Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:20

Россия 74та касб эгасига фуқаролик беришни осонлаштирди


Минглаб ўзбек шифокорлари Ямандаги можаро туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.
Минглаб ўзбек шифокорлари Ямандаги можаро туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Россия Меҳнат вазирлиги осонлаштирилган тартибда мамлакат фуқаролигини олиш имкониятига эга бўлган касб эгалари рўйхатини эълон қилди. 7 августдан кучга кирадиган бу қоидага кўра, Россия хўжалиги ва ишлаб чиқариши учун зарур бўлган 74та мутахассислик эгаси махсус тартибда қизил паспортни қўлга киритиши мумкин. Экспертлар бу янгиликни ижобий баҳолаётган бўлса-да, бунинг муҳожирларнинг тор доирасига таалуқли бўлишини гапирмоқда.

Жорий йилнинг 7 августидан Россияда иш берувчи ва тадбиркорлар орасида катта талаб мавжуд касблар эгасига осонлаштирилган тарзда фуқаролик бериш тартиби кучга киради.

Россия Адлия вазирлиги куни кеча 74 мутахассислик эгаси бўлган хорижликлар учун Меҳнат вазирлиги томонидан чиқарилган махсус қарорни тасдиқлади. Шу тариқа, идора Россия меҳнат бозорида жиддий етишмовчилик сезилаётган вакансияларни тўлдиришни режалаштирмоқда.

Россия Меҳнат вазирлиги аввалига 211 касб эгасига бундай имконият берилиши кўзда тутилгани, бироқ бошқа идоралар билан тортишувлардан кейин уларнинг сони 74тага туширилганини маълум қилди.

- Қарор ҳуқуқий порталда 27 июль куни эълон қилинди, демак роса 10 кундан кейин – 7 август куни кучга киради. Қарорга кўра, улар Россияда камида 3 йил доимий яшаб, ўз мутахассислиги бўйича ишлаб келган бўлиши шарт. Аввалига биз бу рўйхатга спорт тренерлари, хореографлар, тарбиячилар ва ҳатто пишлоқ ишлаб чиқарувчи касб эгаларини киритган эдик. Аммо, айрим тортишувлардан кейин уларнинг сони қатъий 74 қилиб белгиланди, дейди Россия Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Евгения Смирнова.

Эълон қилинган рўйхат асосан медиклар, инженерлар ва қурувчи ишчилардан иборат эканини кўриш мумкин.

“Россия Федерацияси фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга юқори малакали мутахассислар – хориж фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар касблари (мутахассислиги, лавозими) рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” деб номланган Меҳнат вазирлиги қарорига мувофиқ, осонлаштирилган тартибда рус фуқаролигини, шу жумладан, тиббиёт ходимлари, инженерлар, чилангарлар, электрмонтажчилар, фармацевтлар, математиклар ва турли станоклар техниклари олиши мумкин.

Вазирлик расмийси сўзларича, Россия фуқаролигига давогар шахс аввалига легаллашиши, яъни қайдга туриб, ишга рухсатнома олиши шарт. Кейин у вақтинчалик яшашга рухсат олади (РВП) ва 3 йил давомида Россиядан чиқмасдан ишлаши мумкин. Бу муҳлат тугаши билан у яшашга рухсатнома олади (ВНЖ) ва мамлакатда жами 5 йил яшаб келиши шарт этиб белгиланди. “Ана шундай кейингина у Россия фуқаролигига ҳужжат топширишга ҳақли”, дея қўшимча қилди Евгения.

Айни пайтда, Меҳнат вазирлиги расмийси РВП, ВНЖ ва фуқаролик бўйича ФМСга топширилган ҳужжатларга жавоб 3 ойдан 10 ойгача жавоб кутиш кераклигини ҳам айтишни унутди.

Этнография ва миграция маркази директори ижтимоий фанлар доктори Владимир Мукомель Озодлик билан суҳбатда бу ўзгартиш амалда жиддий ўзгаришларга олиб келмаслигини айтади. Шунга қарамасдан, профессор Мукомель юқори малакали мутахассислар қийинчиликлар билан бўлса-да, фуқароликка эга бўлиши мумкинлигини ижобий баҳолади.

- Бу қарор муаммони тубдан ҳал эта олмасада, адекват ва қабул қилса бўладиган чорадир, чунки юқори малакали мигрантларнинг легаллашиши ва Россия меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилашга имкон яратади.Бошқа томондан, Меҳнат вазирлигининг бу қарори билан Россия фуқаролигини осонлаштирилган тартибда олиш имконига эга бўлганлар сони жуда кам бўлади. Ахир улар битта мутахассислик бўйича 3 йил ишлаши керак, ваҳоланки ўз мутахассислиги бўйича ҳужжат ва шартнома асосида ишлаганини исботлаб бера оладиган врачлар саноқли. Бундай “осонлаштирилган тартибда” ўтишга ҳамманинг ҳам тоқати етавермайди, деди Владимир Мукомель.

Озодлик билан суҳбатда у келтирилган рўйхатда тиббиёт ходимлари ва қурувчи мутахассисликлар кўплигига эътибор қаратиб, буни Россия аҳолисининг қариётгани ва мамлакатда “тўқчилик” даврида бошланган катта қурилишлардаги инқироз туфайли мутахассислар етишмаётгани билан изоҳлади.

Владимир Мукомель бу тартиб россиялик иш берувчиларга хорижлик мутахассисларни ҳуқуқий жиҳатдан бироз бўлса-да, ҳимоя қилиш имкониятини берганини ҳам айтиб ўтди.

Бугунги кунда Россия фуқаролигига 3 йилдан ортиқ вақт яшаб меҳнат қилган ва йиллик даромадини 10 миллион рублдан оширган тадбиркор ёки 10 миллион рублдан ортиқ сармоя киритган хориж фуқароси даъвогарлик қилиши мумкин.

Россия Федерал миграция хизматида чет эллик инвестор ва табдиркорларга Россия паспортини беришни осонлаштириш бўйича янги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани Озодликка маълум бўлди.

Россия ФМСи ҳукуматга 2018 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига қурилаётган объектларда ишлаётган мигрантларга легаллашиш тизимини осонлаштириш таклифи билан чиқмоқда. Бу лойиҳага кўра, қурувчи-муҳожирларнинг патентга топширилган ҳужжатлари қисқа муддат ичида кўриб чиқилиши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG