GM Uzbekistan ва "Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик ширкати ҳамкорлигида автомобиль двигателларини ишлаб чиқарувчи GM Powertain Uzbekistan заводи қарийб бир ойлик танаффусдан сўнг ўз ишини қайта бошлади. Ушбу икки корхона ишчилари ҳақ тўланмайдиган мажбурий таътилга чиқарилгани айтилганди.
Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” ширкати матбуот ҳизмати мулозими Озодликка маълум қилди.
- Профилактик таътилдан сўнг General Motors таркибидаги барча корхоналар қайтадан фаолиятга киришди, конвейер линиялари аввалги режимда ишлаб чиқаришни бошламоқда, - деди “Ўзавтосаноат” ширкатининг матбуот ҳизмати мулозими.
Аввалроқ General Motors ва автомобиль двигателларини ишлаб чиқарувчи GM Powertain Uzbekistan заводи қарийб бир ойга беркитилгани ва ишчилари ҳам 1 августдан бошлаб, “ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига” чиқарилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.
Озодлик Асакадаги завод ишчиларига таътилдан олдин ҳам бир неча ой давомида иш ҳақи тўланмаётгани ҳақида ҳам хабар қилган эди.
Қариндоши Асака заводида ишлашини айтган Озодлик манбаси ҳам бу ҳақда айтган.
"Ҳақиқатан ҳам, иш ҳақи кечикаяпти. Икки ойдан бери пул йўқ. Ҳаттоки, пластиккаям пул тушмаяпти экан", дейди Озодлик манбаси.
Аммо, GM Uzbekistan шаркати матбуот ҳизмати мулозими бир ойлик таътил режа бўйича эълон қилинганини айтиб, ишчилар ойликлари тўланмагани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
- Бу таътил олдидан белгиланган режага мувофиқ бўлди, ишчиларга ойликлар берилмаган, деган гап-сўзлар асоссиз, - деди GM Uzbеkistan мулозими.
Асакадаги заводга эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи ширкат ходими, завод ишчиларининг "мажбурий таътилга" чиқарилишини автомобиллар савдосининг кескин қисқаргани билан боғлайди.
Ўша ходимнинг Озодликка айтишича, ҳозир завод конвейер линияларида иш қайта бошланган.
- Бир ой ичида Т250 Chevrolet Aveo моделини ўрнатишди. Асака заводида автомобилнинг янги тури учун двигателлар ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўрилди. Конвейер бир ой тўхтагани сабаб ишчилар ҳақ тўланмайдиган таътилга жўнатилган эди, - деди Асакадаги заводга эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи ширкат ходими.
Шу йил март ойида GM Uzbekistan ширкати Т250 Chevrolet Aveo русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режасини эълон қилганди.
Мазкур режага мувофиқ, ширкат 2020 йилга қадар янги турдаги автомобилни ишлаб чиқариш учун 150 миллион АҚШ доллари сарфлаши кутилмоқда.
Айни пайтда заводда ишлаб чиқарилаётган машиналар экспорти ҳам кескин қисқарган.
Июль ойида Европа бизнеси уюшмаси автомобиль ишлаб чиқарувчилари қўмитаси Россияда жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 8 минг 622 автомобиль сотилганини эълон қилган эди.
Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58,7 фоизга камроқдир. General Motors ҳозирда Ўзбекистонда 9 та русумда автомобиль ишлаб чиқаради.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган машиналарнинг хориждаги асосий ҳаридори Россия ва Қозоғистондир.
Россия ва Қозоғистонда миллий валюталар қадри тушиб кетгани бу мамлакатларда "ўзбек машиналари" сотилишини яна ҳам камайтириши тайин, демоқда таҳлилчилар.