Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:00

Жанубий Кореяга ўзбек ишчиларини жўнатиш квотаси ошади


Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати расмийсининг Озодликка билдиришича, ўзбек меҳнат муҳожирларига кўпроқ квота ажратиш масаласи Жанубий Корея Ҳисоб палатаси комиссари Чин Енг Гоннинг Тошкентда ўтказган музокаралари пайти муҳокама этилган.

Вазирлик матбуот хизмати расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонликларнинг Жанубий Кореяда ишлаши учун квота қанчага оширилиши ҳозирча маълум эмаслигини айтди:

- Корея делегацияси вакиллари квотани оширишда Ўзбекистон приоритет экани, ўзбекистонликларни қилаётган ишидан қониқаётганликлари, Ўзбекистондан яна ҳам кўпроқ ишчи кучига талаб борлигини айтишди. Лекин қанчага ошириш ҳозирча муhокамалар босқичида, деди вазирлик расмийси.

Ҳозирда Жанубий Корея 16 мамлакат фуқароларининг ўз ҳудудида расман ишлашига квота ажратиб келмоқда ва бу давлатлардан бири Ўзбекистондир.

Тошкентдаги музокараларда Чин Енг Гон юқори билим ва профессионал маҳоратга эга бўлган ўзбекистонлик ишчиларга Жанубий Кореяда зарурат борлигини айтган.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотига кўра, 2007 йилда Жанубий Корея билан имзоланган шартнома асосида Ўзбекистондан мазкур мамлакатга 22,5 минг одам ишлаш учун жўнатилган.

Ҳозирда уларнинг 15 мингдан кўпроғи Жанубий Кореяда меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, ўзбек муҳожирларининг сони анча кўпроқ бўлиши мумкин.

Сабаби, Жанубий Кореяга “Эркин ёллаш тизими” деб аталувчи дастур орқали ишга жойлашаётганларни кўпчилиги олти йиллик муддат тугаганидан кейин ҳам ноқонуний асосда қолиб, ишлашда давом этмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Жанубий Кореянинг "Эркин ёллаш тизими" орқали ҳар йили мингдан зиёд ўзбек фуқароси Кореяга ишга жўнатилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик расмийларидан бирининг айтишича, бу ерда асосий мақсад ўзбек фуқароларини иш билан таъминлашдир:

- Мана шу дастур ҳисобидан минглаб ҳамюртларимиз иш билан таъминланaяпти. Асосий мақсад ҳам шу. Улар Жанубий Кореяда иш ўрганиб қайтганларидан кейин ўз тажрибаларини бу ерда қўллашади. асосий мақсад ҳам шу, дейди агентлик мулозимларидан бири.

“Эркин ёллаш тизими” орқали ишлагани кетган минглаб ўзбекистонликнинг бири Ихтиёр расмий каналлар орқали Жанубий Кореяга ишга бориш имтиëзлари ҳақида гапиради :

- Уч йил бўлди, Пусандаги бўёқ заводида ишлаяпман. Қаерда, кимга ишлашингни олдиндан билиб келган бошқача барибир. Иш берувчи билан шартномам бор. Ишимга яраша ойлик оламан. Налогларини ҳам тўлаймиз. Завод ётар-турар билан таъминлайди. Ҳар хил одамларни гапига учиб келадиганлар ҳам бор. Қийналиб, қаерга боришни билмай, кўчада қолганларни ҳам кўрганман, дейди Ихтиёр.

Айни пайтда ўзбекистонликларни Жанубий Кореяга ишга жўнатиш жараёнининг ўта коррупциялашгани айтилади.

Кореяга ишлаш учун жўнатиш мақсадида одамлардан пора олган бир қанча мансабдор қамалгани ҳақда Озодлик аввал хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG