Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:18

Қўмита танқидига учраган “ярим-яланғоч” Лола лицензиядан айрилди


Лола Йўлдошева
Лола Йўлдошева

“Ярим-яланғоч” кийиниб, саҳнага чиққани учун жиддий танқидга учраган 29 яшар ўзбек хонандаси Лоланинг лицензияси "шартлар бузилгани" учун муддатидан аввал тўхтатилди. Озодлик манбаси бу жазо Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонованинг танқидидан сўнг берилганини айтмоқда.

Бу ҳақда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси расмий сайтида билдирилди:

Хонанда Юлдашева Лола Равшанбековна томонидан Лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар бузилгани сабабли, хонанда номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан, 2015 йил 14 июлдан тугатилганлигини маълум қилади”, дейилади ҳужжатда.

Бундан олдин Лола Йўлдошеванинг саҳна кийими "Ўзбекнаво"да муҳокама қилиниб, хонандага расмий ҳайфсан эълон қилинган эди.

Лола Йўлдошеванинг кийими "Ўзбекнаво"да муҳокама қилинган расмий ҳужжат Озодликда мавжуд.

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси раҳбари ўринбосари Мурод Мажидов имзолаган ҳужжатда "хонанда Лола Йўлдошеванинг миллий менталилетимизга зид либосда концертда куйлагани юзасидан шикоят” хатини кўриб чиққани таъкидланади.

Ҳужжатда жумладан, "келгусида бундай ҳолатлар олдини олиш мақсадида барча хонандалар концерт ўтказишдан аввал махсус эксперт гуруҳи вакиллари томонидан жиддий огоҳлантирилиб, саҳнага чиқадиган ҳар бир иштирокчининг либосию ўзини тутишигача муҳокама этилиб борилади", дея уқтирилади.

Нега Лола танқид нишони бўлди?

Концерт ташкил қиладиган маъмур Равшан Холмирзаевнинг Озодликка айтишича, Лола Йўлдошева "миллий менталитетга зид" либосда шу йилнинг 24 февралида Тошкентда бўлган концертда чиққани акс этган видеотасвирлар Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова назарига тушган:

"Билсангиз, Лола 24 февраль куни қўшиқчи Райҳоннинг "Истиқлол" санъат саройидаги концертида у билан саҳнада "Кўникмадим" дуэтини ижро этди. Дуэтда Лола сони очиқ ва орқаси белигача очиқ қизил кўйлак билан чиқди. Лола кийган ярим-ялонғоч либос "Ўзбекнаво" танқидига учради. "Ўзбекнаво"га таклиф қилиниб, Райҳон Ғаниева концертида кийиб чиққан либоси миллий менталитетимизга зидлиги ҳақида огоҳлантирилди ва ундан бошқа ярим-яланғоч саҳнага чиқмаслик ҳақида тушунтириш хати олинди", деган эди Равшан Холмирзаев.

Озодликнинг "Ўзбекнаво"га яқин манбаларига кўра, ана шундан кейин ашулачи қизлар ва раққосаларнинг саҳнада "қуюшқондан чиқиши" "Ўзвекнаво"да алоҳида муҳокама этилган.

Озодликка маълум бўлишича, бу жазолаш Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг танқидига жавоб ўлароқ амалга оширилган.

Бош вазир ўринбосари ўтган ойда мажлис ўтказиб, “Ўзбекистон — Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади”, дея қўшиқчилар шаънига танқид ëғдирган эди.

Ашулачиларни "Робинзон"га тенглаштирган Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг маърузаси маҳаллий матбуотда эълон қилинган эди.

Бу нутқда жумладан мана бу гаплар бор:

Айрим хонандаларимизнинг турли ажнабий ва миллийликка ёт либосларни кийишлари, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган саёз қўшиқ матнлари, қўпол, беҳаё ва беандиша ҳаракатлар акс эттирилган клипларнинг оила даврасида кўриладиган экранларга узатилаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!" деган эди Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова.

Бу гапдан кейин Ўзбекистон миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзо эстрада санъати маҳсулотларининг маънавий савиясини қонун йўли билан тартибга солиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси “талаб ва қоидаларни бузган” уч нафар қўшиқчини лицензиядан маҳрум қилиб, Илҳом Фармонов дохил 11 нафар қўшиқчига ҳайфсан берди.

Шу ой бошида эълон қилинган бу ҳужжатда Бош вазир танқидига учраган Лола Йўлдошева ва Райҳон Ғаниеваларнинг йўқлиги “уларнинг қудратли акахонларининг саъйи-ҳаракати” самараси ўлароқ изоҳланган эди.

Озодликнинг “Ўзбекнаво”даги манбасига кўра, ва ниҳоят, “юқоридан аралашув боис, хонанда Лола Йўлдошева жазоланган”. Манбага кўра, жазо навбати Райҳон Ғаниевада қолмоқда.

XS
SM
MD
LG