Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:11

Рўмол ечтириш кампанияси Андижонга кўчди


Озодлик манбаларидан аëн бўлишича¸ Фарғона водийсида рўмолни шу шаклда ўраëтган ëш аëлларга рўмолни орқадан ўраш маъмурий босим билан "тавсия" қилинмоқда.
Озодлик манбаларидан аëн бўлишича¸ Фарғона водийсида рўмолни шу шаклда ўраëтган ëш аëлларга рўмолни орқадан ўраш маъмурий босим билан "тавсия" қилинмоқда.

Андижоннинг Эски шаҳар мавзесида ички ишлар бўлими ходимлари рўмол ўраган аёлларни тўхтатиб, рўмолини томоқ тагидан ўрамасликни талаб қилмоқда. Бунга рози бўлмаган аёлларнинг манзиллари ёзиб олиниб, участка нозирларига топшириляпти. Ҳатто, Рамазонда рўмоллиларга бундай муносабат аҳолида норозилик уйғотмоқда.

Қўқон ва Марғилонда бошланган томоқ тагидан рўмол ўраган аёлларнинг рўмолларини ечтириш кампанияси мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида Андижонга ҳам етиб келди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган бир-биридан мустақил манбаларнинг айтишича, Андижоннинг Эски шаҳар мавзесида эркак ва аёллардан таркиб топган милиционерлар гуруҳи томоқ тагидан рўмол ўраган аёлларни рўмолларини орқадан боғлашга ундамоқда:

“Эски шаҳар мавзесида жойлашган Тож Маҳал савдо мажмуаси ёнида орган ходимлари рўмол ўраган хотинларни тўхтатиб рўмолини ечишга ҳаракат қилаётганини ўз кўзим билан кўрдим. “Рўмолингни еч ёки тепадан ўра, дейишяпти. Бунга рози бўлмаганларни эса манзилини ёзиб олиб участка нозирига беришяпти”, деди андижонлик манба.

Бошқа бир андижонликнинг айтишича, қаттиқ норозилик билдирган аёллар участка нозири кабинетига олиб кирилиб, тушунтириш хатлари ёзиб олиняпти:

“Асосан, аёл милиционерлар хотинларни тўхтатиб шу ишни қиляпти. Уларнинг ортида эркак милиционерлар кузатиб турибди. Адресларини бермаганларга эса таҳдид қилиняпти”, деди иккинчи манба.

Андижон шаҳридаги исми сир қолишини сўраган участка нозирларидан бири рўмолли аёлларга қарши шундай кампания олиб борилаётганини Озодликка тасдиқлади:

“Менга томоғини тагидан рўмол ўраган бир неча аёлнинг манзилини ёзиб беришди. Бу қанақа аёл, яқинларидан қамалганлар борми, хуллас информация сўрашяпти. Лекин ҳамма рўмолли аёлларга ҳам бундай қилинмаяпти. Асосан рўмол ўраган ёшлар билан қизиқишяпти. Милиция ходимлари яхшилик билан уларга тушунтиряпти, “синглим” ёки “опам” рўмолингизни томоқ тагидан ечиб устидан боғланг, дейиляпти. Ечгани ечяпти, ечмагани эса хатга тушяпти. Бу буйруқ вилоят ички ишлар бошқармасидан тушган”, деди участка нозирларидан бири.

Жорий йилнинг апрель ва май ойларида Фарғона вилоятига қарашли Қўқон ва Марғилон шаҳарларининг марказий бозорлари ва жамоат жойларида ҳижобли аёлларнинг бошида рўмоли мажбуран ечтирилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Бу хабарлардан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фарғона ва Наманган вилоятларида аёлларнинг рўмолини ечтиришга масъул шахслар - аҳолини турли зарарли диний оқимлар ҳақида огоҳлантирувчи тарғиботчилар эканини таъкидлаган ва бир ҳафталик суриштирувдан сўнг қонунни бузганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳукмига топширилганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG