Расмий Бишкек бир ой ичида Датқа - Кемин электр тармоғи ишга туширилиши ортидан Қирғизистон Ўзбекистондан бўлган қарамликдан қутилиши ва Тошкентга электр қуввати транзити учун йил сайин тўлаб келинган 10 миллион доллар маблағ иқтисод қилиб қолинишини билдирмоқда.
Датқа-Кемин электр тармоғи ишга туширилса, Қирғизистон Тўқтўғул каскадида ишлаб чиқарилган электр энергиясини Ўзбекистонга транзит қилиш орқали эмас, балки ўз ҳудуди орқали тарқатиш имкониятига эга бўлади. Расмий Бишкек мазкур лойиҳа амалга оширилиши ортидан Қирғизистон электр энергияси мустақиллигини таъминлай олишини, Ўзбекистондан бўлган қарамликдан қутилишини билдирмоқда.
Ҳозирда Датқа-Кемин лойиҳасининг баланд тоғли ҳудудлардаги сим тортиш ишлари ниҳоялаб қолган. Қирғизистон ҳукумати юқори қувватли 405 километрлик Датқа-Кемин тармоғи 31 август - Мустақиллик кунигача ишга туширилишига умид қилмоқда.
- Хитойларнинг вакили бизга берган ҳисоботида “августнинг ўртасигача барча ишларни биткизамиз”, деди. Яъни симларни тортиб, нагрузка беради ва Худо хоҳласа 31 августгача тармоқ ишга туширилади,- деди Миллий электр тармоғи ширкати директорлар кенгаши раиси Бекбо Маматбеков.
Қирғизистон мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Хитойнинг Экспорт-импорт банкидан 390 миллион доллар миқдорида имтиёзли қарз олган. Лойиҳа Хитойнинг “Тиби эй” ширкати томонидан амалга оширилмоқда.
Айни пайтда мутахасислар Қирғизистоннинг Марказий Осиё электр халқасидан чиқишига ҳали эрталигини эслатиб келади. Уларнинг бири Бийназар Бердикеевга кўра, тез орада электр ишлаб чиқувчи муқобил иншоотлар қурилмаса, қишда мамлакат шимолида электр тақчиллиги кучайиши ва ўшанда қўшнилардан қўшимча электр олиш зарурати пайдо бўлишини айтади:
- Бизга муқобил қувват керак. Бизда истеъмол ўсаяпти, лекин ишлаб чиқариш қуввати аввалгидай қолган. Шу сабабли Марказий Осиё электр ҳалқасидан чиқа олмаймиз. Қишда бир суткада 72 миллион киловат соат электр сарфланади. Масалан, ТЭЦ-1, ТЭЦ-2 ёки Қамбарота ГЭСи барпо этилса, қўшни давлатлардан бўлган қарамликдан қутилар эдик, -деди Бийназар Бердикеев.
Ҳозирда Қирғизистонда бир йилда 14 миллиард киловат соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу электр қуввати Марказий Осиё ягона электр ҳалқаси орқали Ўзбекистонга узатилади, Ўзбекистон эса уни транзит қилиб Қирғизистонга қайтаради. Бу хизмати учун Ўзбекистондаги энергетика ширкатларига қирғиз томони ҳар йили 10 миллион доллар миқдорида ҳақ тўлайди.
Ўзбекистон аввалги йилларда Марказий Осиё ягона электр ҳалқасидан Қирғизистон Қозоғистонга узатиб келган электр қувватидан санкциясиз равишда фойдаланиб келган эди. Қозоғистон электр тармоқларини бошқарувчи “АО KEGOC” ширкати Ўзбекистоннинг “Ўзбекэнерго” ширкати 2011-2012 йилги куз-қиш мавсумида Қозоғистоннинг ягона электр тизимидан жами 35 миллион долларлик электр энергиясини санкциясиз ўзлаштирганини билдирган.
Ўзбекистоннинг бу ҳаракати ортидан 2012 йилда Қозоғистон Марказий Осиё ягона электр ҳалқасидан чиқиши тўғрисидаги баёнот берган эди. Бироқ Ўзбекистон 2012 йилнинг декбарида санкциясиз олган электр қуввати учун Қозоғистондан тўпланиб қолган қарзини тўлиқ узган ва Қозоғистон Марказий Осиё ягона электр ҳалқасида қолган эди.