Хабарларга қараганда, пойтахт аҳли ва меҳмонлари тез кунда улуғ рус шоири билан шаҳарнинг бошқа бир мавзесида қайта учрашади. Лекин бу ҳозирча ваъда. Факт шуки, Александр Сергеевич Пушкинга ўрнатилган ёдгорлик-ҳайкал 11 августга ўтар тунда 31 йил турган жойидан ғойиб бўлди.
Кейинги йилларда, жамоатчилик муносабати қандай бўлишидан қатъий назар, Тошкентнинг топонимикасини шиддат билан ўзгартираётган расмийлар Пушкин ҳайкали масаласида бироз эҳтиёткорлик қилгани сезилди.
Пушкин ҳайкали бошқа жойга кўчирилажаги тўғрисидаги хабарлар таҳририяти Тошкентда жойлашган ахборот воситаларида ёдгорлик демонтаж қилинишидан 2 -3 кун олдин пайдо бўла бошлади.
10 августда эса Ўзбекистондаги Рус маданияти маркази Тошкент шаҳри ҳокимиятига Пушкин ҳайкалини бошқа қулайроқ жойга кўчириш илтимоси билан мурожаат қилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди.
Айтилишича, бу ҳақда душанба куни ҳокимият матбуот котиби Ҳусан Эрматов шу масалага бағишланган махсус матбуот анжуманида ахборот берган. Анжуманда ҳайкал кўчириладиган жой – янги “Пушкин даври” паркининг меъморий тархи ҳам намойиш қилинган.
Фақат бу тарх Рус маданий маркази илтимосидан кейин чизилганми ёки тарх чизилганидан сўнг илтимос тушганми – бу ҳақда маълумот йўқ.
Ҳар ҳолда, ўзини Людмила Васильевна, деб таништирган Рус маданяти маркази вакилининг Пушкиннинг кўчирилишига қаршилиги йўқлигини билдик.
Озодлик саволларига жавоб берар экан, у деди:
- Пушкинни Тўқимачилар саройи олдига кўчирадиган бўлишаяпти. У ер ҳам ёмон эмас, шаҳарнинг маркази. Кўпчилик бемалол бора оладиган жой. Мен шахсан қарши эмасман, деди Людмила Васильевна.
Ҳайкал Шота Руставели кўчаси Бобур кўчаси билан кесишган жойга кўчирилажаги айтилмоқда.
Рус маданяти маркази раиси Александр Аристов журналистларга бундай деган.
“Пушкин ҳайкали турган жойни қулай, деб бўлмайди. У, биринчидан, иккита катта йўл кесишган жойда бўлгани учун машиналар оқими катта эди, иккинчидан майдони кичиклиги учун каттароқ тадбир ўтказиб бўлмасди. Шунинг учун биз ҳокимиятга ҳайкални кўчиришни сўраб мурожаат қилдик”, деган Александр Аристов.
Рус маданияти маркази ҳокимиятга мурожаат қилган бўлса, қилгандир. Бироқ ҳайкалнинг кўчирилиши у турган майдон ёнидан ўтган йўлда бошланган кенг миқёсли таъмирлаш ишлари билан боғлиқлиги кўриниб турибди.
Қолаверса, Пушкиннинг кўчирилишини кейинги йилларда Тошкентда жой номларини ўзгартириш жараёнининг узвий қисми, деб ҳам қабул қилиш мумкин.
Масалан, рус шоири Пушкиннинг ҳайкали кўчирилишидан бироз олдин ўзбек шоири Ҳамза ва бошқа ўзбек зиёлиларининг номлари ўчириб ташланган.
Таниқли ўзбек кинооператори Умида Аҳмедова Пушкин ҳайкали кўчирилишига муносабатини билдирар экан, масалага кенгроқ ёндошиб, “Номларнинг ўзгартирилиши, ёдгорликларнинг кўчирилиши ёки олиб ташланиши оқибатида шаҳар ўзининг юзини йўқотиб қўяяпти, эрталаб чиққан уйимизни кечқурун тополмай қолаяпмиз”, деди.
Лавҳамиз қаҳрамони – Пушкин ҳайкали ва унинг муаллифига оид қисқа маълумот:
Мазкур ёдгорлик 1974 йилнинг июнида, шоир туғилган кунга 175 йил тўлиши муносабати билан очилган. Ҳайкални россиялик ҳайкалтарош Михаил Аникушин ясаган.
Михаи́л Константи́нович Анику́шин (1917-1997) — совет ҳайкалтароши, СССР Бадиий академияси академиги, СССР халқ рассоми, Социалистик меҳнат қаҳрамони, Ленин мукофоти ва РСФСРнинг И.Е.Репин номидаги давлат мукофоти лауреати.