Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:59

Ўзбекистонда пенсия ур-йиқит билан олинмоқда


"Микрокредитбанк" олдидаги навбат. Наманган вилояти.
"Микрокредитбанк" олдидаги навбат. Наманган вилояти.

Кексаларни эъзозлаш йилида қарияларга пенсия бериш кечикяпти. Оқибатда почта ва банклар олдида тўполонли навбатлар пайдо бўлмоқда. Ўзбекистоннинг аксарият туманларида пенсиянинг бир-икки ойгача кечикиб берилиши одатий ҳол бўлиб қолди. Қариялар пенсия пулларининг 50 фоизи пластик карточкаларга улар розилигисиз ўтказилаётганидан ҳам шикоят қилмоқда.

Озодликнинг Намангандаги мобил мухбири пенсия олиш учун ур-йиқитли навбатлардан бирини расмга олиб жўнатди. Бу расмда Намангандаги "Микрокредитбанк"ига пластик карточкадаги пенсиясини нақдлаштириш учун келган ўнлаб пенсионерларни кўриш мумкин.

Мобил мухбирнинг айтишича, бугунги кунда Наманганнинг деярли барча туманларида шундай манзарани кўриш мумкин.

“Микрокредитбанк”нинг Поп тумани филаиалининг ўзини таништирмаган ходими банкларнинг олдида уч-тўрт кундан буён шундай ҳолат бўлаётганини тасдиқлади:

- Ҳозир июль ойининг пенсияларини пластик карточкаларга деярли тушириб бўлдик. Ҳозир нақд пул бўйича тўлов кетяпти. Лекин нақд пулнинг банкка тушуми кам бўлганлиги учун шундай навбатлар пайдо бўляпти. Бу битта бизнинг туманда эмас, балки бошқа туманларда шу аҳвол, деди мулозим.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, пенсияларнинг кечикиши ва нақд пул муаммоси биргина Наманган вилоятига хос ҳолат эмас, балки бошқа вилоятларда ҳам худди шундай вазият вужудга келган.

Пенсия берилиши икки ойгача кечикяпти

Самарқанд туманида истиқомат қиладиган пенсионер Равшан Содиқовнинг айтишича, пенсиянинг кечикиб берилиши айниқса сўнгги ойларда кузатилмоқда:

- Одатда бизга пенсия ҳар ойнинг 15-сигача бериб тугатиларди. Энди эса кейинги ойга ўтиб кетишни расм қилиб олишди. Баъзи жойларда икки ойга кечикяпти. Ҳозир пенсионерлар пенсиясининг ярми улардан сўрамасдан пластикка ўтказиб юбориляпти. Пенсия келганда эса почтани эшигига яқинлашиб бўлмайди, ур-йиқит, тўполон бошланади. Чунки нақд пул кам келади, ким зўр бўлса ўша олишга улгуради, деди Равшан Содиқов.

Сирдарёлик пенсионер 62 яшар Раҳматилла ака ҳам икки ойлик пенсиясини ҳалиям олмаётганини айтади:

- Бизда пенсионерларни кунларга белгилаб қўйган. Масалан мен ҳар ойнинг 6-числосида олардим. Лекин июль ойида қатнайвериб чарчаб кетдим. Мана августнинг олтинчиси ҳам ўтди, лекин пенсиядан дарак йўқ. Фақат пенсия билан кун кўрадиган оддий одамлар анча қийналиб қолди, деди Раҳматилла ака.

"Кексаларни эъзозлаш йилида ҳукуматнинг кексаларга сюрпризи"

Пенсиянинг кечикаётгани ва пластик карточкаларга мажбурлаб ўтказилаётгани республиканинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилади.

Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинган йилда пенсионерларга нисбатан бўлаётган бундай муносабат уларнинг норозилигига сабаб бўляпти.

Қирқ беш йил ўқитувчилик қилган бухоролик 68 яшар пенсионер Мирраҳмат бобо ҳукуматдан қарияларга нисбатан бундай муносабатни кутмаганини айтади:

- Кексаларни эъзозлаш йили эмиш. Ўзи қайси йил қандай номланса Ўзбекистонда тескари натижа беради. Мана, пенсияларни 50 фоизини мажбурлаб пластикка ўтказяпти. Бунга ҳамма қарши, чунки бизда банкомат йўқ, супермаркетдан эса бир сўмлик нарсани бир ярим сўмга оласиз. Бу кексаларни эъзозлашнинг ўзбекча модели бўлса керак. Бу кексаларни эъзозлаш йилида кексаларга қилинган сюрприз бўлди, деди Мирраҳмат бобо.

Озодлик аввал хабар берганидек, Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги муаммоси кескинлашиб бораëтгани ортидан Марказий банк июнь ойидан бошлаб пенсияларни нақд пулда беришни тақиқлаб қўйган эди. Озодликнинг ўзбек банкларидаги манбалари¸ ҳозирча бир ойга деб айтилган бу тақиқнинг узоқ давом этиши кутилаëтганини таъкидладилар.

Озодликнинг Ўзбекистон банк бошқаруви тизимига яқин манбаси¸ нақд пул тақчиллиги муаммосининг кескинлашиб бораëтганини айта туриб¸ пенсияларнинг 100 фоиз пластикка ўтказилгани фақат бир ойлик жараëн эканига кафолат йўқлигини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG