининг Қирғизистон томонидан раиси Курбанбай Искандеров 5 июнь куни чегаралар масаласида Тошкент билан музокаралар қайта бошланганини маълум қилди.

Бир неча ой олдин Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон барча соҳаларда, жумладан, чегара масаласида ҳам икки томонлама сўзлашувларни музлатиб қўйганини иддао қилган эди.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида 2014 йилнинг 16 июлида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон билан чегаранинг аниқланган ҳудудлари юзасидан шартнома имзоланиши режалаштирилган эди. Бироқ томонлар аниқланган ҳудудлар узунлиги бўйича ягона фикрга кела олмагани хабар қилинган.

Қирғиз томони чегаранинг аниқлаб бўлинган ҳудуди 1003 километрни ташкил этишини билдирган, Ўзбекистон томони эса 701 километр аниқлаб бўлинган деган хулосага келган.

Мана шу келишмовчиликлардан сўнг чегара юзасидан икки томонлама музокаралар номаълум муддатга музлатиб қўйилгани хабар қилинганди.

Курбанбай Искандеровнинг айтишича, Ўзбекистон чегараларни аниқлашда 1924 йилги, Қирғизистон эса 1950 йиллардаги хариталарга таянмоқда.

Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Тўқўн Мамитов айни мана шу ҳолат чегараларнинг аниқланишига тўсиқ бўлаётганини билдирди.

-Чегараларни аниқлашда кўп муаммолар келиб чиқаяпти. Чегара ҳудудларида яйловлар, сув заҳиралари, ерлар талаш бўлиб турган жойлар жуда кўп. Бизнинг қўшниларимиз 1924 йилги хариталарни чегарани аниқлаш учун асос қилиб олинишини талаб қилаяпти. Биз эса 1955-58 йилги хариталарга танаяпмиз. Шунинг учун узоқ йилларга чўзилиши мумкин бўлган бу баҳсларга нуқта қўйиб, муроса йўлини қидириб топишимиз керак, -деди Тўқўн Мамитов.

Қирғизистон парламенти депутати Тошпўлат Болтабоев эса собиқ постсовет давлатлари ўртасида имзоланган 1992 йилги шартнома асос қилиб олинсагина чегараларни аниқлашда муроса топилиши мумкин, деб ҳисоблайди.

-Бу шартномага МДҲ давлатларининг барча раҳбарлари имзо чеккан. Мазкур шартномада Совет Иттифоқи тарқаб кетгунига қадар республиклар ўртасида мавжуд бўлган чегаралар бузилмаслиги ва даҳлсизлиги қайд этилган. Мана шу шартнома шартларига амал қилинмаётгани чегарани аниқлашни мураккаблаштираяпти, - деди депутат.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларини аниқлаш жараёни шу кунгача музлатиб қўйилганига қарамай, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари жами 103 марта учрашиб, чегарадаги долзарб муаммоларни муҳокама қилган.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, учрашувлар маҳаллий даражадаги раҳбарлар ва чегара заставалари қўмондонлари ўртасида бўлиб ўтган. Бу учрашувларда қирғиз-ўзбек чегарасидаги вазият, қўриқланаётган чегара қисмида вазият ўзгарса томонларни ҳабардор қилиш, аниқланмаган чегара ҳудудларини ҳамкорликда назорат ташкил қилиш тартиби каби масалалар муҳокама қилинди.

Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, 2015 йилнинг биринчи чорагида қирғиз-ўзбек чегарасида давлат чегарасини бузган 40 нафар, чегара режимини бузган 49 нафар одам қўлга олинган.

Ўзбекистон - Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил қилади. Мазкур чегара чизиғини аниқлаш масаласи 20 йилдан бери ҳал этилмай келинмоқда.Икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган 50 дан ортиқ ҳудуд борлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG