Турли вилоятлардан 24 сентябрь - Қурбон ҳайитига берилган дам олиш кунида ўқитувчилардан пахтага чиқиш талаб қилингани ҳақида хабарлар келмоқда. Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухоро, Самарқанд вилоятларидан Озодликка боғланган манбалар пахтага чиқишни истамаганлардан 30-40 минг сўмдан пул сўралаётганини айтмоқда.
Озодликка йўлланган мактублардан бирида расман дам олиш куни деб эълон қилинган Қурбон ҳайити куни ўқитувчилардан пахтага чиқиш талаб қилинаётгани "адолатсизлик" деб баҳоланди.
Қуйида ушбу мактуб таҳрирсиз чоп этилмоқда:
"Assalomu alaykum hurmatli sayt xodimlari. Nega O'zbekiston sharoitida o'qituvchilarni paxtaga chiqarishadi. Hatto qurbon hayit kuni dam olish kuni deb e'lon qilingan bo'lishiga qaramay o'sha kuni ham kunlik paxta terimiga olib chiqishmoqchi biz o'qituvchilarni. Qanday adolatsizlik bu a? Hukumatni bunday zulmkorona va axmoqona siyosatiga nega boshqa davlatlar O'zbekistonga nisbatan keskin chora ko'rolmayapti? Qachongacha shundayyy bo'ladiiiiii axiiir!!!!!!!"
Озодликка бу мазмундаги бир неча мактублар келди. Уларда айни ҳолат республиканинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилаётгани айтилмоқда.
Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирида дарс бераётган ўқитувчи кеча вилоят ҳокимлигида мактаб директорлари йиғилгани ва уларга Қурбон ҳайити куни ўқитувчиларни ёппасига пахтага чиқариш талаб қилинганини айтди:
- Мажлис бўлган, эртага бир кун ҳашарга ҳамма бориши мажбурий, бориш шарт, деган гап бўлибди. Шунга эртага ёппасига пахтага мажбурий ҳашарга дейишди, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган ўқитувчи. Бу ўқитувчи ўзи истиқомат қиладиган туман ва мактаб рақамини ҳам ошкор қилмасликни сўради.
Унинг айтишича, байрам куни пахта теримига чиқишни истамаган ўқитувчилардан кунига 30 минг сўмдан пул бериш талаб қилинмоқда:
- Кунига 30 минг сўм экан. Шу пулини берамиз-да энди. Байрам куни пахтага чиқмаймиз-ку! Ҳозир пулини бераман, деганларга 50/50. Мактабимиздаги ўқитувчиларнинг ярми чиқади, ярми пулини бериб байрам куни уйида қолади-да, - дейди самарқандлик ўқитувчи.
Унинг айтишича, у ишлайдиган мактабда 60 га яқин ўқитувчи ва техник ходим бор ҳамда буларнинг 20 нафари 10 кунга Пастдарғом туманига ётоққа кетган. Улар қайтгач, кейинги 20 кишилик гуруҳ ётоққа кетиши айтилган.
Қуйида ушбу ўқитувчи билан суҳабтни тинглашингиз мумкин: