Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:21

Британиялик депутатлар суриялик қочқинларни МОга ерлаштиришни таклиф қилмоқда


Греция-Македония чегарасидаги суриялик қочқинлар, Идомени қишлоғи, 2015 йил 14 сентябри.
Греция-Македония чегарасидаги суриялик қочқинлар, Идомени қишлоғи, 2015 йил 14 сентябри.

Британия парламентининг юқори палатаси вакиллари Европа Иттифоқида бирдамликка таҳдид солаётган қочқинлар масаласида Брюсселга муқобил йўл таклиф қилмоқда. Хусусан, лорд Десаи фикрича, ЕИ расмийлари БМТ билан ҳамкорликда Сурия ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларидан бўлган қочқинларни Марказий Осиё минтақасига жойлаштириши керак.

Eurasianet.org нашрининг ёзишича, Бритария Лордлар палатаси аъзоси Десаи бу таклифни 16 сентябрь куни олға сурган.

“Марказий Осиёда аҳолиси кам бўлган мамлакатлар бор – Туркманистон, Тожикистон, Мўғулистон ва ҳ. каби. [Бу мамлакатларда] аҳоли зичлиги Европадаги аҳоли зичлигидан юз баробар кам. Мен БМТ мазкур давлатлар билан ҳамкорликда бу мамлакатларга имкон қадар кўпроқ муҳожир ва қочқинлар кўчирилишини уюштиришини истардим ”, деди келиб чиқиши Ҳиндистондан бўлган Мегнад Жагдишчандра Десаи.

Британия парламенти вакили Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг Яқин Шарқдан бўлган қочқинларга хайрихоҳларча муносабатда бўлиши мумкинлигига уларнинг маданий жиҳатдан ўзаро яқинлигини сабаб ўлароқ келтирган.

“Бу мамлакатлар мусулмон ўлкаларидир, - деди лорд Десаи минтақа давлатларини назарда тутаркан. – Уларнинг ҳаммаси битта динга мансуб”.

Eurasianet.org мақоласида лорд Десаи таклифига танқидий муносабат билдирилган ва у минтақа мамлакатларидаги вазиятдан бехабарликда айбланган. Мақола муаллифларига кўра, Башар Ассад истибдоди ёки радикал исломий режимдан қочиб келаётган одамларни МО мамлакатларига жойлаштириб бўлмайди.

“Марказий Осиё давлатларининг айримлари, хусусан, Туркманистон ва Ўзбекистон Сурия каби репрессив мамлакатлардир”, деб ёзган мақола муаллифлари номигагина мусулмон ўлкалари бўлган Марказий Осиё республикаларида сўнгги йилларда диний эркинликлар жиддий чекланганини, Десаи таклиф қилган Мўғулистонда эса аксарият буддавий эканини таъкидлайдилар.

Eurasianet.org нашрига кўра, иқтисодий жиҳатдан минтақа мамлакатларидан биронтаси муҳожирларни қабул қилишга қодир эмас, ҳатто минтақада иқтисоди энг кучли бўлган Қозоғистонда ҳам сўнгги пайтларда иқтисодий таназзул кузатилмоқда.

Қозоғистон Яқин Шарқдан бўлган қочқинларни қабул қилишга тайёр

Бу фикрни Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Биржан Нуримбетов билдирган. Tengrinews.kz нашрининг ёзишича, Нуримбетов Қозоғистон қонунчилигида қочқинлар оммавий равишда оқиб келган тақдирда кўрилажак чоралар кўзда тутилганини айтган.

“Шунинг учун халқаро қонунларда кўзда тутилган барча тартиб-қоидаларга кўра, агар зарурат туғилса, Қозоғистон қочқинларнинг маълум бир қисмини қабул қилади, уларни жойлаштириш, уларни бошпана билан таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўради”, деган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нуримбетов.

XS
SM
MD
LG