Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:51

Тошкент мева-сабзавотни юк машиналарида хорижга олиб чиқишни тақиқлади


Кузатувчилар¸ мева-сабзавотни автоулов билан олиб чиқишни тақиқлаш¸ ўзбекистонлик деҳқонларни танг ҳолга солишини айтмоқда.
Кузатувчилар¸ мева-сабзавотни автоулов билан олиб чиқишни тақиқлаш¸ ўзбекистонлик деҳқонларни танг ҳолга солишини айтмоқда.

Бош вазир Шавкат Мирзиëев 28 август куни имзолаган 249-сонли қарорга мувофиқ¸ 1 сентябрдан бошлаб мева- сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида экспорт қилиш тақиқланди. Озодлик суҳбатлашган экспертлар бундай қарор деҳқон-фермерни қашшоқлаштириб¸ мамлакат темир ва ҳаво йўлларини ўз монополиясига айлантирган ҳокимият тепасидаги гуруҳни янада бойитишини таъкидладилар.

Бош вазирнинг 2 сентябрь куни маҳаллий матбуотда эълон қилинган қарори мева-сабзавот¸ картошка¸ полиз экинлари ва узум экспортини тартибга солиш механизмини янада такомиллаштиришни иддао қилади.

Қарорга кўра¸ 1 сентябрдан бошлаб бу маҳсулотларни юк машиналари орқали хорижга олиб чиқиш мутлақ тақиқланди ва эндликда бу ташувни фақат “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ëки ҳаво транспорти ширкатлари амалга ошириши мумкин¸ холос.

Бундай тақиққа берилган расмий изоҳга кўра¸ мақсад Ўзбекистон мева-сабзавоти ва полиз экинларини солиқ ва бож тўловларини четлаб ўтиб¸ хориж¸ биринчи галда Қозоғистонга олиб чиқаëтган “ноҳалол экспортчилар”ни тўхтатиш ва уларни фош қилиб¸ жазога тортиш ва экспортни шаффофлаштиришдир.

Янги қарорда Бош вазир Божхона қўмитасига бу қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилувчи транспорт воситаларини қаттиқ назорат қилиш¸ Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестиция ва савдо вазирлиги ҳамда Марказий банкка 1 октябрдан “ноҳалол экспортчилар” рўйхатини тузиш вазифасини юклади.

Ташқи савдо келишувлари бўйича дебиторлик қарзи ва хориж валютасидаги тушумидан солиқни вақтида тўламаган мева-сабзавот экспортчилари бундай қора рўйхатга киритилади ва уларнинг бундай экспорт билан шуғулланиш лицензияси бекор этилиб¸ тегишли жазога тортилади.

Озодлик суҳбатлашган мева-сабзавот етиштириб¸ уни Россияга сотувчи фермерлардан бири¸ бу қарорни ҳали эшитмагани¸ бироқ унинг мазмун-руҳидан ҳайратга тушганини яширмади:

- Йил бошида Кабмин мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш учун қарор қабул қилиб¸ шунақа экспорт билан шуғулланувчи юридик шахсларни кўпайтиришга буйруқ берган эди. Авваллари бир вилоятда бир-иккита тепага яқин одамлар бу экспорт билан шуғулланган бўлса¸ бу йил лизенция олганлар сони 20 тага етиб қолган эди. Экспортни фақат темир йўл ëки ҳаво орқали қиласан¸ дейиш¸ биздан лицензияни қайтариб олиш дегани. Чунки¸ менда ҳозир 10 тонна узум тайëр ва уни машина билан Қозоғистон¸ ундан Россияга олиб чиқишни режалаëтгандим. Бу қарор йўл ëпилди дегани. Чунки поездда олиб чиқиш учун камида 60 тонналик вагонни олишим керак¸ менда унча ҳосил йўқ ва харажат ўзини оқламайди, дейди узумчи фермер ўз шахси очиқланмаслик шарти билан.

Озодлик билан суҳбатда кузатувчилар¸ Бош вазирнинг яна бир тақиқи ортида ички бозордаги нархларни нормаллаштириш¸ қишга маҳсулот заҳира қилишдан то пахта терими ва ғалла экиш мавсуми арафасида дизел ëнилғиси тақчиллигини тартибга солиш каби сабаблар бўлишини тахмин қилдилар.

Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев Бош вазирнинг айни пишиқчилик мавсумида мева-сабзавот¸ қовун-тарвуз ва узумни Қозоғистон¸ у орқали эса Россияга автоулов билан олиб чиқишни мутлақ тақиқлаш қарорини бозор иқтисоди қонунларига зид¸ советча ҳаракат деб баҳолайди:

- Бутун дунëда ҳукуматлар экспортни рағбатлантиришга ҳаракат қилди¸ чунки экспортдан валюта келади. Мана¸ яқинда Қозоғистон ҳукумати тангани айнан экспортни рағбатлантириш учун девальвация қилди. Дейлик¸ мен ўзбекистонлик деҳқон-фермерман ва 30 тонна помидорим бор ҳозир. Темир йўл орқали четга чиқариш учун қоғозбозликдан ташқари¸ фермер айтмоқчи¸ камида 60 тонналик вагонни тўлдиришим керак¸ менда эса бунча маҳсулот йўқ. Помидоримни икки-уч кун ичида сотишим керак¸ бўлмаса бузилади. Шуни юк машинасида Чимкентга олиб ўтсам¸ чегаранинг бу ëғига қараганда икки баравар қимматга сотаман¸ Остонага олиб борсам¸ 300 тангага¸ Тошкентдагидан 10 баравар қимматга олишади. Бунинг ўрнига¸ йўқ помидорингни Тошкентда 10 тангага сотасан¸ бўлмаса ахлатга ташлайсан¸ дейиш деҳқоннинг уйини куйдириш деганидир¸ дейди Тошкент ҳукуматининг бу қароридан мантиқ топиш қийин эканини таъкидлаган таҳлилчи.

Мирзиëевнинг ғарқ пишиқчилик мавсумида мева-сабзавот экспортини автоулов воситасида экспорт қилишни тақиқлаш қароридан ким манфаатдор¸ деган саволга жавоб берган кузатувчилар¸жавобни дастлаб “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг эгалари ким¸ деган саволдан излаш кераклигини таъкидлашди.

Ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков жорий йил июнь ойи охирида¸ “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ҳиссадорлик компаниясининг давлат назоратида бўлиб келган акцияларини асли наманганлик миллиардер¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг қудаси Алишер Усмонов сотиб олгани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар тарқатган эди.

Гарчи бу хабар Усмонов матбуот хизмати томонидан дарҳол инкор этилган бўлса-да¸ Сергей Ежков 2 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда¸ бу хабарининг асосли эканини таъкидлади:

- Усмонов раддиясидан яхши хабардорман¸ очиқчасига ҳеч ким буни тасдиқламаяпти. Лекин орқаваротдан бугун ҳам “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати назорат пакет акцияларини Усмоновга тегишли бизнес тизимларидан бири сотиб олганини такрорлашаяпти. Бу қарор ортида тўрт-бешта қудратли ширкат манфаати турибди¸ дейди Ежков.

Озодликнинг ҳокимият тизимларига алоқадор манбаларига кўра¸ “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати акцияларининг каттагина қисми биринчи оилага қарашли. Ҳозирча бу иддаони тасдиқловчи ҳужжатлар Озодлик ихтиëрида йўқ.

Агар “Ўзбекистон темир йўллари” ва Ўзбекистондаги ҳаво орқали юк ташиш ваколатига эга ширкатларнинг асл эгалари ҳокимиятнинг энг тепасида ўтирганларга тегишли экани тасдиқланса¸ Мирзиëевнинг 28 август кунги қарорининг қандай мантиқ-мақсад асосида туғилганини тушуниш мумкин¸ дейди таҳлилчи Жубаев:

- “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати акционери ўз каналлари орқали шу қарорни Мирзиëевдан ўтказган бўлса¸ унда бунинг мева-сабзавот экспортини монополияга олиб келаëтганини бемалол айтиш мумкин бўлади. Эртадан ҳамма юк темир йўл орқали ташилади ва темир йўллар фойдаси ошади¸ ҳаммаси жўн ва оддий¸ дейди таҳлилчи.

Ҳукумат режасига мувофиқ¸ жорий йили мамлакатда 15,5 миллион тонна мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган машиналар бозори Россияда касодга учрагани ортидан Вазирлар Маҳкамаси экспортнинг бу туридан келган тушумни мева-сабзавот экспортини кўпайтириш орқали тўлдириш ҳаракатига тушди.

Ўзбек мева-сабзавотларининг асосий харидори Россия ва Қозоғистон саналади.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари контрабандасининг 35 фоизи Қозоғистон чегараларида амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG