Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:21

Ўзбекистон автосалонларида машина тиқилиб кетди


Тошкентнинг "Роҳат" автосалонидаги машиналарнинг бу сурати Фейсбукдаги "Водители Ташкента" гуруҳидан олинди.
Тошкентнинг "Роҳат" автосалонидаги машиналарнинг бу сурати Фейсбукдаги "Водители Ташкента" гуруҳидан олинди.

Ўзбекистондаги барча автосалонлар GM-Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар билан лиқ тўлди. Автомобилларнинг баъзи маркаларини автосалонлардан бир куннинг ўзида, баъзиларини эса 1-6 ой давомида харид қилиш мумкин бўлиб қолди. Бир йил аввал эса машина олиш учун олдиндан пул тўлаш жараёнида одамлар ярим тундан навбатга турар, шунда ҳам бир йилдан сўнг машина харид қилиш учун шартнома олиш ҳаммага етмасди.

Автосалонларда оёқ босишга жой қолмади

Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги автосалонларида шу пайтгача содир бўлмаган ҳолат кузатилмоқда. Тошкент ва вилоятлардаги барча автосалонлар GM-Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар билан лиқ тўлди.

Автосалон сотувчилари мижозларга АҚШ долларида ва сўмда сотилаётган автомобилларни тақдим қилмоқда.

Фейсбукдаги “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари автомобилларга тиқилиб кетган “Роҳат” автосалонининг суратини қўйишди.

“Мана сенга олам-олам мошин,

Истаганингни олиб мин”, деб ҳазил ҳам қилишди муштарийлар.

Ўзбекистондаги автосалонлар шу пайтгача ҳеч қачон автомобиллар билан бунчалик тўлиб-тошмаган, баъзи автосалонлар эса янги автомобилларни қабул қилиш учун қўшимча жой қидирмаган эди.

Машиналар нархи ва уни олиш муддати
Машиналар нархи ва уни олиш муддати

Ўзбекистондаги автосалонлар Кобалт, Ласетти, Малибу автомобилларининг 1 ва 2- позицияларини бир кунда, Матизни бир ойда, Нексия СОНСнинг люкс позициясини олти ойда сотиб олиш мумкинлиги ҳақида эълон тарқатмоқда. Малибудан ташқари бу машиналарга тўлов фақат АҚШ долларида амалга оширилиши айтилади.

Бекобод шаҳридаги автосалон сотувчисининг айтишича, улар ҳеч қачон бунча кўп машина қабул қилмаган:

- Ҳақиқатан ҳам мошина жуда кўп келяпти. Лекин харидор кам. Ҳозир бир куннинг ўзида Кобалтнинг 1-2 позициясини, Жентранинг 1-2 позициясини, Орландо ва Малибу сотиб олишингиз мумкин. Матизларни эса позициясига қараб, икки-уч кундан бошлаб бир ойгача бўлган муддатда олишингиз мумкин. Нексия сонсларнининг 1-2 позициясини бир ойда чиқариб берамиз, 3-4 позициясини йилнинг охиригача оласиз. Мошин кўп ака, хоҳлаган рангингизни танлаб олаверасиз”, деди автосалон сотувчиси.

Бекобод шаҳрида киракашлик қиладиган Дилшод ҳам танишлари бир ҳафтада “шапкасиз” Нексия сотиб олганини айтди:

- Бизда шаҳарда битта автосалон бор. Ҳозир мошина тиқилиб кетган. Олдин ундай бўлмасди. Келарди, икки-уч кунда эгалари олиб кетарди. Аввал эртароқ олиш учун “шапка” сўрашарди. Ҳозир шапка йўқ. Бир танишим бир ҳафтанинг ўзида ҳеч қандай “шапка”сиз Нексия олиб чиқиб келди,- деди Дилшод.

Қаршида Матизни бир кунда ҳам сотиб олса бўлади

Қарши шаҳрида истиқомат қиладиган Абдусалимнинг айтишича, автосалонларда машиналар тиқилиб кетганидан оёқ босишга жой қолмаган:

- Мен Матиз олмоқчи эдим. Борсам мана пулини тўлангу олиб кетаверинг деб қора Матизни кўрсатишди. Менга оқи керак десам, уни бир-икки ҳафта кутасиз, деди. Энди 100 доллар берсам оқини ҳам топиб берардию, бергим келмади, деди Абдусалим.

Бухоро шаҳридаги автосалон сотувчиси ҳам автомобилларнинг баъзи турларини бир кунда сотиб олиш мумкинлигини айтди:

- Бизда ҳам шундай мошина жуда кўп келяпти. Уларни жойлагани қўшимча жой қидиряпмиз. Бир кунда Ласетти 2, Кобалт 1ни, бир ойда Матизни сотиб олишингиз мумкин, деди сотувчи.

Нега Ўзбекистон автосалонларида машина кўпайди?

GM Uzbekistan ишлаб чиқарган автомобиллар экспортининг асосий харидори бўлган Россияда касодга учраётгани Ўзбекистон ички бозорида автомобилларнинг кўпайишига сабаб бўлгани айтилади.

Жорий йилда Ўбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россиядаги савдоси 57 фоизга қисқарди.

Бу ҳақда Европа бизнес Уюшмасининг автомобилсозлар Қўмитаси маълумотларига таяниб берилаётган хабарларга кўра, олти ой ичида GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган машиналардан 10357 донаси сотилган холос.

Россияда давом этаётган иқтисодий пасайиш натижасида 2015 йилда янги автомобиллар сотуви 2014 йилга нисбатан 41,5 фоизга камайган. Экспертлар Россиядаги машиналар савдосининг қарийб икки баробарга камайишини бевосита рублнинг қадри тушиши ва бунинг ортидан мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиши билан боғламоқда.

Шу пайтгача машина олиш учун йиллаб навбат кутган ўзбек харидори энди GM Uzbekistan автомобилларини қисқа вақт ичида расмийлаштириш имконига эга бўлди. Бундан ташқари ўзбек харидори навбатни яқинлаштириш учун тўлаган порадан ҳам воз кечилгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG