Ўзбекистондан Қирғизистонга мева-сабзавот маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилаётгани ортидан Жалолобод вилояти деҳқонлари деярли хонавайрон бўлганликларини иддао қилмоқдалар. Уларга кўра, Ўзбекистондан полиз экинлари, мева ва сабзавотларнинг арзон нархда олиб кириб сотилаётгани сабабли маҳаллий деҳқонларнинг бозори касод бўлган.
Қирғизистоннинг Новкен тумани Дўстлик қишлоғида яшовчи Алмакан Давлетованинг 10 тоннага яқин помидори сотилмай, далада чириб кетмоқда. У 40 сотих майдонга эккан маҳсулотинининг илк ҳосилинигина 3 қирғиз сўмидан сотишга улгурган холос.
- Бодринглар сотилмай қуриб кетди, 1 сўм бўлди. Шунда ҳам майли деб сотдик. Бироқ буни ҳам барчасини олишмас экан-да, қовун ҳам шундай. Мана, кўриб турганингиздай, далада чириб кетаяпди. Биргина менда шундай бўлмаяпти, қўшниларимда ҳам шу ҳол. Йўлдан ўтганларга ялинамиз: “Помидор олиб кет” деб, “Йўқ, керакмас” дейишади, - дейди Алмакан Давлетова.
Унга кўра, ўғли маҳсулотларни сотиш учун Бишкекка ҳам олиб борган, бироқ у ерда ҳам бозор касодлигини кўрган. Алмакан Давлетовага кўра: “қўшни давлатлардан ноқонуний олиб келинаётган мева-сабзавотлар ва полиз экинлари бозорларни эгаллаб, маҳаллий дехқонлар маҳсулоти сотилмай қолмоқда”:
- Мен яқинда шу ернинг ўзидан 5 тонна помидор тердим. Сотолмай 2 тоннасини бепул бериб юбордим. Ўзбекистон билан Тожикистон маҳсулотларини бизнинг бозорларга киритиб юборишди-да. Бу ерда сотолмасак, у ерда сотолмасак, биз бу йилда қилган ҳаражатларимизнинг 30 фоизинигина қайтариб олдик, - дейди Алмакан Давлетова.
Деҳқонларга кўра, улар ҳукумат вакилларининг “Агарда божхона иттифоқига кирсак маҳсулотларнинг барчаси Россияга кетади, одамлар яхши яшайди”, деган сўзларига ишониб, қовун-тарвуз, помидор-бодринг каби маҳсулотларни кўп экиб олганини айтишади.
750 километрдан узунроқ Ўш-Бишкек йўлининг этаги деҳқонлар ўз маҳсулотларини сотувчи бозорчага айланган. Бироқ у ерда ҳам харидорга қараганда сотувчи кўп. Қирғиз деҳқонлари қирғиз ҳукуматидан ёрдам сўрамоқда:
- Қовунимиз қолиб кетди, бодрингимиз килоси бир сўм бўлиб қолди. Илтимосимизни парламент ёки амалдорларга, ҳукуматга етказинглар. Ҳар биримизда 3-4 тоннадан помидор турибди, - дейди деҳқонлардан яна бири Ўрўзмамат Ўсмўналиев.
Мазкур қишлоқда бугунги кунда 100 тоннадан ортиқ помидор, бодринг ва қовун далада сотилмай қолиб кетмоқда. Бу йил Жалолобод вилояти ҳудудида 5 минг гектардан ортиқ майдонга сабзавотлар экилган. Бу эса, ўтган йилга нисбатан 1200 гектарга кўп.