Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:02

Ўзбекистонлик муаллим: Директоримиз мукофот пулимизни ўзига олиб қолаяпти


Жиззахлик ўқитувчилар мукофот пуллари ва ойлик маошлари мактаб раҳбарлари тарафидан уриб қолинаётгани ҳақида шикоят қилишмоқда.

Жиззах шаҳридаги мактаблардан бирида математика ўқитувчиси бўлиб ишловчи Олимжон Муҳсиновнинг Озодликка айтишича,мактаб раҳбари ишчиларнинг мукофот ва ойлик маошларини уриб қолаётир:

– Бизни мактабда директоримиз ўқитувчиларга мукофот пули ёзиб, шу мукофот пулларини олганлиги ҳақидаги қоғозга имзо қўйдириб, пулни ўзига олиб қолаяпти. Биз бундан норози бўлиб Халқ таълимига шикоят ҳам қилмоқчи бўлдик, бир ўқитувчи "Бунга қўшилмаймиз, директор бизни дабдала қилиб ташлайди", деганидан сўнг ҳеч қаерга шикоят қилмадик,- дейди жиззахлик ўқитувчи.

Жиззах вилоятидаги бошқа ўрта мактабда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. Ўқитувчиларнинг иддаосича, мактаб директори ходимларнинг ойлик маошларидан турли хил тадбирларга уларни розилигисиз пул ушлаб қолмоқда.

– Бу ҳолатдан ўқитувчилар жуда норози. Лекин шикоят қилишолмайди. Сабаби мактаб директори кун бермаслигидан қўрқишади. Ишидан айб топиб, бўшативоришидан ёки дарс соатларини қисқартиришидан қўрқишади, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчи.

Шикоятчи ўқитувчилар ишлайдиган мактаб раҳбариятидан ушбу иддаолар юзасидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев Ўзбекистонда мактаб директорларининг ўз ходимлари маошларини талон-тарож қилиши авжига чиққан муаммо эканини айтди:

- Директорлар ўқитувчилардан пул олиб қолиши, ўқувчилардан пул йиғиш, темир-терсак йиғиш, макулатура йиғишдан тушган пулни талон-тарож қилиши жуда авжига чиққан. Ўқитувчи 300 минг сўм ойлик олмайдими, фарқи йўқ, олиб қолади. Ўқитувчилар ноилож айтганини қилади. Қаршилик қилса ишидан ҳайдалади, бақириб аризасини ёздиради. Бу жуда кенг тарқалган, - дейди Ўктам Пардаев.

Ўзбекистондаги мактабларда ўқитувчиларнинг мукофот пуллари ва ойлик маошлари диркеторлар томонидан ўзлаштирилиши ҳолатлари бошқа вилоятларда ҳам кўп учраб туради.

Ўтган йили Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги мактаб директори ишчи-хизматчилари номига ёзилган мукофот пуллари ва ойлик маошларини ўз фойдасига ўзлаштирганлик ва 12 нафар ходим номига ёзилган 3 миллион 133 минг сўм пулни талон-тарож қилганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар берган эди.

Шунингдек, мактаб директори иш ҳақи тарқатиш рўйхатидаги яна тўрт нафар ходимнинг 1 миллион 622 минг сўм мукофот пулини қалбаки имзолар билан олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликда ҳам айбланган. “Ҳуқуқ” газетаси хабарида мактаб директорига қандай жазо тайинлангани маълум қилинмаган.

XS
SM
MD
LG