Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:27

Теримчи ҳақини вақтида тўлаш учун нақд пул етмаяпти


Ўзбекистон ҳукумати барча тўловларни нақдсиз шаклга ўтказиб¸ мамлакат банкларидаги бор нақд пулни пахта тераëтганларга беришни устивор вазифа қилиб белгилаганига қарамай¸ теримчилар ҳақини ҳар беш кунда беришга нақд пул етмаяпти. Озодликка келган шикоятларни ўрганиш асносида¸ Марказий банк теримчиларга бериш учун зарур нақд пулнинг 30 фоизини топиб бера олмаëтгани аëн бўлди.

“Бухоро вилояти Жондор туманидаги Пўлоти қишлоғидаги пахта теримчиларига пахта пули берилмаяпти. Илтимос¸ ëрдам беринглар”¸ деб Озодликка мурожаат қилган теримчига кўра¸ Нуриддин фермер хўжалигида пахта тераëтган 50-60 нафар ишчи биринчи ва охирги марта пахта пулини 19 сентябрь куни олган.

“Бизга бошида пахта пули ҳар беш кунда нақд берилади¸ дейилди. Аммо ҳозиргача бир марта – 19 сентябрда пул олдик. Биринчи терим пайтида 100 килолаб пахта тердик¸ лекин пулдан дарак йўқ. Сўрасак¸ “банк бизга пул бермаяпти”¸ дейишаяпти. Бутун тирикчилигимиз ҳозир пахта пулига қараб қолган. Биз фермерни танимаймиз. Унинг одамлари бизга пул йўқ¸ деб жавоб бераяпти”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда пулини ололмай юрган теримчилардан бири.

Озодлик билан суҳбатда теримчиларга пул бериш учун масъул Агробанкнинг Жондор бўлими расмийси¸ пахта пулини беришнинг айрим ҳолларда 2-3 кунга кечикиши кузатилаëтгани¸ бироқ уч ҳафтадан бери пул бермасликка банкнинг алоқаси йўқлигини таъкидлади:

- Хлопзавод фермернинг ҳисобига пул кўчирмаяпти¸ счëтида пули йўқ. Биз бор пулни ушлаб¸ уни бермай ўтирган бўлсак¸ эътироз билдиришса ўринли. Ҳозир пахта пули биринчи навбатда берилаяпти. Лекин банкдан пулни олиб¸ уни вақтида тарқатмаëтган фермерлар борлигини биламиз. Бунинг бизга алоқаси йўқ¸ деди Агробанк вакили.

Республика банк тизимида ишлайдиган масъуллардан бирининг таъкидича¸ теримчиларга ҳар беш кунда пахта пулини нақд бериш¸ шу кунларда банкларга юклатилган асосий вазифа ва бу топшириқни бажармаган “банкир калласи билан жавоб беради”.

“Ҳозир нақд пул тушумининг ҳаммаси¸ ойлик¸ пенсия ва бошқа тўловлар қолиб¸ теримчига нақд пул беришга кетаяпти ва бу жуда қаттиқ назоратда. Ҳеч кимнинг жони ўнта эмас¸ бу кўрсатмани бузишга. Лекин банкдан нақд пул олиб¸ уни айлантириб олиш ҳолатлари бор ва бундайлар аниқланса¸ оқибати улар учун ëмон бўлади”¸ деди республика банк тизимидаги расмий ўз шахси очиқланмаслик шарти билан.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда вилоят банкларидан бирининг масъули¸ Бош вазирнинг қаттиқ туриб берган бу топшириғига қарамай¸ Марказий банк теримчига бериш учун лозим нақд пулнинг 30 фоизини етказиб беролмаëтганини айтади.

“Нақд пул ҳозир ўзимизга ҳам йўқ¸ ўзимизни ҳам 100 фоиз пластикка ўтказишди. Нақд пулни фақат теримчига бераяпмиз. Лекин етишмовчилик ҳам бор. Марказий банкдан бизга керагидан 30 фоиз кам нақд пул ажратилаяпти. Шунинг учун айрим жойларда теримчи пулини беришда кечикишлар бўлаяпти"¸ деб эътироф этди вилоят банкларидан бири расмийси.

Жорий йил апрель ойида Бош вазир Шавкат Мирзиëвга нақд пул тақчиллиги ҳақида мактуб ëзган Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари¸ агар нақд пулни банк айланмасига қайтариш муаммосига тезда ечим топилмаса¸ “махсус контингент¸ мониторингга олинган стратегик корхоналар иш ҳақи¸ пахта йиғим теримчилари учун Марказий банк томонидан 2015 йилда 3¸0 триллион сўмдан кўпроқ мадад пуллари чиқаришга тўғри келади ва бу ўз навбатида¸ муомаладаги пул миқдорининг ошишига таъсир кўрсатади”¸ деб огоҳлантирган эди.

2015 йил пахта мавсумига келиб янада кучайган нақд пул тақчиллигини ҳал қилиш учун Марказий банк Бош вазирга таклиф қилган чора-тадбирлардан қайсиларининг ижро учун қабул қилинганию¸ Марказий банк 3 триллион янги сўм босиб чиқарган-чиқармаганига оид маълумот ҳозирча Озодлик ихтиëрида йўқ.

XS
SM
MD
LG