Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

Ўзбекистонда она бўлган талаба бола нафақасидан маҳрум қилинди


Ўзбекистон Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган икки ёшгача фарзанди бор оналар бола нафақасидан маҳрум қилинди. Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирлиги қабул қилган қўшма қарорга биноан талабаларнинг стипендия олиш тартибига ҳам бир қанча ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим ва Молия вазирликлари 24 июнь куни қабул қилган 1339-сонли қўшма қарори билан таълим муассасалари талабаларига стипендия бериш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартишлардан бирига кўра, 2 ёшгача фарзанди бўлган она-талабаларга боласи учун нафақа берилмайдиган бўлди. Кундузги бўлимда таҳсил олаётган бундай талабалар стипендиясини тўлиқ олишда давом этади. Бунга қадар 2 ёшгача фарзанди бўлган она-талабаларга стипендия билан бирга бола нафақаси ҳам тўланган.

Жиззах давлат педагогика институтида ўқийдиган талабалардан бири, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бундай қарор ёш боласи бор талабанинг иқтисодий аҳволини янада мушкуллаштириб қўйишини айтди:

Фарзандим бир яшар бўлди. Ўзим тўртинчи курсга ўтдим. Турмуш ўртоғим ҳам студент. Институтдан маълумотнома тақдим этиб, маҳалладан боламга нафақа олиб турардим. Энди шуни ҳам йўқ қилишган бўлса, аҳволимиз анча оғирлашади. Боламга давлат 236 минг сўм нафақа берарди. Боламнинг памперсию, махсус озиқ-овқатини шунинг ҳисобидан қилардик. Бола нафақасининг ўқишга нима алоқаси бор, ҳеч тушунолмаяпман", деди талабалардан бири.

Шунингдек, янги ўзгартишларга кўра, талабаларнинг стипендия олиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилган.

Қуйида қарордан иқтибос:

"Энди истисносиз барча олий ўқув юртлари учун жорий қилинган тартибга кўра, академик қарзини узган (тегишли предметлардан 55 ва ундан ортиқ фоиз балл олган) талабаларга стипендия қарзини топшириш учун берилган бир ойлик муддат тугаганидан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб стипендия берилади. Бунда стипендия талабанинг ўзлаштириш рейтингидан келиб чиқиб, кейинги ўқув семестригача дифференцияланган коэффициентни қўллаган ҳолда тайинланади".

Ўзбекистон Миллий университетининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири бу ўзгартишни содда қилиб, шундай тушунтирди:

- Аввал тўртлик ёки бешлик стипендия олиб келган талабалар академик қарздор бўлиб қолиб, белгиланган муддатда топширолмаса, стипендияси куйиб кетарди. Яъни, учлик стипендияга тушиб қоларди. Энди талаба бутун семестр давомида қайта имтиҳон топшириб, баҳосини юқори қилиб олиши ва тўрт ёки бешлик стипендияларга янги ойнинг биринчи числосидан бошлаб илиниши мумкин. Яъни, бир семестр учлик стипендия олиш шарт эмас, ҳаракат қилиб юқори баҳога тўланадиган стипендияга эришиши мумкин. Аслида бу талабаларнинг яхши ўқиши учун ҳаракат қилишга ундайдиган ўзгартириш, - деди олийгоҳ мулозими.

Ўзбекистон олийгоҳларида уч хил стипендия мавжуд. Стипендиялар талабаларнинг ҳар ярим йиллик семестр имтиҳонларини қандай баҳода топширишларига қараб уч хил миқдорда берилади.

Олийгоҳлар студентларга бериладиган стипендияларни ўзлари белгилайди.

Масалан, Самарқанд давлат университетида "уч" баҳога ўқиганларга 250 минг сўм, "тўрт" баҳога ўқиганларга 350 минг сўм ва "беш" баҳога ўқиганларга 450 минг сўм миқдорида стипендия берилади.

XS
SM
MD
LG